Home / МАҚОЛАЛАР / ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШ ВА ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН БИЛИМЛАР

ҲАДИСЛАРДАН ҲУКМ ОЛИШ ВА ҲАЁТГА ТАТБИҚ ЭТИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН БИЛИМЛАР

“Ҳадис” араб тилида гап – сўз маъносини билдиради. “Ҳадис” ва “суннат” сўзлари муҳаддислар ўртасида деярли бир маънода қўлланиб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган сўзлари, панду-насиҳатлари, йўл-йўриқлари, хулқу-сийратлари, қилган амаллари, иқрорлари, бошқаларнинг қилган амалларини ман этмаслиги ва ҳаёт йўллари ҳақидаги хабарлар тушунилади. Ана шундай хатти-ҳаракатлари ёки кўрсатмалари ҳақидаги ривоят ва нақллар “ҳадис” деб юритилади.

“Ҳадис” сўзининг иккинчи маъноси “янги” демакдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларини бу маънода “ҳадис” деб аталиши сабаби, у зот томонидан айтилган ҳар бир сўз том маънода янги бўлиб, олдин бундай хабарлар келмаган. Шунингдек, уни Қуръони карим оятларидан шу тариқа фарқлаш кўзда тутилган.

Муҳаддислар асосан, ҳадисни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, ким орқали ривоят қилиниб, ўзигача етиб келганини аниқлайдиган ва уни тасниф қиладиган олимлардир.

Ҳадисларда ислом дини аҳкомлари, яъни фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, ҳалол, мубоҳ, макруҳ ва ҳаром каби амаллар баён этилади. Шунингдек, одоб-ахлоқ, маърифат ва бурчга оид кўрсатмалар талқин қилиниб, ибодатларнинг тартиб-қоидалари кўрсатилади ва инсоний фазилатлар тарғиб қилинади, разил сифатлар қаттиқ қораланади.

Бугунги кунда ҳадисларни ўқиб, “Бу ҳадисда фалон нарса ёзилибди. Нима учун унга амал қилмаяпмиз? Нега ҳаётга татбиқ қилмаймиз? Нима учун бу бизнинг мазҳабда йўқ?” деган фикр билан қайсидир амални ўз ҳаётига жорий қилмоқчи бўлган диндош биродарларимиз ҳам учраб турибди.

Мисол тариқасида намозда икки қўлни кўтаришни келтириш мумкин. Ислом дини 23 йил давомида такомиллашиб, мукаммаллик даражасига етган. Намоз фарз қилинган вақтда қиёмда икки қўл ёнга ташлаб турилган бўлса, кейинроқ кўкрак юзаси, сўнг эса киндикдан пастда боғлаган ҳолда туриш жорий қилинган. Ушбу босқичлар аввалида намоз рукнлари орасида икки қўлни кўтариш амали ҳам бўлган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрининг охирги йилларида бу амални тарк қилганлари сабабли намоз рукнлари орасида икки қўлни кўтариш ҳам мансух бўлган.

Яна бир мисол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилганлари ҳақидаги ҳадисларнинг айримларида аъзоларни бир мартадан, бошқаларида икки-уч мартадан ювганлари айтилган. Фақиҳлар бу ривоятларни тўғри деб қабул қилиб, бир мартадан ювиш фарз, уч мартадан ювиш суннат ва мукаммаллик деб ҳукм чиқарган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ҳадисларнинг айримлари бошқалари ҳукмини бекор қилса, айримлари бошқаларидаги ҳукмни қувватлайди. Шунга кўра, ҳадислардан ҳукм олиш оддий иш эмаслиги аён бўлади.

