Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ – яна бир халқаро тадбир мезбони

Марказ – яна бир халқаро тадбир мезбони

Тошкентда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва Ал-Азҳар университети (Миср) ташаббуси билан бошланган “Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларига оид ислом таълимоти меъёрларини ўрганишнинг назарий-тадбиқий жиҳатлари” мавзусидаги халқаро ўқув семинари иштирокчилари 13 сентябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Марказ директорининг ўринбосари О.Муҳаммадиев кутиб олиб, илмий тадқиқотлар натижалари, эришилаётган муваффақиятлар ҳақида маълумот берди, музей фаолияти билан таништирди.

Халқаро тадбир дастурига биноан шу ернинг ўзида аёллар ҳуқуқларини ислом нуқтаи назаридан таъминлашга оид билим ва кўникмаларни шакллантириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди. Унда UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутасаддилари, Ал-Азҳар олимлари, маҳаллий имом-хатиблар, отин ойилар, маҳалла кенгашлари ва аёллар қўмиталари вакилларига меҳнат жамоаларида, таълим соҳасида, кўча-кўй ва жамоат жойларида, маҳалла ва оилаларда гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, гендер фарқланишга асосланган зўравонликларнинг олдини олиш бўйича чораларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берди.

Маърузачилар гендер тенгликнинг аҳамияти ва оиладаги зўравонликларнинг зарарли таъсирлари борасида диний соҳа ходимларининг хабардорлик даражасини оширишга, исломда аёллар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратиб, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларидан оқилона фойдаланиш, оилани режалаштиришнинг тиббий ва диний жиҳатларини кенг тарғиб қилиш, эрта турмуш қуриш ҳолатларига қарши курашишда коммуникацион стратегия ва кўникмаларни янада ривожлантиришга оид фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Россия мусулмонларига янги нашрлар тақдимот қилинди

Аввал хабар берилганидек, Қозон шаҳридаги Булғор ислом академиясида “Россия мусулмонларининг VI халқаро форуми” бўлиб ўтмоқда. …