Home / МАҚОЛАЛАР / ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – ДАВЛАТ СИЁСАТИНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ

Динлараро бағрикенглик ғояси хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир замин, бир Ватанда, эзгу ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашини англатади. Дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, у ҳалоллик, тинчлик, яхшилик ва дўстлик каби бир қанча эзгу фазилатларга таянади. Шунингдек, инсонларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва бағрикенгликка даъват этади.

Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик – давлат сиёсатининг ажралмас қисми сифатида тарихий илдиз ва мустаҳкам қонуний асосларга эга бўлиб, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Янги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деб белгилаб қўйилган [1].

Янги Ўзбекистон стратегиясида, энг аввало, инсонга олий қадрият сифатида муносабатда бўлиш, унинг манфаатларини ислоҳотларнинг асосий мезони тарзида тушуниш муҳим аҳамият касб этаётгани бежиз эмас, албатта. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаганидек, “…юртимизда узоқ йиллар давомида “давлат — жамият — инсон” тамойилига амал қилиб келинди. Давлат қурилиши ва бошқаруви, барча сиёсий тузилмалар турларининг иш услуби ва фаолияти ҳам ана шу тамойил асосида шаклланди. Аслида эса, аввало, инсон,унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор мақсади бўлиши лозим. Жамият қурилиши ва давлат сиёсати ана шу ғояга таяниши ва “Давлат — инсон учун”тамойили асосида ташкил этилиши даркор”[10]. Илгари сурилган ушбу ғоядан алоҳида таъкидланган мазкур хулосага амал қилиш эса сиёсий соҳа ва бошқарув тизимининг ҳозиргача сақланиб қолаётган юқоридаги парадигмасини тубдан ўзгартириш, инсонни ва унинг манфаатларини давлат сиёсати ва ислоҳотларнинг асосий мезонига айлантириш лозимлигидан далолат беради. Ушбу соҳадаги асосий парадигма “инсон — жамият — давлат” шаклига айланди ва бу айни бугунги ҳаёт ҳақиқатини, ҳозирги давр заруратини акс эттиради. Яъни, давлатнинг мавжудлигидан асосий мақсад — инсон ҳаёти ва жамият тараққиётига доир сиёсатни тўғри ташкил қилиш, бу борадаги тизим ва тузилмалар фаолиятини халқ манфаатлари йўлида самарали ташкил этишдан иборат.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда 130 ортиқ миллат ва элат вакиллари ягона оила фарзандларидек аҳил яшаётганлиги барчамиз учун қувонарли ҳолат. Ана шундай кўп сонли миллат ва элат вакилларининг биргаликда, ҳамнафас ва ҳамжиҳат бўлиб умр кечириши натижасида уларнинг ҳар бири маънавий ва маданий жиҳатдан бойиб бормоқда. Бу каби ўзаро муносабатлар таъсирида кўп миллатли халқимизнинг турмуш тарзи янада юксалиб бораётгани сабаб Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги имиджи кун сайин ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Шунингдек,уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, ўз қизиқиши ва лаёқати бўйича касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитиш масаласи давлатимиз сиёсатининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларимизда етти тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ ва тожик тилларида билим берилаётгани, шунингдек, оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда истиқомат қилаётган миллатларнинг 10 та тилида фаолият олиб бораётгани бунинг ёрқин ифодасидир. Республикадаги православ эътиқодига амал қилувчилар учун “Слово жизни” газетаси, “Восток свыше” журнали, шунингдек, ибодат маърузалари ва бошқа маърифий нашрлар чоп этиляпти.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида ўқиши ватаълим муассасаларида барча миллат вакиллари учун тенг шарт-шароитлар, кенг имкониятлар яратилгани, барча, кўплаб тилларда газета ва журналлар чоп этилиб, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар олиб борилаётгани фикримизнинг яққол далилидир.

Юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғоялари миллий тараққиёт стратегиясининг асосий ғоялари қаторига киритилиб, бу соҳада амалга оширилган ишларни қуйидаги босқичларга ажратиш мумкин.

