Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Тил – миллат кўзгуси”

“Тил – миллат кўзгуси”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан шу номда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев мазкур муҳим сананинг ва умуман, ўзбек тилининг бой маданий меросимизда, халқимизнинг ўзлигини ифода этиш ва миллий қадриятларимизни сақлашда улуғвор ўрин тутишини таъкидлади. Тилимиз – миллатимизнинг кўзгуси, миллий ифтихоримизнинг ажралмас бир қисми, ўзининг бой тарихий ривожланиши ва адабий мероси билан, аждодларимиздан қолган бебаҳо хазинамиз экани тилга олинди.

Сўзга чиққанлар бу муҳим сана байрам сифатида нафақат тилимизнинг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлагани, балки унинг миллатимиз тарихи, маданияти ва маънавиятидаги аҳамиятини ҳам бир қадар оширишга хизмат қилаётганини қайд этди.

Тадбир иштирокчилари она тилимизнинг бой маданий ва адабий мероси эканини, унинг жамиятдаги ўрни ва халқимизнинг ўзлигини сақлашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Зеро, дунёда халқлар кўп, лекин ҳаммаси ўз тилига эга эмас. Ўз тилига эга халқлар кўп, лекин ҳаммаси ҳам унга давлат тили мақомини бера олмаган.

Ўзбек тили – миллатимиз руҳи, унинг моҳияти ва бирлигининг ифодаси. Тилимиз ёш авлодга тарихий меросимизни етказиш, халқимизнинг қадриятларини сақлаш, келажакка интилишда улардан ишончли асос сифатида фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидланганидек, ўзбек тили нафақат миллий меросимиз, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлаётган тиллардан биридир. Ҳозирги кунда уни халқаро миқёсдаги турли илмий ва маданий анжуманларда фаол қўллаш имкониятлари кенгаймоқда.

Қатнашчилар Марказда олиб борилаётган илмий-қиёсий таржималар, тадқиқотлар жараёнида ўзбек тилининг нафосати, оҳанги ва бадиий салоҳиятидан кенгроқ ва оқилона фойдаланиш заруратини қайд этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Стипендиатнинг илмий сафарлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида халқаро стипендия дастури асосида амалиёт ўтаётган Ашраф Ишроқий бин Жамил …