Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИККИ МУАССАСА БИЛАН ҲАМКОРЛИККА АСОС СОЛИНДИ

ИККИ МУАССАСА БИЛАН ҲАМКОРЛИККА АСОС СОЛИНДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиянинг Кириккале университети ва профессор Фуат Сезгин номидаги Исломий илмлар тарихи тадқиқотлари вақфи қўшма делегацияси ташриф буюрди.

Меҳмонлар Марказ фаолияти, унинг илмий йўналишлари, музей, қўлёзмалар фонди ва халқаро ҳамкорлик алоқалари билан яқиндан танишди.

Делегация ва марказ раҳбарияти ўртасидаги мулоқот давомида илм-фан ва диний маърифатни янада ривожлантириш, ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ҳамда келажак авлод учун мустаҳкам маънавий-илмий замин яратишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ташриф доирасида томонлар ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Бу ҳужжатлар икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотлар, архив ва қўлёзмаларни ўрганиш, халқаро анжуманлар ўтказиш, илмий нашрлар тайёрлаш, мутахассислар алмашинуви ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни қамраб олади.

Томонлар мазкур ҳамкорлик орқали бой тарихий ва илмий меросни жаҳон жамоатчилигига етказиш, уни кенг тарғиб қилиш ва фан тарихи соҳасида янги ташаббусларни рўёбга чиқариш имкониятлари кенгайишини таъкидлади.

Ташриф давомида меҳмонлар иштирокида “Умумий мерос ва келажак: илм-фанимиз тарихи” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.  Кириккале университети ректори, профессор Эрсан Аслан Ислом дунёсида кашф этилган илм хазиналарини ўзига хос тарзда, мавжуд воқеликдан келиб чиққан ҳолда  таснифлаб берди. Давра суҳбатида асосий эътибор исломнинг олтин даврига қаратилган бўлса-да, муштарак мақсад ёшларимизга ўтмишимиз ҳақида маълумот бериш ва уларни ёрқин келажакка тайёрлашдир.  Бу йўлдаги ҳамкорлик учала муассаса учун ҳам хайрли бўлсин!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Буюк исломий меросга эҳтиром ифодаси

Самарқандда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишлаб “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида …