Home / МАҚОЛАЛАР / АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ТАКВИН СИФАТИ ҲОДИСМИ?

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ТАКВИН СИФАТИ ҲОДИСМИ?

Аллоҳ таоло бутун оламни яратган, комиллик сифатлари билан сифатланган, айбу нуқсонлардан пок ва ҳеч нарса Унга ўхшамайдиган Зотдир. У хотини, фарзанди, ота-онаси ва шериги бўлмаган якка-ю ягонадир. У ибтидосиз аввал ва интиҳосиз охирдир. У бор эди. У билан бирга ҳеч нарса йўқ эди. Ҳозир ҳам шундай. Бирор нарса у билан бирга эмас. Оламни яратгани Унда бирор ўзгариш пайдо қилгани йўқ. У замон ва маконни яратган, уларни бошқариб турадиган, вақт ва жой Уни ўраб олмаган, бошланиши ва охири бўлмаган чексиздир. У бирор жиҳатдан махлуқотларга ўхшамайди. У тирикдир. Унинг тириклиги руҳ билан эмас, балки Ўзига хос азалий сифат биландир. У ҳеч қачон ўлмайди. У қодирдир. У кейинчалик пайдо бўлган қудрат билан эмас, балки Ўзидаги азалий қудрат сифати билан қодирдир. Унинг қудрати Ўзидан бошқа ҳамма нарсага таъсир этади. У бутун оламни Ўз қудрати билан бошқариб туради. Ҳамма Унинг қудратидан истифода этади. Ҳамма Унинг қодир қилиши билан қодир бўлади. Барча қувват Аллоҳдандир. У олимдир. Унинг олимлиги ўрганиш ва ўзлаштириш йўлидан эмас, балки Ўзидаги азалий илм сифати (билиш хусусияти) биландир. Унга ҳамма нарса маълум. У билмаган нарса йўқ. У келажакда бўладиган нарсаларни олдиндан билади. У ошкор нарсаларни ҳам, махфийларини ҳам бирдек билади. У қалбларда яширилган нарсаларни ҳам билади. У гапирувчидир. У ҳарф ва товушлар билан эмас, балки Ўзига хос гапириш сифати билан гапиради. У тил ва лаблар каби аъзолар билан гапирмайди. Чунки У жисм (зарралардан таркиб топган нарса) эмасдир. Аъзолар эса, жисмда бўлади. У Ўз қудрати билан сўзларини махлуқотларга тушунарли қилиб етказади. Улар Аллоҳнинг азалий сўзини эмас, балки азалий сўзига далолат этадиган, ҳавода яратилган ҳарф ва товушларни эшитадилар. У эшитувчидир. У аъзолар билан эмас, балки Ўзига хос азалий сифат билан эшитади. У барча сўзларни ва товушларни бирдек эшитади. Махлуқотнинг сўзлари ва товушлари унга аралашиб кетмайди. У бир вақтнинг ўзида гапирилган барча гапларни бир-биридан ажратиб эшитади. У энг паст товушларни ҳам эшита олади. У кўрувчидир. У аъзолар билан эмас, балки Ўзига хос азалий сифат билан кўради. У ҳамма нарсани кўради. Унинг осмонни кўриши билан чумолини кўриши ўртасида фарқ йўқ. У қоронғи кечада қора тошни устида ўрмалаб кетаётган қора чумолини ҳам кўра олади. У ирода қилувчидир. У Ўзидаги азалий сифат билан ирода қилувчидир. У хоҳлаган нарса албатта, бўлади. У хоҳламаган нарса ҳеч қачон бўлмайди. Оламда бўлаётган ҳамма ишда Унинг хоҳиши бор. Аммо У гуноҳ-маъсиятларга рози бўлмайди. Хоҳиш ва розилик ўртасида нозик фарқ бор. Баъзан инсон ўзи рози бўлмаган ва яхши кўрмаган ишни қилишни хоҳлаши бунга очиқ далил. Мазкур етти сифат ақийда олимлари орасида зотий сифатлар (Аллоҳнинг зотига оид сифатлар) деб юритилади. У яратувчидир. Яратиш йўқдан бор қилишдир. У Ўзига хос тарзда айтган “Бўл!” деган сўз билан бутун оламни йўқдан бор қилди. Мана шу “таквин сифати (яратиш хусусияти)” деб юритилади. Аҳли сунна вал жамоага мансуб мотуридий ва ашъарийлар ўртасида феълий сифат (Аллоҳнинг ишига оид сифат) бўлмиш таквин борасида икки хил қараш мавжуд. Мотуридийлар: “Аллоҳ таолонинг  барча сифатлари азалийдир”, дейди. Ашъарийлар: “Аллоҳ таолонинг зотий сифатлари азалий. Аммо феълий сифатлари ҳодисдир”, дейди.

Мулло Али Қорий “Шарҳул фиқҳил акбар” асарида бу масалани қуйидагича баён этади: “Феълий сифатлар шундай сифатларки, уларнинг юзага чиқиши яратилувчи нарсаларнинг мавжуд бўлишига боғлиқдир. Зотий ва феълий сифатлар орасидаги фарқни юзага чиқариш борасида ҳар хил таърифлар айтилган:

– Мўътазила тоифасининг фикрича, “Аллоҳ фалон киши учун фарзанд яратди, фалон киши учун яратмади”, “Зайдни молу давлат билан ризқлантирди, Амрни ризқлантирмади” дейилганидек, уни инкор ва исбот маъносида талқин қилиш мумкин бўлганлари феълий сифатлар, аммо “Фалон нарсани билмади”, “Фалон нарсага қодир бўлмади” дейилмаганидек, илм (билиш) ва қудрат (қодир бўлиш) каби уларни инкор маъносида талқин қилиш мумкин бўлмаганлари зотий сифатлар ҳисобланади. Демак, уларнинг фикрича, ирода (хоҳлаш) ва калом (гапириш) феълий сифатлар туркумига киради. Чунки бу сифатларни инкор ва исбот маъносида талқин қилиш мумкин. Улар ўз сўзига қуйидаги оятларни мисол қилиб келтиради: “Аллоҳ сизларга енгилликни ирода қилади. Қийинчиликни ирода қилмайди” (Бақара:185). “Аллоҳ Мусога ҳақиқатан гапирди” (Бақара: 174).“Аллоҳ қиёмат кунида уларга (кофирларга) гапирмайди” (Нисо: 164). Мўътазила тоифаси ушбу икки сифатни феълий сифатлар қаторига қўшиб, уларни ҳодис (кейинчалик пайдо бўлган) дейди.

– Ашъарийлар фикрича, Ундан тириклик сифати инкор этилса, Унда ўлим борлиги, қудрат сифати инкор этилса, ожизлик борлиги, илм сифати инкор этилса, жоҳиллик борлиги келиб чиқиши каби уни инкор этилганда тескариси собит бўладиган сифатлар зотий сифатлар, аммо тирилтириш, ўлдириш, яратиш, ризқлантириш каби инкор этилганда тескариси собит бўлмайдигани (масалан, “Аллоҳ фалон кишини тирилтирмайди”, дейилса, “Уни ўлдиради” деган гап келиб чиқмайди) феълий сифатлар ҳисобланади. Ушбу таърифга кўра, агар ирода сифати инкор этилса, Унда мажбурлик ва ихтиёрсизлик борлиги келиб чиқади. Агар калом сифати инкор этилса, Унда гунглик ва сукут қилиш борлиги келиб чиқади. Демак, ашъарийларнинг ушбу таърифидан улар зотий сифатлар экани маълум бўлади.

Бизнинг наздимизда, қудрат, илм, иззат (азизлик), азамат (буюклик) каби У зотни уларнинг тескариси билан сифатлаш жоиз бўлмагани зотий сифатлар, аммо меҳрибонлик қилиш, раҳм қилиш ва ғазаб қилиш, ёмон кўриш каби уларнинг тескариси билан сифатлаш жоиз бўлганлари феълий сифатлар ҳисобланади.

Мўътазила ва Ашъарийлар феълий сифатларни ҳодис дейишига қуйидагилар сабаб бўлган: Агар таквин (бор қилиш) азалий бўлса, бу сифат мукавван (бор қилинувчи)нинг мавжуд бўлишига азалда алоқадор бўлар эди. Агар таквин мукавваннинг мавжуд бўлишига азалда алоқадор бўлса, мукавван азалда мавжуд бўлиши лозим бўларди. Чунки мукавван бўлмай туриб, таквин ҳақида гапириш худди урилувчи нарса бўлмай туриб, уриш ҳақида гапиришга ўхшайди. Албатта, мукавван азалий бўлиши муҳол. Демак, таквин ҳодис (янги пайдо бўлувчи) бўлиши лозим.

