Home / МАҚОЛАЛАР / ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАР МАДАНИЯТИНИНГ РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ

ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАР МАДАНИЯТИНИНГ РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ

Оилавий муносабатлар – бу ижтимоий тараққиётнинг узлуксиз жараёни ҳисобланади. Бу жараён жамиятнинг ривожланиш босқичларидаги маънавий-ахлоқий, диний-маданий ривожланиш даражаси билан боғлиқ ҳолда кечган. Кўпгина тадқиқотчилар фикрига кўра, оила – маданий мерос, ахлоқий норма ва анъаналарни ташувчи умуминсоний қадриятнинг нодир ижтимоий бирлигидир. Ҳозирги шароитда оиланинг нафақат шахс маънавий маданияти ривожланишида, балки жамият ривожида ҳам аҳамияти ортиб бормоқда.

Оилавий муносабатлар маданиятини ривожланишига олиб келган икки тамойилни кўрсатиш лозим: биринчиси, одамлар яшаш учун бирлашиб, моддий неъмат ишлаб чиқариш эҳтиёжи; иккинчиси, насл қолдириш йўли билан ҳаётни давом эттиришга интилиш. Бу иккала тамойил инсон маънавиятини такомиллаштиришни тақозо этган ва ижтимоий ҳаёт тажрибаси орқали ҳаётга татбиқ этилган. Бу жараёнларда ҳал қилувчи асосий омил ижтимоий бирлик бўлиб, шу асосда моддий неъмат яратиш такомиллаштирилган.

Оила муносабатлари ижтимоий бирлик тизимида нисбатан мустақил ҳодиса ҳисобланган. Шу билан бирга, жамият тарихий тараққиётида ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва ахлоқий омиллар тобора муҳим аҳамият касб этиб борган. Оила ва жамият ҳар доим бир-бири билан боғлиқ ҳолда ривожланган. Шу боис, оила қуришнинг биологик сабаблари бир хил, аммо ижтимоий моҳияти, шакллари тез такомиллашиб, ўзгариб турган. Никоҳ барча даврларда ҳам ҳақиқий оиланинг такомиллашуви ва ривожланишига маънавий, ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилган. Никоҳ янги қурилаётган оилани давлат, жамият томонидан расмий равишда тан олинишидир. Шу сабабли ҳам никоҳни қайд этиш давлат органларининг вазифаларидан бири бўлган, унинг меъёр ва мақсадлари қонунлар билан белгиланган. Барча диний таълимотларда никоҳнинг шакли ва мақсадлари масаласига бефарқ қаралмаган. Никоҳнинг бекор қилиниши эса, давлат томонидан қайд этилган, унинг ахлоқий, ҳуқуқий меъёрлари белгилаб қўйилган.

Ислом манбаларида оила қуриш, унинг мазмун-моҳияти, оила муносабатлари маданиятига оид кўрсатма ва талаблар ўз ифодасини топган. Никоҳ – арабча сўз бўлиб, қўшилиш деган маънони англатади [3:19]. Бу фақат жисмоний жуфтлашиш эмас, балки маънавий муштараклашишдир. У ижтимоий ҳодиса бўлгани учун гувоҳлар иштирокида амалга оширилади. Бурҳониддин Марғиноний ёзишича: “Билгинки, никоҳ бобида гувоҳлик шартдир”, чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): “Гувоҳларсиз никоҳ никоҳ эмас”, деганлар [1:647-648].

Ислом дини тарғиб қилган оила маданияти жоҳилия даврида ҳукм сурган оилавий муносабатлардан тубдан фарқ қилади. Жоҳилия даврида аёлларнинг оиладаги ҳуқуқлари поймол қилинган ҳолда эркак хоҳлаганича хотин олиш (15-20 та, ундан ҳам кўп) ҳуқуқига эга бўлган. Ислом манбаларида эса бу масала муайян даражада тартибга солинди. Исломга асосланиб қуриладиган оилалар янгича мазмун ва шакл касб эта бошлади. Қарийб 1,5 минг йил давомида исломга эътиқод қилувчи халқлар исломий никоҳ асосида оила қуради ва шу давр ичида оила муносабатлари маданияти шаклланиб, мазмуни бойиб борди.

Оила хусусидаги қарашлар Қуръони карим, ҳадислар, шариат аҳкомларида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Қуръони каримнинг “Нисо”, “Талоқ” ва бошқа суралари оила қуришга бағишланган. Жумладан, Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида оила қуриш қатъий никоҳ асосида бўлишини таъкидлаб, шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир [2:80]. Яна никоҳнинг машруъ бўлиши ҳақида “Нур” сурасининг 32-ояти [2:354] “Нисо” сурасининг 3 [2:77], 24 [2:82], 127 [2:98] – оятларида ҳам эслатилган. Уларда шаръий никоҳнинг ақидавий талаб ва қоидалари, бошқа оятларда эса никоҳ ман этилган аёллар, [2:81] опа-сингилларнинг бир никоҳда жамланмаслиги [2:81] ва бошқа жиҳатлар ўз ифодасини топган.

