Очиқ тан олиш керак, бугун биз илм-фанда номусулмон мамлакатлар анча илгарилаб кетган замонда яшамоқдамиз. Ҳар лаҳза фойдаланиб келаётганимиз қўл телефонидан беминнат хизмат қилаётган автомобилгача – барча-барчаси ана шу мусулмон бўлмаган инсонлар илмий ютуқларининг самараси, десак, хато қилмаган бўламиз.
Аслида юқори технологиялар назариясининг асоси – муайян қонуниятлар асосида сонларни кетма-кет тартиблаш, таснифлаш, дастурлаш, митти ва улкан жараёнлар кетма-кетлигининг боғлиқлиги ва узвийлигини таъминлаш ва ҳоказо амаллар мажмуини, яъни бугун “алгоритм” аталаётган ҳодисани Ал-Хоразмий бобомиз кашф этган эмасмиди! Астрономия, физика, математика, геометрия, география, оптика, тиббиёт, ирригация, фалсафа, меъморлик, қўйингки, турмушнинг барча соҳаларида асқотадиган ҳар қандай фан ва санъатнинг локомотивлари ислом уйғониш даврининг забардастлар алломалари эмасмиди! Ҳа, шундай. Лекин биз сустмиз. Исломни аввалгидек азизлик ва ғолиблик ҳолига, мусулмонларни бир пайтлар дунё тамаддунининг етук асосчилари бўлган ота-боболарининг мавқеига қайтариш учун саъй-ҳаракат қилиш ўрнига, ўта ички, арзимас, маиший телесериаллардаги каби заррача аҳамиятсиз, аммо наздимизда “ҳаёт-мамот масаласи” бўлган майда ишлар билан чалғиб қоляпмиз.
Тарихдан маълумки, исломда жипслик, илм йўлида фидойилик кучайганда, тараққиёт шунчаки шаън одимламаган, балки парвоз қилган. Фитна, бир-бирининг тагига сув қуйиш, ҳасад, бўлиниш каби иллатлар урчиган кезларда эса, мусулмон олами парокандаликдан бошқани кўрмаган.
Бугун ҳам мўмин-мусулмонлар орасида ҳали у-ҳали бу масалани кўтариб чиқиб, фитна қўзғаётган, бошқаларнинг йўлини залолат деб, фақат ўз маслаги тўғри эканини даъво қилаётган кимсаларнинг бузғунчи хатти-ҳаракатлари кўпайиб бораётгани қалби уйғоқ ҳар қандай мусулмонни чуқур қайғу ва ташвишга солмай қўймайди.
Ана шундай бузуқ даъволардан бири – бу мужтаҳид имомлар асос солган, биз, мусулмонлар ўн-ўн бир асрдан буён эргашиб келаётган фиқҳий мазҳабларни тарк қилиб, фақат Қуръон ва ҳадисга эргашишга чақиришдир. Тарихга назар соладиган бўлсак, бундан бир неча ўн йиллар аввал мусулмон жамиятларда бундай чақириқлар учрамагани, ҳамма амалдаги ўша тўрт фиқҳий мазҳабдан бирига асосан ибодат қилиб яшаганини кўриш мумкин. Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳар хил фирқа ва тоифалар, ҳатто пайғамбарлик даъвоси билан чиққан кимсалар пайдо бўла бошлагани рост. Барчаси худди кўпик сингари бир пайдо бўлиб, яна ғойиб бўлаверган. Бундай тўдалар орасида ақидавий масалаларда аҳли сунна вал жамоага қаршилари ҳам бўлган ва ҳозир ҳам топилади.