Бунга қуйидагича жавоб бериш мумкин: Агар таквин бошқа бир таквин билан ҳодис (янги пайдо бўлувчи) бўлса, ҳар бир таквиндан олдин яна бир таквин бўлиши лозим. Бу тасалсул[1]га олиб боради.Тасалсул эса, ботилдир. Демак, мукавван қадим таквин (Аллоҳ таолонинг азалий яратиш хусусияти) билан мавжуд бўлади. Бу биз айтаётган сўздир. Агар мукавван ҳеч кимнинг таквинисиз ўз-ўзидан пайдо бўлади дейилса, бу гапни айтган киши яратувчини йўққа чиқарган ҳисобланади.

Хулоса шуки, биз: “Таквин сифати (бор қилиш хусусияти) азалий, аммо унга алоқадор бўлган мукавван (бор қилинувчи) ҳодисдир”, деймиз. Бу “Илм сифати азалий, аммо баъзи маълумотлар (билинувчи нарсалар) ҳодис (янги пайдо бўлган)” деганга ўхшайди. Чунки азалдаги таквин (бор қилиш) олам азалда мавжуд бўлиши учун эмас, балки вақти келганда мавжуд бўлиши учундир. Демак, Унинг таквини азалий ва абадий боқий қолувчидир. Келажакда бўладиган нарсаларнинг мавжуд бўлиши Унинг ўша азалий таквинига боғлиқдир. Аммо уриш бунга ўхшамайди. Чунки у боқий қолмайдиган сифатдир. Шундай экан, уриш урилувчининг мавжуд бўлишигача боқий қолиши тасаввурга сиғмайди. Яна уларга: “Оламнинг мавжуд бўлиши Унинг зотига ёки сифатларидан бирига боғлиқми ёки йўқми?” деймиз. Агар улар: “Йўқ (Унинг зотига ҳам, сифатига ҳам боғлиқ эмас)”, деса, Уни (яратувчини) йўққа чиқарган бўлади. Агар улар: “Ҳа (Унинг зотига ёки сифатларидан бирига боғлиқ)”, деса, биз уларга: “Оламнинг мавжудлиги унга боғлиқ бўлган нарса азалийми ёки ҳодисми?” деймиз. Агар улар: “Ҳодис”, деса, “у ҳам оламдан ҳисобланади ва оламнинг пайдо бўлиши Аллоҳ таолога эмас, балки ўзининг бир қисмига боғлиқ” деган бўлади. Бу ҳам Уни (яратувчини) йўққа чиқариш ҳисобланади. Агар улар: “У азалийдир”, деса, биз уларга: “Бу оламнинг азалий бўлишини тақозо этадими ёки йўқми?” деймиз. Агар улар: “Ҳа (оламнинг азалийлигини тақозо этади)”, деса, кофир бўлади. Агар улар: “Йўқ (оламнинг азалийлигини тақозо этмайди)”, деса, уларнинг шубҳаси ботил бўлади (яъни, бизга эргашган бўлади). Чунки Ашъарийлар наздида олам “Бўл” деган хитоб билан мавжуд бўлган. Демак, ушбу сўз таквиндир. Унинг азалий экани эса, юқоридаги далиллар билан исботланди” [5:62].

Имом Мотуридий “Китабут тавҳид” асарида ушбу масалада узоқ баҳс юритгандан сўнг хулоса қилиб бундай дейди: “Таквиннинг ҳақиқатини билишга башариятнинг онги етмаса-да, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани келажакда бўлишини билганига кўра “Бўл!” деган сўздан ҳам енгилроқ (ҳарф ва товушлардан иборат бўлмаган Ўзига хос азалий) битта сўз билан таквинни адо этиши ва ҳар бир нарса мавжуд бўлиш вақти келганда ўша таквин билан мавжуд бўлиши мумкин ишлар жумласидандир. Бунда ҳар бир нарсанинг мавжуд бўлиш вақти етганда таквинга тегишли сўз бошқатдан такрорланмайди. Барча амру наҳий ва ваъдаю ваъидлар ўша сўзнинг ичига дохил бўлади. Бас, у келажакда мавжуд бўлувчи нарсаларнинг вақти ва макони ҳар хил бўлишига кўра, бўлиб ўтган ва энди бўладиган нарсалар ҳақида хабар бериш ҳисобланади. Лекин инсон машғул қилмайдиган ва машаққат туғдирмайдиган (Аллоҳни уринтириб қўймайдиган) таквиннинг ҳақиқатини идрок этишдан ожиздир. Барча қувват Аллоҳдандир” [3:113].