Биринчи босқич, Мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар бўлиб, бу даврда республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва мавжудлари қайта таъмирдан чиқарилди. Улар қаторида Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуи, вилоят марказларидаги жоме масжидлар, Тошкентдаги Рус православ черковлари, шунингдек, буддавийлик ибодатхонаси, Самарқанддаги Арман Апостол черкови, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Султан Вайс бобо” ва “Муҳаммад Норимжоний” зиёратгоҳлари, “Пантейлемон” черкови ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Юртимизда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бердақ, Ажинияз ҳайкаллари қаторида Ганжавий, Руставели, Пушкин, Шевченколарнинг ҳайкаллари ҳам маҳалла ва кўчаларимизга файз бахш этиб турибди. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг яққол кўринишидир.

Шунингдек, мазкур ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида 1991 ва 1998 йилларда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. 2021 йил 5 июлда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатнинг мақсади Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни, шунингдек диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солишдан иборат эканлиги белгиланган. Ушбу Қонунда  конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш виждон эркинлигининг асосий тамойилларидан бири сифатида таъкидлаб ўтилган [2].

Иккинчи босқичда, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси 2018 йилнинг 12 декабр ойида ўтказилган ялпи мажлисда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Мазкур резолюцияни қабул қилиш ташаббуси 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилгани барчамиз учун фахр туйғусидир [8].

Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланганлиги тарихий воқеликдир.Ушбу резолюциянинг асосий мақсади — барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик”ка ҳам чақирилган. Резолюция БМТга аъзо давлатлар томонидан қувватланди, 50 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлигида қабул қилинган. Муаллифлар орасида Қирғизистон, Қирғизистон, Ливан, Марокаш, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Покистон, Корея Республикаси, Россия, Саудия Арабистони, Сингапур, Судан, Тожикистон, Таиланд, Озарбайжон, Жазоир, Баҳрайн, Белоруссия, Гана, Тунис, Туркманистон, Филиппин, Япония ва бошқа давлатлар борлиги қувонарли ҳол.

Резолюцияда таълим, тинчлик, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик ва дўстликнинг олға сурилиши муҳим рол ўйнаши таъкидланади, шунингдек, дунёда тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш учун интеграция, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бағрикенглик ва ўзаро тушунишнинг муҳимлиги тан олинади.Шу билан бирга, қабул қилинган Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар миллий ва халқаро ОАВ ҳамда Интернетда кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказиш, бағрикенглик, дин ва эътиқод эркинлигига рахна солмаслик тўғрисидаги маърифий ахборотларни тарқатиш каби коммуникацион стратегияни жорий этиш таклиф қилинган.

2017-2021 йиллар мобайнида Самарқандда Калом ва Ҳадис мактаблари, Бухоро вилоятида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби, Қашқадарё вилоятида “Абу Муъин Насафий” номидаги ақида илми мактаби ҳамда Фарғонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди.

Шунингдек, Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларимизни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига кўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланганлиги ҳам соҳага эътиборнинг кундан кун ортиб бораётганлигидан ва бу орқали инсон қадри юксалаётганлигини кўришимиз мумкин.

Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва диний соҳа ходимларига кўплаб имтиёзлар яратиш мақсадида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан,

✔ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори;

✔ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони;

✔ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори;

✔ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Малака ошириш маркази ва “Зиё” медиа марказини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори;

✔ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори;

✔ Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;

✔ Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3668-сонли қарори қабул қилинди.

Учинчи босқич, 2022 йилдан бошлаб Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг туб бурилиши юз берди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили илгари сурилган. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий, кенг кўламли ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бешинчи устувор йўналиши “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” деб номланиб, унинг 74-мақсади: жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу мақсад доирасида қуйидаги ишларни ривожлантириш белгиланган:

✔ миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш;

✔ миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг изчил амалга оширилишини таъминлаш;

✔ турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини юксалтириш;

✔ хорижий тилларда фаолият юритаётган ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсатини ёритаётган оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

✔ хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштириш [4].

