Жорий йилнинг 13 декабрь куни Уммон султонлигининг Ўзбекистондаги элчиси Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди. Меҳмонга Марказ раҳбари Ш.Зиёдов ҳамда Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов ҳамроҳ бўлди.
Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий дастлаб Марказ музейи ва кутубхонаси фаолияти, жамоа эришган илмий муваффақиятлар билан яқиндан танишди. Ходимларнинг юқори илмий салоҳияти, нашр этилаётган адабиётларнинг юксак маърифий қийматини алоҳида эътироф этди.
Шундан сўнг Марказ раҳбари Ш.Зиёдов ҳамда Мактаб ректори Б. Амонов элчи хоним билан Уммон ва Ўзбекистон ўртасидаги илмий алоқалар, ҳамкорлик лойиҳалари ва уларнинг истиқболи масаласида мулоқот қилди.
Вафо Жабр хоним Марказнинг Имом Бухорий меросини асраш ва авлодларга етказиш йўлида қилаётган хизматларини юқори баҳолади. Келгусида қўлёзмалар билан ишлаш бўйича Уммон тадқиқотчилари ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ўртасида кўприк вазифасини ўташга ҳаракат қилишини таъкидлади.