Исломнинг бизга ўз моҳиятини йўқотмаган ҳолда етиб келиши учун улкан хизматлари билан беназир ҳисса қўшган буюк уламоларнинг барчаси мана шу тўрт фиқҳий мазҳабнинг бирини ўзига лозим тутган. Улар диний илмларни қанчалик чуқур ўрганган, ипидан игнасига қадар нечоғли пухта ўзлаштирган бўлмасин, ўз исми ёнига шофеий, ҳанафий, моликий ё ҳанбалий нисбасини қўшиб зикр қилишни шараф деб билган. Ибн Ҳажар Ҳайтамий (шофеий), Ибн Ҳажар Асқалоний (ҳанафий), Ибн Ражаб (ҳанбалий) каби забардаст олимлар бунга ёрқин мисолдир. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Аммо, афсуслар бўлсинки, ахборот технологиялари жуда ҳам тараққий топган ҳозирги даврда қайдандир шайхлик унвонини орттириб олган айрим жоҳил кимсалар бузуқ ва ботил даъволари билан мўмин-мусулмонлар орасига тафриқа солиш (уларни аввал бир-биридан ажратиш, кейин ёвлаштириш) орқали динимиз душманларининг тегирмонларига сув қуймоқда. Бизга диннинг пок-покиза ҳолида етиб келишида кўприк вазифасини ўтаб берган не-не алломаларимизни адашганга, залолатга кетганга чиқармоқда. Буюк имомлар ва уларнинг мазҳаблари йўлини тутиб, диний аҳкомларни адо этиб келаётган мусулмонларни ўз ота-боболарига кўр-кўрона эргашиб, куфрга кетган кофирларга ўхшатмоқда. Ҳатто намозда имом ўтаётиб “Абу Ҳанифанинг мазҳаби асосида ўқиб берайми ёки Пайғамбар алайҳиссаломникиними?” деб сўрашга журъат қиладиган безбетликкача боришди.
Мазҳаблар кеча ё бугун пайдо бўлгани йўқ. Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари ҳаёт бўлган саодат асрида ҳам улар орасида фиқҳий аҳкомлар масаласида хилма-хилликлар бўлган. Ақидавий масалаларда барчаси бирдек нуқтаи назарда бўлган ана шу буюк саҳобалар ўз илмига асосланиб айрим масалалар юзасидан ҳукмлар чиқариб тургани, улардан тўғриларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз ёки сукут сақлаш орқали тасдиқлаганлари бунинг ёрқин далилидир. Зотан, суннатга уламолар томонидан берилган таърифнинг ўзи ҳам шундан далолат беради. Суннат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалга оширган ишлари, сўз ё сукут сақлаш билан қилган тасдиқларидир.
Фиқҳий мазҳаблар – бу мужтаҳид имомларнинг Қуръон, ҳадис, ижмо ва қиёсга асосланган илмий хулосаларидир. Улар осмондан олиб ё нимадандир илҳомланиб гапирган эмас. Босган ҳар бир қадами, оғзидан чиққан ҳар бир гапига юқоридаги тўрт манбадан нақлий далил-ҳужжатлари бўлган. Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг “Агар мен ўзимдан олиб гапирганимда эди, маҳсининг усти эмас, остига масҳ тортиш, пешобдан кейин ғусл қилиш, жунубликдан кейин таҳорат олиш лозим, деган бўлар эдим”, деган сўзларини бир ёдга келтиринг-а! Ақлан олиб қараганда ҳам худди шундай бўлиши керак эди. Аммо Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу Қуръон ва ҳадисдаги нақлий ҳужжатларни четга суриб қўйиб, ўз раъйига мувофиқ ҳукм қилмаган.
Тобеинлар табақасидан бўлган шундай буюк имомларнинг гапларини писанд қилмай, ўз қарашларини илгари сураётган ҳозирги “шайхлар”га мутаассиблик қилаётган ёшларни кўрганда, уларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашгингиз, қалб кўзларини очиб, ғафлатдан уйғотгингиз келади. Салафларга эргашишимиз керак, деб, Ибн Таймия, Ибн Қоййим раҳимаҳумаллоҳ каби уламоларга таассуб қилиб келаётган мусулмон ёшларнинг чин маънодаги салафлар бўлмиш буюк мужтаҳид имомларга эргашган кишиларни адашганга чиқараётганини кўриб ҳайратда қоласиз.
