Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Индонезия илмий муассасалари Марказ билан ҳамкорликка тайёр

Индонезия илмий муассасалари Марказ билан ҳамкорликка тайёр

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Индонезия Республикасининг бешинчи Президенти, Миллий тадқиқот ва инновация агентлиги Бошқарувчилар кенгаши Раиси Мегавати Сукарнопутри хоним раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмонларга Марказ музейи фаолияти ва Имом Бухорий асарларини тадқиқ ва таржима қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Мулоқот чоғида делегация раҳбари Марказ фаолияти, амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва таржима ишларига юқори баҳо бериб, бу муборак масканда ўзбек халқи учун буюк аллома ва мутафаккир аждодлари асарлари билан яқиндан танишиш, уларни чуқурроқ ўрганиш ва англаш имконияти туғилаётганидан мамнуният изҳор этди ва Имом Бухорийнинг барча асарларини индонез тилига ҳам таржима қилиш борасида ҳамкорлик ўрнатиш таклифини билдирди.

Сукарнопутри хоним ўз мамлакатининг Миллий тадқиқот ва инновация агентлиги раҳбари сифатида қатор илмий йўналишларда қалин ҳамкорликни қарор топтириш ва ривожлантириш бўйича музокараларга тайёр эканини маълум қилди.

Ташриф якунида Мегавати Сукарнопутри хоним Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Россия мусулмонларига янги нашрлар тақдимот қилинди

Аввал хабар берилганидек, Қозон шаҳридаги Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. …