Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Амалиёт натижалари тақдим этилди

Амалиёт натижалари тақдим этилди

Имом Бухорий халқаро стипендия дастури совриндори Ашраф Ишроқий бин Жамил Марказда ҳамда юртимиз илмий муассасаларида олиб борган илмий изланишларининг якунлари бўйича тақдимот ўтказди.

“Ўзбекистонда ислом таълими: босиб ўтилган йўл ва тарихий ўзгаришлар” мавзусида ташкил этилган тақдимот мамлакатимиздаги диний таълимнинг тарихий илдизлари ҳамда сиёсий, ижтимоий ва маданий жараёнларга мос ҳолдаги ривожланиш босқичларига бағишланди.

Малайзиялик тадқиқотчи 20 га яқин илмий иш таҳлили натижасида олган маълумотлари асосида Ўзбекистонда исломий таълимнинг тарихий тараққиёти, муаммолари ва унга диний ва секуляр (диний қарашларга нейтрал муносабат) омиллар таъсирини баён қилиб, асосан диний таълимнинг шўро давридаги ва ундан кейинги ҳолатига эътибор қаратди.

Таъкидланганидек, истибдод даврида бу йўналишдаги чеклов ва таъқиқлар туфайли исломий таълим ўзининг анъанавий шаклларини йўқотиб, соҳа узоқ муддатли муаммолар гирдобида қолган. Манбаларда айтилишича, у даврда диний илмларни ўқитишнинг эски услуби ҳужралар орқали яширинча тарзда сақланиб қолган.

Стипендиат шу ўринда бу таълимнинг анъанавий ва замонавий шаклларини мувофиқлаштириш борасида жадидлик ҳаракатининг Махмудхўжа Беҳбудий каби намояндалари исломий таълимни илмий асосда қайта тиклаш йўлида қилган саъй-ҳаракатларни эътироф этди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин мамлакатда диний таълим тикланди. Давлат томонидан соҳага алоҳида эътибор берилиб, диний таълимнинг қонун доирасида амалга оширилиши таъминланди.

Маърузачи молиявий чекловларни соҳанинг бу даврлар учун умумий бўлган муаммо деб атади. Исломий таълим муассасаларидаги моддий қийинчиликлар кўп замонларда таълим сифатига салбий таъсир кўрсатганига урғу берди.

Тадбирда бугунги кунда Янги Ўзбекистонда диний таълимни ривожлантириш ва уни жамиятнинг маънавий-ахлоқий тараққиётига ҳисса қўшишга йўналтириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида таъкидланди. Ҳукумат томонидан жабҳага эътибор кучайиб, соҳани замонавий талаблар ва миллий қадриятлар билан уйғунлаштириш мақсадида ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида диний таълим муассасалари инфратузилмаси яхшиланаётгани, янги мадрасалар, Ислом академияси ва илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилгани тилга олинди. Бу эса ёшларнинг диний маърифатли, кенг дунёқарашга эга, бағрикенг ва маънавий етук авлод сифатида шаклланишига хизмат қилиши қайд этилди.

Марказ стипендиати Янги Ўзбекистонда давлатнинг диний таълимга қаратаётган эътибори мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлаш, маънавий ва маданий қадриятларни сақлаб қолиш, ёшларнинг тўғри диний тушунчаларга эга бўлишига катта туртки бераётганини эътироф этди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой бўлди.

Шу билан, Ашраф Ишроқий бин Жамилнинг Марказдаги илмий амалиёти ниҳоясига етди. Унга амалиётни муваффақиятли тамомлагани тўғрисида сертификат топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси Британия жамоатчилигига тадқим этилди

Хабар қилинганидек, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари …