Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Жонли эфирда – Марказ фаолияти таҳлили

Жонли эфирда – Марказ фаолияти таҳлили

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг жорий йил 6 ойлик фаолият якунлари ва йилнинг II ярмидаги режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий матбуот маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази раҳбарияти ҳамда республика ОАВ ходимлари иштирок этди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов Марказда 2024 йилнинг I ярмида илмий-тадқиқотлар йўналишида ва қўлёзмаларни ўрганиш соҳасида қилинган ишлар юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, Имом Бухорий, Абул Баракот Насафий, Абу Ҳафс Умар Насафий, Иброҳим Саффор Бухорий каби алломалар қаламига мансуб 13 та ноёб қўлёзма асар таржима қилинди, 4 та китоб нашр этилди.

Буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва фаолиятига оид “10 ҳақиқат” рукнида 10 та плакат ва 10 та халқчил рисола тайёрланди.

Марказ илмий ходимлари томонидан 100 та илмий иш эълон қилинди. Шунингдек, Марказ илмий ходимлари халқаро ва маҳаллий миқёсда ўтказилган анжуманларда 22 та илмий маъруза билан қатнашди.

Жорий йилда аҳолидан 10 та қўлёзма китоб сотиб олинди, 5 та қўлёзма ва 5 та тошбосма китоб ҳадя сифатида қабул қилиб олинди. Дунё кутубхоналарида сақланаётган Имом Бухорий қаламига мансуб 3300 та қўлёзма асарнинг реестри лотин алифбосида тузилди. Имом Бухорий “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг хорижий давлатлар қўлёзма фондларида сақланаётган 200 та қўлёзма нусхаларининг электрон нусхалари жамланди. “Саҳиҳул Бухорий” асарининг 100 та қўлёзма нусхаси аннотацияси тайёрланди. Марказ фондида сақланаётган 125 та қўлёзма китоб консервация қилинди.

Марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров ҳисобот даврида халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар таҳлилини келтирди. Унга кўра 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Марказ жами 3 та, яъни АҚШ Тинчлик институти, Туркиянинг «Диёнат» вақфи ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Туркия Қўлёзма асарлар бош бошқармаси билан ҳамкорликка оид Англашув меморандумларини имзолади. “Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия”си танловининг 3 нафар хорижлик совриндори марказда илмий стажировка ўтади.

Халқаро миқёсда 30 дан ортиқ конференция, анжуман, семинар, давра суҳбати, чет давлатларда китоблар тақдимоти ўтказилди. Марказга 10 дан зиёд хорижий ташрифлар ва хорижга 4 та илмий сафар ташкил этилиб, турдош марказ ва нуфузли университетлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Марказ бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Жонибек Жумаев маънавий-маърифий йўналишдаги фаолият натижалари билан таништирди. Таъкидланганидек, марказ илмий ходимлари томонидан “Жаҳолатга қарши – маърифат” рукнидаги мавзуларда тарғибот ҳамда Марказ нашрлари тақдимоти йўналишларида жами 173 та маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Шунингдек, буюк алломаларимиз илмий меросидаги илм-маърифат, юксак инсонпарварлик ғояларини халқимизга етказиш мақсадида турдош ташкилотлар билан ҳамкорликда Республика бўйлаб маҳаллий ҳокимликларда ўтказилган 74 та ўқув семинарларда маърузалар қилинди ва нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди. Бундан ташқари “Ҳадис маърифати” рукнида ва долзарб мавзуларда 77 та видеодарс тайёрланди.

“Youtube” видеохостингида Ўзбекистонда фаолияти таъқиқланган диний оқим вакилларининг турли диний маърузаларига оид 500 дан ортиқ материал кўриб чиқилди ва уларнинг ҳар бири юзасидан илмий-таҳлилий маълумот тайёрланди.

Анжуманда, шунингдек, 2024 йилнинг II ярмидаги истиқболли режа ва лойиҳалар ҳам тавсифлаб берилди.

Матбуот анжумани UzReport TV телеканали ва унинг Youtube ва Facebookдаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди. Бу билан интернет фойдаланувчилари тадбирда онлайн иштирок этиш ва савол ҳамда таклифлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўлди.

Анжуман давомида онлайн кузатувчилар, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва матбуот соҳаси вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳамкорликка эҳтиёж катта

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Италиянинг «CORIES» исломий диний жамияти вице-президенти, Милан шаҳридаги Ал-Воҳид масжиди имоми …