Home / ЯНГИЛИКЛАР / Покистонлик муҳаддиснинг орзуси

Покистонлик муҳаддиснинг орзуси

Муҳтарам юртбошимизнинг ғояси ва ташаббуси асосида бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мамлакатимизда халқимизнинг маънавий–маърифий юксалишида юксак аҳамият касб этади. Марказга кейинги кунларда маҳаллий саёҳатчилар билан бирга хорижий меҳмонлар ташрифи ҳам тобора кўпаймоқда.

Ўзбекистон республикаси ва Покистон Ислом республикаси ўртасида тузилган Йўл харитасига биноан Ўзбекистон ва Покистон уламолари ўртасида илмий–амалий алоқаларни йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шу асосида жорий йилнинг 15 апрел куни Марказга Покистоннинг Пешовар ва Карачи университетларининг профессор олимлари ташриф буюрди.

Халқаро меҳмонларни Марказ директори ўринбосари доктор (PhD) Ш. Умаров ва халқаро алоқалар бўлими илмий ходими А. Мамадалиев кутиб олди. Дастлаб Ш. Умаров халқаро меҳмонларни бинонинг шарқона ва замонавий меъморчилик услубида бунёд этилганлиги ҳамда  кириш қисми пештоқи ва асосий фойе гумбазида битилган Қуръон оятлари билан таништириб, марказнинг ташкил этилиши тарихи, унинг фаолияти ва вазифалари ҳамда илмий ходимларнинг буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиши учун яратилган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Ташриф давомида меҳмон Шайх Абу Ҳанифа Нурил Амин Шоҳ Сулаймоний бошчилигидаги уламолар билан Марказ илмий ходимлари ўртасида суҳбат ташкил этилди. Нурил Амин Шоҳ Сулаймоний Имом Бухорий, Имом Термизий ва олтита саҳиҳ ҳадис тўпламларидан ижоза олган олим ҳисобланади. У суҳбат давомида ҳадис илмига асос солиниши ва уни босқичма-босқич ривожланишида Мовароуннаҳр муҳаддисларининг хизмати беқиёс эканлигини таъкидлади. Муҳаддис Нурил Амин Шоҳ Сулаймоний “Ҳадис санадини Имом Бухорийгача бўлган ровийлари санадини Имом Бухорийнинг мақбараси  ёнида бир бор такрорлаб олишим мен учун катта бахт, бир умрлик орзуим эди ва мен бугун Имом Бухорий мангу қўним топган ушбу муқаддас гўшада орзуимга эришдим” деб фахр билан тўлқинланиб сўзлаб берди. Хорижий муҳаддис олимлар Марказ жамоаси билан илмий жараёнда кечган суҳбатлардан мамнун эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг халқаро алоқалар бўлими илмий ходими А. Мамадалиев меҳмонларга музей фондидан жой олган Имом Бухорийнинг турли даврларга тегишли ҳадис илмига доир нодир асарлари, ноёб экспонатлар ҳамда буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот берувчи қўлёзма ва тошбосма манбалар тўғрисида маълумотлар берди. Меҳмонлар музейдаги буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг илмий сафарлари тасвирланган харита ва  деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилдилар. Меҳмонлар ва Марказ жамоаси келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва илмий–амалий алоқаларни изчил давом эттириш тўғрисида келишиб олишди. 

Диний-маърифий тадбирлар
бўлими илмий ходими
Ж. Жумаев

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …