Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби раҳбар ва ходимларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Малайзияда илмий-амалий сафарда бўлиб турибди.
Сафар дастури доирасида делегация аъзолари 22 октябрь куни Малайзиянинг Ислом маданияти институтида “Имом Бухорий илмий меросини ўрганишда замонавий ёндашувлар” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этди.
Анжуман очилишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов давлатлар раҳбарларининг икки томонлама саъй-ҳаракатлари ва ислоҳотлари самараси ўлароқ қарор топган ўзаро амалий ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди.
Нотиқ, шунингдек, жорий йил май ойида Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг Марказга ташрифидан илмий жамоа бениҳоя мамнун бўлганини билдириб, 2020 йилдан буён Малайзиянинг Исломни англаш институти, Ислом цивилизацияси институти, Ислом илмлари университети каби қатор илмий муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари катта самара бераётганини таъкидлади.
Ш.Зиёдов конференцияда “Имом Бухорий меросида “Биррул волидайн” (Ота-онага яхшилик қилиш) асарининг ўрни” мавзусида маъруза ҳам қилди.
Ислом динида ота-онага яхшилик қилиш буюк ибодатлардан бири ҳисобланади. Имом Бухорий ўзининг “Биррул волидайн” асарида ота-онага ҳар томонлама яхши муносабатда бўлиш муҳимлигини кенг ёритган. Ушбу рисолада ҳадислар орқали ота-онани ҳурмат қилиш, уларга яхшилик қилиш ҳар бир мусулмон учун муқаддас вазифа экани бот-бот таъкидланади.
Маърузачи муаллиф асари Марказ томонидан илк бор ўзбек тилига таржима қилингани, бунда китобни ўзида асраб, шогирдларига ўқитган кейинги уламолардан бири имом, ҳофиз Муҳаммад Абдулҳай Каттоний томонидан сақланган нусха асос қилиб олинганини маълумот ўрнида келтирди.
Конференция иштирокчилари “Биррул волидайн” каби ислом уммати учун юксак қадр-қиймат ва улкан тарбиявий аҳамиятга молик асарлар тадқиқи алломалар илмий меросини чуқур ўрганиб, чин моҳиятини теран идрок этиш ва жамоатчиликка асл ҳолатида тарғиб қилишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Делегация сафари давом этмоқда.