Шайх Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий айтади: “Аҳли сунна вал жамоа уламолари ҳадисларни қабул қилиш ва ҳаётга жорий этиш талаблари хусусида бундай деган: “Албатта, ҳадислар жуда кўп, аммо ҳаммасининг даражаси бир хил эмас. Фарз, суннат, тарғиб ва тафсил бўлганлари (яъни, оят ва воқеликлар изоҳлангани) бор. Шунингдек, ҳадислар тахвиф (қўрқитувчи, огоҳлантирувчи), тарғиб (қизиқтирувчи) этувчи, танбеҳ берувчи ва чегараловчи бўлади. Ижроси мубоҳ, яъни ихтиёрий бўлганлари бор. Айримлари Қуръони каримдагидек муҳкам[1] (замирида ҳукм, буйруқ маъноси бўлган), муташобиҳ[2] (маъноси турлича талқин қилинадиган) ҳамда носих ва мансух бўлади. Мўмин-мусулмонлар учун носихига эргашиб, мансухига имон келтириш фарздир. Аммо ҳадислардаги мубоҳлар, рухсат берилган ва фазилатли амалларни узрли бўлган ҳолда тарк қилишга биз кенг йўл очиб берамиз. Бироқ уларни бажарадиган бўлсак, савоб бўлади. Бизга барча ҳадисларни амалда қўллаш шарт эмас”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари ҳам фикримиз далилидир: “Суннат икки хил бўлади. Фарз бўлган суннат, уни олиш ҳидоят, тарк этиш залолатдир. Фарз бўлмаган суннат, уни олиш ҳидоят, тарк қилиш эса залолат эмасдир”[3].

Аслида, ҳадисдан мустақил равишда ҳукм олиш тушунмовчилик ва ихтилоф келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли бу иш ҳаммага ҳам рухсат этилмаган. Унинг бир қанча шарт ва талаблари бор.

Ҳадис илми олимлари ривоятларни қабул қилиш, ҳукм олиб, ҳаётга татбиқ этишдан олдин унинг тўғрилигини текшириш учун кўплаб усулларни ишлаб чиққан. “Илмул ҳадис”да ривоят қилинган воқеа ҳақиқатга яқинми, нақл қилинган нарса тарихий фактларга мос келадими, матнни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериш мумкинми, ровийлар санадида узилиш бўлмаганми, каби саволларга жавоб топилади.

Ҳадис илми асосан икки қисмга бўлинади:

  1. Ривоятул ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, ишлари, тасдиқлари, у зотнинг ахлоқи, фазилатлари ва бошқа сифатларини шунингдек, саҳобалар ва тобеинларга нисбат берилган хабарларнинг ривоят қилиш ва бизгача етиб келиш йўлларини ўрганади.
  2. Дироятул ҳадис ҳадис ва суннатни ривоят қилишда фойдаланилган усул ва услубларни ўрганади. “Дироят” сўзи бир нарсани том маънода тушуниб олишни англатади. Дироятул ҳадис “Мусталаҳул-ҳадис” ва “Усулул ҳадис” деб ҳам аталади. Бу илм ровийларни, ҳадис матнини ўрганиш бўйича ушбу соҳа уламолари томонидан ишлатиш учун келишиб олинган қоида ва усуллардан иборатдир.

Усули ҳадис илми тизимли бир фан сифатида юзага келмасдан олдин ҳам муҳаддисларга унга тегишли усул ва қоидалар маълум бўлган. Улар ўша меъёр асосида ҳадис матни ва ровийларини ўрганган. Кейинроқ замон ўтиши билан уммат орасида турли ихтилоф юзага келиб, зарурат жиддий тус олгани туфайли ҳадисшунос олимлар “усули ҳадис” қоидаларини дақиқ суратда белгилаб, ушбу фанга асос солган.

Ҳадислардан ҳукм олиб, ҳаётга татбиқ этиш учун юқорида айтилганлардан ташқари истилоҳ илмида келтирилган яна бир қанча шарт борки, уларни фақат диний соҳа олимлари ва имомлари тушунади.

(давоми бор)

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Замирида ҳукм, буйруқ маъноси бўлган ҳадислар.
[2] Бир-бирига ўхшаш.
[3] عن أبي عبداللّه‌ ، عن آبائه : ، قال : قال أمير المؤمنين : السنّة سنّتان : سنّة في فريضة ، الأخذ بها هدى وتركها ضلالة ، وسنّة في غير فريضة ، الأخذ بها فضيلة ، وتركها إلى غير خطيئة.
وروت العامة هذا الخبر عن أبي هريرة ـ بتغيير في العبارة ـ قال : قال رسول اللّه‌ : السنة سنتان : سنة في فريضة ، وسنّة في غير فريضة ، السنة التي في الفر يضة أصلها في كتاب اللّه‌ ، أخذها هدى وتركها ضلالة ، والسنة التي ليس اصلها في كتاب اللّه‌ ، الأخذ بها فضيلة وتركها ليس بخطيئة
 

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси …