Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ислом дини моҳиятан ҳақиқат, адолат, тинчлик ва эзгуликка ундайди

Ислом дини моҳиятан ҳақиқат, адолат, тинчлик ва эзгуликка ундайди

Тинчлик, осойишталик, хавфсиз ва барқарор муҳит, илм-маърифатнинг энг олий неъмат, бебаҳо бойлик экани яна бир карра намоён бўлмоқа.

Жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтадиган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли нуфузли халқаро конференция ислом динининг тинчликпарвар, маърифатга йўғрилган ғоялари хусусида мамлакатимиз ва хорижий олимлар, экспертлар, уламоларнинг ўзаро фикр юритиши учун қулай мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Мазкур халқаро конференция олдидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, таниқли олим Шовосил ЗИЁДОВ фикрлари билан қизиқдик.

– Шовосил ака, ислом динининг эзгулик ва тинчликни улуғловчи моҳияти хусусида сўзлаб берсангиз.

– Ислом дини ўз моҳиятига кўра, ҳақиқат, тавҳид, эзгулик, адолат, хайрихоҳлик ва бағрикенгликка чақиради, –деди Ш.Зиёдов. – Чин маънода унинг дунёда ёйилиши инсониятга адолат, хавфсизлик ва осойишталикни инъом қилиб, уни жаҳолат, адолатсизлик, тартибсизлик ва урушлар зулматидан сақлайди. Ислом инсониятни бахтли қилишга хизмат қилади. Бу олий мақсадни амалга ошириш учун Ислом тарғибот, тушунтириш, далилни асослаш йўлларига таянади. Динда ҳеч қандай мажбурлаш ва бўйсундириш йўқ. Ислом дини инсониятни тинчликка, омонликка, бағрикенгликка, дўстлик ва ҳамжиҳатликка, бунёдкорликка, илм-маърифатга даъват этади.

Эзгулик – бу дил равшанлиги ва юрак покизалигини намоён этувчи инсоний фазилат. У зулматда ҳам инсон қалбини ёритиб турувчи нурдир. Шунинг учун ҳам юртимиздан етишиб чиққан алломалар ўз асарларида эзгуликка чорловчи мисраларни баён этганлар ва бунга умри давомида амал қилиб яшаганлар. Бундай улуғ шахслар сиймоси барҳаётдир.

Ислом сўзининг маъноларидан бири тинчликдир. Муқаддас динимизда тинчлик инсон қалбидан бошланиши таъкидланади. Қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади.

Муқаддас динимиз нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният ва ҳатто барча мавжудотга раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Одамларни эзгуликка чақиришда фақат тинчлик ва фаровонлик муҳити бўлгандагина муваффақиятга эришилади.

Бинобарин, тинчлик шариат мақсадлари ва манфаатларининг энг юқори поғонасида туради. Инсониятнинг тинчликка эҳтиёжи сув ва ҳавога бўлган муҳтожлиги кабидир. Шунинг учун Қуръони каримда тинчликнинг ҳаётий зарурлиги ҳақида бир неча оятлар келган. Тинчлик Аллоҳ таолонинг бандаларига неъмати ва марҳаматидир.

–Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган маърифий ташаббуслар, “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” номли нуфузли халқаро конференция ҳақида фикрингизни билмоқчи эдик.

–Мамлакатимизда тинчликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва уни янада мустаҳкамлаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Ислом дини ва унинг тинчликни тарғиб қилиши ҳақида Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўплаб халқаро минбарларда ўз фикрини билдирган. Ушбу фикрдан келиб чиқиб, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2017 йил 21 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди.

Мазкур ҳужжатда терроризм, зўравонлик, экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмаслиги ва у билан боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилди.

Кейинги йилларда ҳам давлатимиз раҳбари томонидан бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Бунда асосан юртимиздан етишиб чиққан алломалар илмий мероси ва унинг ислом дини ривожига қўшган ҳиссасига урғу берилди.

Хусусан, Президентимиз 2023 йил сентябрь ойида БМТнинг 78-сессиясида: “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз”, деб ўз фикрини билдирган эди.

Бу билан давлатимиз раҳбари юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар илмий мероси биз учун нақадар мўътабар эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, ушбу сессияда Президентимиз томонидан юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йилда мамлакатимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ташаббус жаҳон жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди.

Мазкур ташаббус доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августда “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда 2024 йил октябрь ойида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида юртимизда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши белгилаб қўйилди. Ҳозир ушбу нуфузли халқаро конференцияни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тайёргарлик кўрилмоқда.

Бу борада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, шу кунга қадар, Марказ медиа гуруҳи томонидан конференцияга ташриф буюрган хорижий меҳмонларнинг муносабатлари, фикрларини мунтазам ёритиб бориш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ платформаларида конференция муносабати билан махсус рукн ташкил этилди.

Маълумки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бир йилда тўрт маротаба “Имом Бухорий сабоқлари” илмий журналининг нашр этилиши йўлга қўйилган. Ушбу журнал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси илмий журналлари рўйхатига киритилган бўлиб, тадқиқотчилар орасида нуфузли ҳисобланади.

Шу сабабдан, мазкур журналнинг 2024 йил 4-сонида “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” номли рукн ташкил этилди ва унда конференцияга келиб тушган сара мақолаларнинг эълон қилиниши кўзда тутилди.

Конференция Ахборот хати асосида Марказ ходимлари томонидан тайёрланган мақолаларни йиғиш, саралаш ва таҳрир қилиш бўйича масъул ходим тайинланди. Амалга оширилган бундай ишлар конференцияни юқори савияда ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, шу кунга қадар Марказда ислом динининг асл моҳиятини очиб беришга хизмат қилувчи китоблар таржимаси амалга оширилди ва бу ишлар давом эттирилмоқда. Юртимиз ҳудудидан етишиб чиққан алломаларимиз қаламига мансуб бундай асарларда эзгулик, тинчлик ва осойишталикни тарғиб қилувчи кўплаб фикрлар ўз аксини топган.

Бундай асарларнинг нашр қилиниши муқаддас динимизнинг эзгуликка интилиш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш борасидаги кўрсатмалари ҳақида янада кўпроқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

Хулоса қилганда, ислом дини одамларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга даъват қилади.

Бу эса, жаҳонда тинчлик-осойишталикни таъминлаш ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш каби эзгу ғоялар асоси ҳисобланади. Зеро, ислом динининг фақат яхшиликка буюриши негизида ана шундай инсонпарвар ғоялар мужассамдир.

ЎзА мухбири
Назокат Усмонова
ёзиб олди

Check Also

Стипендиатнинг илмий сафарлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида халқаро стипендия дастури асосида амалиёт ўтаётган Ашраф Ишроқий бин Жамил …