Араблар ҳақ инсонга “ал-ҳаққу маъак” (ҳақиқат сен биландир), ноҳаққа “ал-ҳаққу алайк” (ҳақиқат сендан устун-юқоридир, яъни сен адашяпсан) дейди. Бу тоифа “шайхлар” ҳақиқат улар билан эмас, балки улар узра эканини ё билмайди, яъни етарли илмга эга эмас, ё била туриб, атай фитна қўзғаш учун бузғунчилик қилади. Ҳақиқий илм эгаси ҳақни ҳам, ботилни ҳам ўрганади. Чунки ботилнинг қаерда ва нима учун ботил эканини билиш керак. Шунда унга муносиб раддия бериш мумкин. Шунча нуфузли уламо, қанча-қанча ишончли манбалар турганда, уларга юқоридан, менсимаслик билан қараб, чалакам-чатти ўқиб олган ё ўргатилган тўртта нарсасини пеш қиладиган, нияти фақат бузғунчилик ва фитнакорликдан иборат бўлган киши сира ҳам илм одами бўла олмайди.
Қуръон ва ҳадисга амал қилишимиз керак, Абу Ҳанифа ё Шофеий кабиларнинг гапларига эмас, деб жар солаётган кимсаларнинг даъволари ҳақиқат ортида ётган ноҳақлик эканини исботлаб бериш учун уларга Қуръон ва ҳадисдан далил келтирганингизда, “Тўхтаб туринг-чи, бу оят ё ҳадис ҳақида Ибн Таймия ёхуд Ибн Қоййим ёки Албоний нима деган экан?” дейишини кўриб, ёқа ушлайсиз. Улар бу иш жарроҳлик столида ётган бемор тепасига кўчадан биринчи учраган кимсани таклиф қилиб, ўз ишининг устаси бўлган жарроҳларни четга суриб қўйиш эканини билмайдими?! Хоҳлаган одам Қуръон ё ҳадисдан ҳукм чиқариб олаверадиган бўлса, Аллоҳ таолонинг “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят) деган гапи қаерда қолади?! Инсонларнинг икки дунёдаги саодати диний илмларга қараб турибди, ахир. Бу ҳаёти дунёда ҳар соҳанинг ўз мутахассиси бўлгани ҳолда, дин хоҳлаган одам кириб чиқадиган карвонсарой бўлиб қолиши соғлом ақлга тўғри келармикан?!
Мусулмонларни аҳиллик ва иттифоқликка, илм-фанда тараққиётга чақириш ўрнига интернет тармоқлари, ҳар хил ижтимоий саҳифалар орқали улар орасига парчаланиш, нифоқ ва низо уруғини сочаётган диндош биродарларимиз ён-атрофга, ўтмиш ва ҳозирга теран идрок билан назар солса, яхши бўлар эди. Асрлар оша етиб келган фиқҳий мазҳабларга амал қилиб яшаётган мусулмонларнинг фикрини чалкаштириб ташламаса, тўғри иш бўларди. Зеро, таъкидланганидек, уларнинг фиқҳий аҳкомлари шундай асослар устига барпо этилганки, ҳар бир масала ечимининг негизида, албатта, Қуръон, ҳадис, ижмо ё қиёсдан олинган ўз далил-ҳужжати бор. Ижтиҳод майдони киши ўзига ёқадиган, ҳавойи нафсига мувофиқ келадиган қилиб ҳукмлар чиқариб оладиган жой эмас. Дорихоналардаги барча дориларнинг қўлланмасида “шифокор билан маслаҳатлашиш” ҳақида кўрсатма мавжуд бўлган бир пайтда кишининг охиратдаги ўрнини белгилаб берадиган диний аҳкомлар масаласида ҳар ким ўз билганича амал қилиб кетавериши ўта нодонлик эмасми?!
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз, мусулмонлар амал қилиб келаётган фиқҳий мазҳаблар буюк мужтаҳид имомларнинг Қуръон, ҳадис, ижмо ва қиёсга асосланган илмий хулосаларидир. Улар бунинг сабоғини ўзлари бевосита суҳбатида бўлган буюк саҳобалар ва тобеинлардан олган. Улар эса, бизга Аллоҳнинг динини етказиб, шариат аҳкомларини кўрсатиб берган ва кўрсатиб беришга масъул бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган. Бундан келиб чиқадики, фиқҳий мазҳабларга амал қилиш ва мужтаҳид имомларга эргашиш Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиш демакдир!