Исломда оилавий муносабатларда эр-хотин бурчлари ҳақидаги кўрсатмалар “Ҳидоя”нинг “Никоҳ ва талоқ китоби”да ўз ифодасини топган. Жумладан, “Ҳидоя”да оила ва никоҳ масаласида адолатнинг асосий мезонлари сифатида инсоф ва диёнат, ҳаромдан ҳазар қилиш, поклик каби эзгу тушунчалар инобатга олинган. “Ҳидоя”да оила ва никоҳ масаласида муҳим аҳамиятга эга ҳукмлардан бири аёлнинг никоҳ тўғрисида билиши, унда қандай ҳақ-ҳуқуқлари мавжудлиги ҳақида маълумотга эга бўлиши эди. “Никоҳнинг асл моҳияти ҳақида илм бўлиши, эркак ва аёлнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан мумкин қадар бир-бирига тенг бўлиши муҳим шартлардан, деб қаралади. Жумладан, никоҳда тенглик хусусида шундай дейилади: “Огоҳ бўлингларки, аёлларни фақат ўзларига тенг бўлган кишиларгагина берсинлар” [1:675].

Никоҳ оила таянчи, насл-насаби ва поклигини сақловчи, оилада соғлом муҳитни пайдо қилувчи, инсон одоб-ахлоқини ушлаб турувчи муқаддас тушунчадир. Шунинг учун Қуръони каримда унга катта аҳамият берилган. Никоҳ ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун оила қуришда қўлланадиган зарурий шаръий амал ҳисобланади. Ҳатто оила қуришга моддий имконияти бўлмаган кишиларни ҳам оилали қилиб қўйишга даъват этилади.

Масалан, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нур сураси 32-оятида шундай марҳамат қилади: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл) ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” [2:77].

Жамият таянчи бўлган оила муносабатлари маданиятининг шаклланиши ва ривожланиш босқичларини тадқиқ этишда диний (исломий) омилни ҳам ҳисобга олиш зарур. Ҳозирги кунда ёш авлодни тарбиялашда нафақат ота-она, балки жамоатчилик фикри, маҳалла-кўй таъсири ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Оилада янги инсон шаклланади, маънавий, жисмоний камолга етади. Шунинг учун ҳам истиқлол даврининг энг муҳим вазифаларидан бири – мустаҳкам оилани яратишдир.

Ислом дини кенг тарқалган Ўзбекистонда тарихан ўзбек оиласининг ривожланиш босқичлари исломий таълимотлар таъсирида ўтган. Миллий ва исломий қадриятлар асосида оилада бир томондан, ота-оналар билан болалар ўртасида меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат шаклланган, иккинчи томондан, ота-оналар ҳам ўз фарзандларини етук инсон қилиб тарбиялашга эътибор қаратган. Яхши тарбия кўрган бола ота-онага ҳам катта ҳурмат олиб келади.

Қуръони карим ва ҳадисларда оила, никоҳ ва фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас китобида: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради” [2:354] деб марҳамат қилади. Ўзбек оиласида қадимдан таълим-тарбия анъанасига риоя қилинган. Исломда оиладаги тарбияда фарзандлар соғлом бўлиб ўсиши ҳисобга олинади, одамларнинг моли, жони ва обрўйига путур етказадиган нарсалар ҳаром деб ҳукм қилинади. Ёшларни ҳалол меҳнатга ўргатиш, уларнинг ҳалол билан ҳаромни ажратиши ва жамиятда ўз ўрнини топа олиши учун Қуръони карим ва ҳадисларда келган кўрсатмаларга амал қилинади.

Ота-онанинг ўз болаларига ғамхўрлик қилиши, ўзбек халқи анъаналарида катта ўрин олган. Бундай оилаларда ўсган болалар маънавиятида меҳнатсеварлик, ота-она ва ака-укаларига нисбатан меҳрибонлик фазилати шаклланади. Оила муносабатлари маданиятининг ислом таълимоти асосида шакллантириш Қуръони каримнинг қатор оятлари, ҳадислар ва шариат аҳкомларида ўз ифодасини топган. Ушбу кўрсатмаларга риоя қилган мусулмонлар ислом маънавиятига эга бўлган. Булар ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан мунтазам алоқада бўлиш ва уларнинг хурсандчилик ёки мусибат маросимларида иштирок этиш, дўстлар ва қўшнилар билан яхши муносабат ўрнатиш, саломлашиш ва алик олиш, бегона хонадонга киришдан аввал изн сўраш, келган одамга ёнидан жой бериш, ширин муомала қилиш, ҳаром ва ёмонликдан сақланиш, бир-бирига яхшиликни ўргатиш, имонли, эътиқодли бўлиш, мусибатга сабр қилиш, ростгўй ва ҳалол кишиларни ҳурмат қилиш, хато қилган кишиларни кечириш каби фазилатлардир. Ўзбек халқи менталитетига хос бундай хусусиятлар нафақат исломий қадриятлар, балки миллийликни ҳам қамраб олган ҳолда маънавиятни бойитишга хизмат қилган.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Бурҳониддин Марғиноний. Ҳидоя. –Т.: Адолат, 2001. Т.1.
  2. Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири. Абдулазиз Мансур. –Т.: Тошкент ислом университети, 2007.
  3. Отахўжаев Ф. Никоҳ ва унинг ҳуқуқий тартибга солиниши. – Т.: Адолат, 1995.

 

Маҳмудали ДЕҲҚОНОВ,
ТошДТУ кафедра доценти

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …