Home / МАҚОЛАЛАР / БАРАКА КАТТАЛАРИМИЗ БИЛАН БИРГАДИР

БАРАКА КАТТАЛАРИМИЗ БИЛАН БИРГАДИР

(Бир ҳадис шарҳи)

Эзгуликка иштиёқманд бўлиш ва саъй-ҳаракат қилиш яхши хислатлардан ҳисобланади. Хайру баракага эришиш одамларнинг энг кўп кутадиган мақсадларидан биридир. Барака Яратганнинг энг буюк инъоми бўлиб, унга итоат қилиш билан эришилади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْبَرَكَةُ مَعَ أَكَابِركُمْ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Барака катталарингиз билан биргадир”, дедилар (Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган).

Набий солаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида хайру баракани ҳаётда тажрибаси бор, ёши улуғларга мурожаат этишга боғламоқдалар. Барака – бу яхшиликнинг ўсиб бориши ва кўпайиши бўлиб, катталардан ҳосил бўлади.

Катталар икки турли бўлиб, биринчиси, кекса ёшдаги кишилардир. Чунки уларга ўтган ҳаёти таълим берган, ёмонлик қилишдан сўнган, босиқликни лозим тутган, яхшилик ўринларини биладиган ва ҳар бир ишда тажрибали кишига айланиб бўлган. Қолаверса, савоб ишларни кўпайтиришга бел боғлаган. Шу боис улар билан ўтириш ва маслаҳатларини олиш хайр-баракага сабаб бўлар экан. Иккинчиси, илмли кишилар бўлиб, баракалари кўпроқдир. Баъзи алломалар ёши кичик бўлса ҳам, илмли киши бўлса, катталардан ҳисобланишини айтган. Ёши ҳам улуғ, илми ҳам кўп бўлса, албатта, барака ҳам жуда кўп бўлади. Шунга кўра, кичиклар деганда, илми йўқ, бидъатчилар назарда тутилади.

Ибн Муборакдан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Қиёматнинг аломатларидан бири илмни кичиклардан талаб қилинишидир” деганлар. Ибн Муборак ва бошқа муҳаддис-алломалар “кичиклардан” дейишдан мурод илмсиз, нотўғри бўлса-да ўз фикрида қатъий туриб оладиган ва бидъат аҳли эканини баён этган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Одамлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ва катталаридан келган илмни тутадиган бўлса, солиҳ бўлиб қолади. Агар кичикларидан (яъни, бидъат аҳлидан) олса, ҳалокатга учрайди”.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Илм кичиклар томондан чиқиб, катталар унга норозилик билдиргани одамларнинг бузилганидир. Илм катталар томонидан чиқиб, кичикларнинг унга эргашиши одамларнинг солиҳлигидир”. Бу хабарлардаги катталардан ёшнинг улуғлиги эмас, илмли кишилар назарда тутилган.

Ёши улуғ ва илмли кишиларни лозим тутсак, хайру баракага эришар эканмиз. Баракали инсон қаерда бўлмасин, ундан одамлар фойда олади ва хотиржам бўлади.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими 

Check Also

ИМОН ВА ИСЛОМ БИТТАДИР («Ал-Эътимод фил эътиқод» асари асосида)

Имон ва ислом биттадир. Лекин зоҳирийлар бунга хилоф қилган. Улар Аллоҳ таолонинг  ﴿قَالَتِ الْأَعْرَابُ آَمَنَّا …