Home / МАҚОЛАЛАР / Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИни УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар: 

 КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 «Аллоҳ Одам (алайҳис салом)га барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди» (Бақара сураси 2/31 оят);

 «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси 39/9 оят).

  

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
 ¯  «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига — Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман!
Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига — Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!
Гўзал хулқли кишига — Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
 ¯  «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
 ¯  «ОТА-ОНАга дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
 ¯  «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
 ¯  «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:
–     Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
–     Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
–     ОТА-ОНАСИ тирик бўла туриб, УЛАРНИ хурсанд қилмаган». 

 

УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки…:

     Агар инсон билим йўлида кетаётган экан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари томон бораётган экан, ушбу асосий қоидаларга риоя қилиши лозим.

    Баъзида одоб, ҳурмат қоидаларига бўйсинмай, устозидан билим олаётганлар ҳам бор.

    Тўғри, инсон ота-онасини, устозини олдида китоб ўқиши, бирор-бир ҳунар ўрганиши ёки фан билимларини олиши мумкин. Лекин ОТА-ОНАСИГА, УСТОЗИГА эҳтиром-ҳурмат бўлмаса, бу каби билимлар оддий маълумотга айланади. Бундай билимда барака бўлмайди!!!

    Азозилни эслайлик. Ҳозир унинг исми Шайтон. Билимга эга, ҳаттоки бошқа фаришталарга ҳам сабоқ берган. Ҳўш, шундай билимлар тўғри йўлдан адашишидан Азозилни қутқариб қола олдими? Йўқ! Чунки Аллоҳни ҳурмат қилмади, эътироз билдирди. Беодоблик қилди! Яратганнинг буйруғига бўйсинмади. Бетгачопарлик қилиб, мағрурлигини намоён этгани учун лаънатланган ва ҳайдалган.

    Ҳозирги кунда одамларни ножўя йўлларга етаклаётган, жамоатда қарама-қарши қарашлар пайдо қилаётган, ўзлари ҳам адашган «ақлли»лар қандай пайдо бўлганини англаб олишимиз мумкин. Булар ота-онасига, устозига ва бошқа олимларга нисбатан одобни қўлламаган, ҳурматни билмаган, ўз билимларини тўғри йўлга сола олмаганлардир.

    Одобнинг асли – ўзини нуқсонли, бошқани – комил кўрмоқликдир.

Одоби кам бўлган – ўзини комил, бошқаларни – нуқсонли кўради.

    Банда шу тўрт нарса билан юксалади:
– илм;
– одоб;
– омонат;
– иффат.
Одоби йўқнинг – илми, сабри йўқнинг – динга боғлиқлиги, тақвоси йўқнинг – Аллоҳга яқинлиги йўқдир.

7 хил инсонлар ўртасида ҳеч қачон тенглик бўлмайди.

Бу тенгсизликни АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган!

Ақлсиз одамгина буларни тенглаштиради:
1) эркак – аёл;
2) эр – хотин;
3) ота-она – фарзанд;
4) катта – кичик;
5) илмли – илмсиз;
6) устоз – шогирд;
7) раҳбар – ходим.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган тенгсизликни бузишга ҳаракат қилганни охир-оқибат АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ ҳолини вой қилади.

    Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Устоз Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўрайман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

    Дедилар: «Дунёда асли ким азиз?»

Айтдилар: «Устоздир! Устоз, бегумон!»

Тағин айтдиларки: «Азиз, шубҳасиз, Устозлар қадрига етолган инсон!»

    Жоҳиллар даврасида ҳам, олимлар даврасида ҳам уларни тинглашни ўрганинг! Жоҳилни тинглаганда – сабрингиз, олимни тинглаганда – илмингиз ортади.

    Илм эгаллаш асносидаги энг кераксиз нарса – димоғдорлик, энг зарур нарса – вақтдир.

    Инсониятнинг ЭНГ Биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса (Қуръони карим Бақара сураси 2/31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида ЭНГ Буюк Устози – Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса ЭНГ Биринчи Устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади…

    Шараф сизга, олқиш сизга, азиз устозлар!

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур! (Алишер Навоий).

    Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръони каримдаги энг биринчи хабар: «Ўқинг!» даъвати билан бошланиши бежиз эмас!

 

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:
  «Ота-она рози – Худо рози!»;
  «Уста борида қўлингни тий,
Устоз борида – тилингни»;
  «Уста бўлсанг, устозингни унутма!»;
  «Сабр таги – сариқ олтин»;
  «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга,
Ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга»;
  «Гул тикансиз бўлмас,
Дур – садафсиз»;
  «Устозингга тик қарасанг – тўзасан,
Ҳурмат қилсанг – аста-аста ўзасан».
  
Қуръони карим ояти карималари ва муборак ҳадиси шарифларга асосан уламоларимиз белгилаб берган “УСТОЗГА нисбатан муомалаю маданият”даги илм ўрганувчининг 77 та одоби:
 1)    ҳар бир ишида ОТА-ОНАНИНГ дуоларини олишлик;
2)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР юзларига тик қарамаслик;
3)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ ранжитмаслик;
4)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сўзларини икки қилмаслик;
5)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА гап қайтармаслик;
6)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР айтганларини ерда қолдирмаслик;
7)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА ҳурмат ва итоатда бўлиш шарт;
8)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА барча ишларда бўйсуниши лозим;
9)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан тавозеъли бўлмоқ даркор;
10)    ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ УЛАР йўқ пайтларда ҳам ҳурматлаши лозим;
11)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА биринчи бўлиб салом беришлик;
12)    ОТА-ОНА, УСТОЗ ўрниларидан турдими, сиз ҳам туринг!;
13)    ОТА-ОНА, УСТОЗ олдингизда экан, ҳеч ҳам баланд оҳангда гапирманг!;
14)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан гаплашганда ўрнидан туриб гаплашишлик, ҳатто телефон орқали бўлганда ҳам;
15)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР олдиларида мавзуга оид бўлмаган ортиқча гап-сўзлар гапирмаслик;
16)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА савол беришдан олдин рухсат сўрашлик;
17)    иложи бўлса таълим бераётган инсонга исм-шарифи билан эмас, балки «МУАЛЛИМ!» ёки «УСТОЗ!» деб мурожаат қилиш;
18)    УСТОЗ сўрамаган нарсалардан тилни тийишлик;
19)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗНИНГ гапларига ёки жавобларига эътироз билдирмаслик;
20)    ОТА-ОНА, УСТОЗ хатосини айтиб, билимдон эканлигини кўрсатмаслик;
21)    ОТА-ОНА, УСТОЗ олдиларида ён шериги билан суҳбатлашиш жуда хунук ишдир;
22)    ОТА-ОНАНИ, УСТОЗИНИ ҳурмат қилган инсон ҳар тарафга қараб ўтиришдан ўзини тияди ва диққатини ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА қаратади;
23)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;
24)    ОТА-ОНА, УСТОЗ бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;
25)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «УСТОЗ?!», «УСТОЗЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда…», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..», «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;
26)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА, УСТОЗ телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;
27)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефонда гудок ташланмайди;
28)    агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;
29)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали гаплашганда УЛАРНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;
30)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;
31)    телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА, УСТОЗ телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;
32)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН телефон орқали келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;
33)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам УЛАРНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; ўзимиз юбормоқчи бўлган шахсий табрикномалар – мустасно;
34)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз;
35)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;
36)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;
37)    ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;
38)    телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;
39)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;
40)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;
41)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН узр сўралади;
42)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;
43)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН рухсат сўраш; агар УЛАР рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;
44)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;
45)    бошқа одам ОТА-ОНАМИЗНИ, УСТОЗЛАРНИ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз берилмайди;
46)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;
47)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;
48)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга ҳаққимиз йўқ!;
49)    агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР телефонларида нимадир кўраётган ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;
50)    гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қўнғироқ қилинмайди;
51)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;
52)    ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;
53)    ОТА-ОНА, УСТОЗ билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;
54)    ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;
55)    ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқишга кетишдан олдин ҳамда ўқишдан келгандан кейин, бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳам ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб, “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?” деб, айтган хизматларини адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим;
56)    ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш – ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;
57)    УСТОЗЛАРГА юраётган ҳолатда савол бериш ҳурматсизлик ҳисобланади;
58)    илм қалбга ўрнашади. Қалб тоза ва пок бўлса, унга илм мустаҳкам ўрнашади ва баракали бўлади;
59)    шу сабаб аввало – қалбини поклаш. У ҳар хил қалб касалликларидан соф ва пок бўлиши лозим. Қалбни кибр, риё, манманлик, менсимаслик, ғийбат, ёлғончилик, бировни кўраолмаслик ва бошқа зарарли иллатлардан халос этиш керак;
60)    тўғри ва чиройли ният қилиш. Киши олаётган илми орқали илмига холис амал қилишни, инсонларнинг қалбига маърифат зиёсини улашишни, халқнинг манфаати учун хизмат қилишни қасд қилиши лозим;
61)    ўзини бутунлай илмга бағишлаш. Толиби илм туну кун умрининг ҳар бир лаҳзасини илм олишга сарфлаши лозим. Зеро уламоларимиз: “Сен илмга борингни бермагунча, у сенга ҳеч нарса бермайди”, деганлар;
62)    бўш вақтларида Аллоҳнинг зикри билан, Пайғамбаримиз алайҳис саломга салавот айтиш билан, ўзининг қалбидаги орзу-тилакларини Худодан сўраб, дуо қилиш билан банд бўлиши даркор. Зеро илм – Аллоҳнинг нуридир! Аллоҳ таоло нурини Ўзи истаган бандасигагина беради;
63)    уйга берилган вазифани имкон қадар Қибла томон юзланиб бажаришлик;
64)    кўп ва тартибсиз овқат емаслик;
65)    бадантарбия билан шуғулланишлик;
66)    уйқуни меъёридан оширмаслик;
67)    доим баҳоли имкон батаҳорат бўлиб юришлик;
68)    киядиган либосларини покиза тутишлик;
69)    устоз танлашда шошмаслик. Бунда ҳам ОТА-ОНА билан маслаҳат қилиш. Улуғларимиз: “Илм – бу диндир, шунинг учун уни кимдан олаётганингизга эътибор беринглар!” – деганлар;
70)    илм ўрганишдаги шерикларини ҳам ҳурматларини жойига қўйиш. Улар илм йўлида орттирган дўстлари ҳисобланади;
71)    илм ўрганишда дўстларига ҳам кўмак бериш;
72)    ўз тажрибаси орқали ўрганганларини бошқа илм ўрганувчилар билан баҳам кўриши ва имкони борича ёрдам бериши ҳам гўзал одобдир;
73)    илм олишига сабаб бўлаётган китоб, дафтар, қалам ва бошқа ўқув қуролларини эҳтиёт қилиш, оёқ остига қўймаслик ва, албатта, ҳар жойда эътиборсиз қолдирмаслик лозим;
74)    чиройли ёзиш;
75)    олаётган билимларини ёзиб бориш керак. Чунки ёзиш оқибатида илм мерос сифатида кейингиларга қолади;
76)    илмни яширмаслик. Аллоҳ таоло қайси бир бандасига илмдан бирор насиба берган бўлса, ўша кишининг зиммасида олган илмини ўзгаларга етказиш вазифаси туради;
77)    ўрганган илмини яширмай, имкон қадар ўзгаларга етказишда, икки фойда бор:
– илмни етказгани учун савоб;
– илмни ўзгаларга ўргатган сари кўникма ва тажриба ҳосил бўлиши.

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган, Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов
Манба: muslim.uz

Check Also

МАЪРИФАТЛИ АЁЛНИНГ ТАЪСИРИ АСРЛАРГА ТАТИЙДИ!

Ҳаётда инсоннинг беғараз ёрдамчилари жуда кўп бўлади. Масалан, жазирама иссиқда дарахтнинг сояси ё зилол чашманинг …