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Ашъарий ва унинг издошлари Аллоҳ таолонинг: “Агар У бирор нарсани ирода қилса, Унинг иши шундан иборатки, унга “Бўл!” дейди, бас, у бўлади”, (Ясин: 82) деган сўзини зоҳирига кўра тушуниб, таквинни қудрат сифатининг махлуқотга таъсирини ифодалайдиган изофий сифат (нисбий сифат) деб ҳисоблаган. Шунинг учун улар қудрат сифатини азалий, таквин сифатини эса, ҳодис деб ҳукм қилган. Ҳанафийлар эса, таквин сифатини қудрат сифатидан алоҳида ҳақиқий сифат деб эътибор қилган ва унинг азалий эканини таъкидлаган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг барча сифатлари азалий ва ҳамиша Унинг Зоти билан бирга бўлувчи ҳақиқий сифатлардир. Чунки сифат зот билан қоим бўлувчи маъно (хусусият)дир. Аллоҳ таолонинг сифатлари доимо Унинг зоти билан бирга бўлиб, Ундан ҳеч қачон ажралмайди. Унинг зотида ҳодис (янги пайдо бўлувчи) нарса бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳодис нарсалардан ажрала олмайдиганнинг ўзи ҳам ҳодис бўлади. Демак, Унинг барча сифатлари шу жумладан таквин сифати ҳам азалийдир. Мотуридийлар Аллоҳ таолонинг: “Ҳеч нарса Унга ўхшаш эмас”, (Шуро: 11) деган сўзини асос қилиб, юқоридаги оятда зикр қилинган “Бўл” деган сўзни бандаларники каби ҳарф ва товушлардан иборат ҳодислик аломатлари бўлган оддий сўз эмас, балки Аллоҳнинг Ўзига хос сўз деб тафсир қилган. Албатта, ҳарф ва товушлардан таркиб топган сўзда ҳодислик аломатлари бўлади. Чунки унда ҳарф ва товушлар кетма-кет келади ҳамда уларнинг бошланиши ва тугаши бўлади. Аллоҳнинг сўзи махлуқот сўзининг жинсидан бўлмагач, уни ҳодис дейиш учун далил йўқ. Демак, Аллоҳнинг сўзини азалий деб ҳукм қилиш лозим. Албатта, Аллоҳ гапирганда ўша азалий сўз билан гапиради. Аммо унинг ҳақиқатини билишдан инсон ақли ожиздир. Аллоҳ бор эди. У билан бирга ҳеч нарса йўқ эди. Ҳозир ҳам ўшандай. Яъни Аллоҳ Ўз сифатлари билан бирга азалийдир. Аллоҳдан бошқалар эса, ҳодисдир. Ҳодис нарсалардан бирортаси азалий бўла олмайди.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: ТИУ, 2004.
  2. Абу Лайс Самарқандий. Тафсири Самарқандий. Ж.1. – Байрут: Дорул кутубил илмия, 1993.
  3. Абу Мансур Мотуридий. Китобут тавҳид. – Истанбул: Мактабатул иршод, 2005.
  4. Мулла Али Қорий. Завъул маолий. – Истанбул: Yilanli ayazma yolu, 2015.
  5. Мулла Али Қорий. Шарҳул фиқҳил акбар. –Т.: Мовароуннаҳр, 2017.
  6. Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳи ақоиди Насафий. – Покистон: Мактабатул Мадина, 2001.
  7. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2018.
[1] Тасалсул ҳар бир нарсанинг мавжудлиги ундан олдинги ўзига ўхшаган нарсанинг мавжудлигига боғлиқ бўлиши.
Обид ХУРСАНДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …