Home / МАҚОЛАЛАР / САЛАВОТ АЙТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

САЛАВОТ АЙТИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

Пайғамбарларга имон келтириш имоннинг асосларидан биридир. Ақида китобларида ҳар бир мусулмон Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – Аллоҳ таолонинг бандаси, барча анбиё ва расулларнинг саййиди ва охиргиси, деган эътиқодда бўлиши лозимлиги баён қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатларидан бири у зотга салавот айтишдир. Бу билан банда ўз Холиқига ва Унинг Элчисига яна ҳам яқин бўлади.

Қуръони каримнинг Аҳзоб сурасида бундай марҳамат қилинган:

﴿إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّۚ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا﴾

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй имон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом йўлланг”.

Ҳатто Яратганнинг Ўзи ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтар экан. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таоло салавот билан у зотга ўз раҳматини юборади, улуғлайди, мақомини кўрсатади ва фаришталар ҳузурида шаънига мақтовлар айтади. Ояти кариманинг давомида ўзини мўмин-мусулмон санаган ҳар бир инсонга Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом йўллаш амр қилинмоқда. Шунга асосан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом йўллаш мусулмонлар учун фарз ҳисобланади. Бу хусусда уламолар: “Умр давомида жилла қурса бир марта, яхшиси ҳар бир мажлисда ё у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганда бир марта салавот айтиш керак”, деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фазилати борасида кўплаб ҳадислар келган.

أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ صَلَّى عَلَيَّ صَلاَةً وَاحِدَةً صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ عَشْرَ صَلَوَاتٍ وَحُطَّتْ عَنْهُ عَشْرُ خَطِيئَاتٍ وَرُفِعَتْ لَهُ عَشْرُ دَرَجَاتٍ».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади, ўнта хатосини кечиради ва даражасини ўнтага кўтаради”, дедилар”.

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир мартагина салавот айтсак, Аллоҳ таоло бизга ўн марта салавот айтар, ўнта хатоимизни кечирар ва даражамизни ўн баробар оширар экан, иншоаллоҳ.

Жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фазилати нақадар юксак экани кўплаб ҳадисларда қайд этилган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهَا اَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ صَلَّى عَلَيَّ يَوْمَ الجُمْعَةِ كَانَتْ شَفَاعَةٌ لَهُ عِنْدِي يَوْمَ القِيَامَةِ«.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга жума куни салавот айтса, унга қиёмат куни шафоатим насиб қилади”, дедилар”.

عَنْ اَبِى ذَرٍّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » مَنْ صَلَّى عَلَيَّ يَوْمَ الجُمْعَةِ مِائَتِي صَلاَةً غُفِرَ لَهُ ذَنْب مِائَتِي عَامٍ«.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга жума куни юз марта салавот айтса, унинг юз йиллик гуноҳи кечирилади”, дедилар”.

عَنْ أَوْسِ بْنِ أَوْسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ مِنْ أَفْضَلِ أَيَّامِكُمْ يَوْمَ الْجُمُعَةِ فِيهِ خُلِقَ آدَمُ عَلَيْهِ السَّلاَم، وَفِيهِ قُبِضَ، وَفِيهِ النَّفْخَةُ، وَفِيهِ الصَّعْقَةُ فَأَكْثِرُوا عَلَيَّ مِنْ الصَّلاَةِ، فَإِنَّ صَلاَتَكُمْ مَعْرُوضَةٌ عَلَيَّ»، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ وَكَيْفَ تُعْرَضُ صَلاَتُنَا عَلَيْكَ وَقَدْ أَرَمْتَ؟ أَيْ يَقُولُونَ قَدْ بَلِيتَ، قَالَ: «إِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَجَلَّ قَدْ حَرَّمَ عَلَى الأَرْضِ أَنْ تَأْكُلَ أَجْسَادَ الأَنْبِيَاءِ عَلَيْهِمْ السَّلاَم«.

Авс ибн Авсдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кунларингизнинг афзали жумадир. У кунда Одам алайҳиссалом яралган, шу кунда жони олинди, у кунда қиёматнинг қоим бўлишига сур чалинади ва шу кунда қайта тирилиш учун сур чалинади. Менга салавот айтишни кўпайтиринглар. Албатта, салавотларингиз менга кўрсатиб турилади”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, салавотларимиз сизга қандай кўрсатилади, жисму танангиз йўқ бўлиб кетган бўлади-ку!” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Ерга пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг жасадларини “емоқ”ни ҳаром қилди”, дедилар” .

Мусулмонлар мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда, доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтишни лозим тутган. Чунки бу уммат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашгани туфайли жаҳолатдан маърифатга, зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга чиқишга мушарраф бўлган.

Ҳар йили рабиъул аввал ойи келиши билан ислом оламида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар айтишга алоҳида эътибор берилиб, кенг миқёсда мавлуд (таваллуд) маросимлари ўтказилади. Бу тадбирларда салавот Пайғамбар алайҳиссалом улуғланади, мусулмонларнинг у зотга муҳаббати зиёда бўлади. Зотан, имон Аллоҳ ва Расулига муҳаббатсиз мукаммал бўлмайди. Яратганнинг Элчисига ҳақиқий муҳаббат эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар нарсадан устун қўйишдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ«.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зот (Аллоҳ)га қасамки, мени ота-онангиздан ҳам, фарзандингиздан ҳам кўпроқ яхши кўрмас экансиз, бирортангиз чин мўмин бўла олмайсиз”, дедилар”.

Яна бу маросимда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, хулқлари ва суннатлари зикр этилади. Ўтганлар ҳаққига Қуръон оятлари тиловат қилинади. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эришиш умидида дуолар қилинади. Набий алайҳиссаломга салавот айтилган лаҳзада қилинган дуолар шак-шубҳасиз ижобат бўлади.

Нафақат бундай маросимларда, балки имкон бўлган ҳар вақтда Аллоҳ таолодан бу дунёда у зотнинг хулқлари билан хулқлантиришини, суннатларига эргаштиришини, охиратда шафоатларига муяссар қилишини сўрашнинг ажру мукофоти, албатта, гўзал оқибати бўлади, иншоаллоҳ.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Сўзнинг тузи нимада?

Тил инсонга ато этилган сув ва ҳаводек бебаҳо неъмат. Мисол учун, қаршингиздаги одамга «мен ҳозир …