Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ислом арконларига мос шаҳарсозлик маданияти

Ислом арконларига мос шаҳарсозлик маданияти

Айни кунларда Марказда амалиёт ўтаётган Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия дастури совриндори Маждий Фолиҳ илмий изланишлари тақдимотини ўтказди.

«Ислом меъморлиги ҳамда фиқҳ илмининг шаҳар ва атроф-муҳитга таъсири» мавзусида ташкил этилган тақдимот Тунис пойтахтининг эски шаҳар қисми – Мадина мисолида исломда шаҳарсозлик анъаналарининг фиқҳ илмига хос тарзда шаклланиш жараёнларига бағишланди.

Тадқиқотчи даставвал Тунис Мадинасининг тарихига, турли сулолалар давридаги ривожланиш босқичларига тўхталди. Айни дамда пойтахт – Туниснинг аксарият, яъни 700 га яқин диққатга сазовор жойлари ўрин олган Мадина шаҳар майдонининг 6 фоизини (270 гектар) эгаллайди. Ҳозир пойтахт аҳолисининг ўндан бир қисми (тахминан 100 минг киши) истиқомат қилаётган маскан милодий 700 йилларда Ҳасан ибн Нўмон ҳукмронлиги даврида ўзига хос тарихий ва иқтисодий марказга айланиб, кейинчалик Фотимийлар, Алмоҳадлар ва Ҳавсидлар даврида Шимолий Африкада пойтахт ва интеллектуал марказ мақомини олади. Финикияликлардан бошлаб француз мустамлакачиларигача бўлган истилолар пайтида кўплаб ўзгаришларга учраган эски шаҳар ХVIII аср охиридан буён деярли асл ҳолатида сақланган. Бинолари ўта зич қурилган Мадинанинг жинкўчалари, хиёбонлари ва боши берк кўчалари кўп. Марказдаги Буюк Зайтуна масжиди атрофида 26 та бозор ва 700 га яқин обида жойлашган. Бозорлари икки томонида жунли мато, кийим-кечак, атир-упа, мева-чева, китоб дўконлари тизилган ёпиқ кўчадан иборат. Ҳунармандлар бозорлар чеккасидан ўрин олган.

Маждий Фолиҳ Тунис Мадинасидаги уй-жойлар тарҳига алоҳида эътибор қаратди. Ҳовлилар носимметрик дизайнда, ислом арконларига мос қилиб қурилган. Ички макон дахлсизлиги устувор аҳамиятга эга ҳовлиларда оила аъзоларининг осмон, қуёш, умуман, табиат билан боғланиш имкони яратилган. Эшик ва деразалар жойлашуви, бинолар баландлигидаги ўзаро мувофиқлик ва, умуман, исломдаги қўшнилик одоблари, ижтимоий тартиблар ва шариат қонунларига асосан барпо этилган уйлар ижтимоий хулқ-атворни белгилаб, ислом урбанизациясининг намунасини намоён қилади. Бунда қўшни ҳовлини қуёш нури ва тоза ҳаводан тўсиб қўймаслик, ўзгалар мулкига ҳурмат, ҳадисга кўра, кўчаларнинг иккита туя ёнма-ён ўтиши учун зарур 3,5 метрлик кенглиги, дренаж тизими, нопок кимёвий модда ва чиқиндилар жойи, низолар ечимида олдинроқ ўрнашган қўшнининг устуворлиги каби муҳим жиҳат ва қадриятлар инобатга олинган.

Туниснинг 1979 йилда ЮНEСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган кўҳна Мадинаси бугун нафақат шонли ўтмиш гувоҳи, балки доимий ривожланишдаги тарихий марказлардан биридир.

Стипендиат олимларнинг эски шаҳар ландшафти, чегаралари ва архитектурасига оид асарлари тўғрисида сўзлаб, умумий жиҳатдан ислом меъморлигига доир ҳуқуқий матнлардан иборат кўплаб манбалар ва улардаги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Хорижлик тадқиқотчи тақдимот якунида Марказдаги илмий амалиёти давомида изланишларини мамлакатимиз тарихий шаҳарларидаги обидаларнинг меъморий ечимларини ўрганиш асносида давом эттириш мақсадини баён қилди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокамалар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Жонли эфирда – Марказ фаолияти таҳлили

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг жорий йил 6 ойлик фаолият якунлари …