Малайзиядаги Селангор ислом университетининг илмий нашри бўлган “Ал-Иршод” журналида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ва марказ халқаро стипендия дастури ғолиби Ашраф Ишроқий бин Жамилнинг “Ўзбекистонда илғор исломий таълимни шакллантириш: анъана ва замонавийлик уйғунлашуви ва Маҳмудхўжа Беҳбудий таъсири” номли мақоласи эълон қилинди.
Мақолада Ўзбекистонда диний таълимнинг шўро давридан бугунги кунгача бўлган ривожланиш жараёни, мураккаб тарихи, давлат сиёсати ва жамият эҳтиёжлари ўртасидаги мувозанат ва ислом таълим тизимида Маҳмудхўжа Беҳбудий каби жадидлик ҳаракати намояндаларининг илмий ва маърифий таъсири таҳлил этилган. Шунингдек, ҳозирги кунда мамлакатимизда диний таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, исломий таълимда ахлоқий-руҳий тарбиянинг ўрни, ахборот-коммуникация технологияларини таълимга жорий этиш жараёнлари, таълим беришда анъана ва модернизация уйғунлиги, молиявий ва институционал муаммолар ва тадқиқотларнинг истиқболли йўналишлари хусусида ҳам атрофлича маълумотлар берилган.
Қайд этилишича, “Ал-Иршод” ислом тарихи, ақида, руҳий-маънавий ҳаёт ва замонавий ислом муаммоларини ёритувчи кўп тармоқли (мультидисциплинар) илмий нашр бўлиб, ундаги мақола халқаро доирада Ўзбекистондаги диний-маърифий сиёсат ва таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга қизиқишни оширади ва илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.