Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий мероси – Форум қатнашчилари эътиборида

Имом Бухорий мероси – Форум қатнашчилари эътиборида

Хабар берилганидек, Самарқанд шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Ёшлар форуми ўтказилмоқда. Унда ташкилотга аъзо 18 давлатнинг ёшлар сиёсатига масъул вазирлик ва идораларидан раҳбарлар ва ходимлар, ёшлар жамоат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, турли мақомдаги делегациялар қатнашмоқда.

Форумда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов «Гендер жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда, замонавий билим ва касбларни эгаллаши учун шароит яратиш орқали ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» шўбасида иш олиб бориб, «Имом Бухорий илмий меросида шахс ижтимоий тарбияси асослари» мавзусида маъруза қилди.

Ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан камол топтириш учун ижодий муҳитни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий тараққиёт, таълим ва меҳнатни муҳофаза қилиш, маънавий-ахлоқий қадриятларни асраш асосий мақсадларидан бўлган анжуман иштирокчиларида маъруза катта қизиқиш уйғотди.

Форум иштирокчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюриб, музей ва кутубхона фаолияти билан танишди.

Марказ кутубхонасида бир неча давлатлар делегациялари вакиллари билан мулоқот ўтказилди. Унда меҳмонлар мамлакатимизда ислом маърифатини янада юксалтириш, одамларнинг диний саводхонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар диний-маърифий соҳада чинакам юксалиш жараёнини бошлаб берганини таъкидлаб, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби илмий муассасалар эса ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг бебаҳо илмий меросини, исломнинг асл моҳиятини тараннум этувчи беқиёс асарларини янада чуқурроқ ўрганиш, нашр этиш ва оммалаштириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиққанини эътироф этди. Мулоқотда, шунингдек, ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шу билан ИҲТ ёшларининг анжумани ўз ишини якунлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳамкорликка эҳтиёж катта

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Италиянинг «CORIES» исломий диний жамияти вице-президенти, Милан шаҳридаги Ал-Воҳид масжиди имоми …