Мазкур мақсад асосида сўнгги йилларда диний бағрикенгликни таъминлаш ва диний-маърифий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсати ва халқаро алоқаларида ҳам бағрикенглик йўлидан бораётганини амалга оширилаётган қатор амалий ишлар мисолида кўришимиз мумкин. Хусусан, Марказий Осиё мамлакатлари билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш борасида Ўзбекистон фаол ҳаракатлар олиб бормоқда. Айниқса, Афғонистон масаласида Ўзбекистон дунё мамлакатларини бағрикенглик билан муносабатда бўлиш ва афғон халқига ижтимоий кўмак беришга чорлаб келмоқда.

Ўзбекистон ўзининг ички сиёсатида ҳам диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита ташаббуси ва қарори билан “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси” ташкил этилди. Ушбу қўмитанинг асосий вазифалари сифатида жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўпмиллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, шунингдек, дўстона халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий мамлакатларнинг фуқаролик ҳамжамиятлари, шу жумладан чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни самарали мувофиқлаштириш каби жиҳатлар устувор аҳамиятга эга эканлигини кўришимиз мумкин.

Шунингдек, юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида алоҳида фидокорлик кўрсатган давлат ва жамоат арбоблари фаолияти эътироф этилмоқда. Шу муносабат билан 2023 йил 25 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси вазирлар Маҳкамасининг 495-сонли “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш борасидаги катта хизматлари, аҳоли ўртасида динлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик, тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналарнинг вакиллари, хорижий арбоблар ва олимлар тақдирланиши белгиланди [9].

Ўзбекистонда дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлашга масъул ваколатли давлат бошқаруви органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси таъсис этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси сифатида жамиятда «жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар, азалий қадриятлар ифодаси эканлигини тарғиб этиш мақсадида барча давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларга бу борадаги фаолиятни амалга оширишга кўмаклашади, мамлакатдаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганиш натижалари асосида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш чораларини кўриш белгиланган.

Дин ишлари бўйича қўмита ўзининг фаолияти доирасида Ўзбекистонда мавжуд диний конфессиялар ва турли эътиқод вакилларининг ўзаро бағрикенглик муносабатларини таъминлаш ва юртимизда ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғуларини шакллантиришга кўмаклашади. Шу муносабат билан ҳар йили “16 ноябр – халқаро диний бағрикенглик куни” арафасида Республикамиз бўйлаб, “Диний бағрикенглик” тадбирлари ташкил этилади. Унда турли дин ва конфессия вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда иштирок этиб, бир-бирлари билан самимий ва дўстона муносабатда бўладилар. Мазкур анъанага содиқ қолган ҳолда жорий йилнинг 16 ноябр куни “Миллатлараро ва динлараро бағрикенглик – самарали ҳамкорликнинг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон фаолият олиб бораётган диний конфессия вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда нуфузли хорижий ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Ушбу конференцияда дунёда юз бераётган нотинчликлар ва уларни олдини олишда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини кенг тарғиб этиш нақадар аҳамиятли эканлиги яна бир бор таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилганини қайд этиш жоиз.

Юқорида зикр этилган маълумотлардан шуни англаш мумкинки, Ўзбекистон қадимдан бағрикенг диёр. Бу минтақа асрлар оша ўзининг инсонпарвар ва халқпарвар сиёсати билан доимий тинчлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириши билан бошқа ўлкалардан ажралиб туради. Янги Ўзбекистонда ҳам диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини жамиятда янада ривожлантириш, турли дин ва эътиқод вакиллари учун тенг ҳамда ўзаро бағрикенглик асосидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бош мақсад қилинган. Бу эса юртимиз ва Маркази Осиё минтақасида тинчлик ва фаровонлик таъминлашда жуда ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. // https://lex.uz/docs/-6445145
  2. Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни. 05.07.2021 // https://lex.uz/docs/5491534
  3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сон “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони. // https://lex.uz/docs/3686277
  4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони. // https://lex.uz/docs/5841063
  5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги ПҚ-3433-сон “Ўзбекистон ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори. // https://lex.uz/docs/4873152
  6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 466-сон “Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори. // https://lex.uz/docs/3791929
  7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 693-сон “Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори. // https://lex.uz/ru/docs/5084643
  8. “Маърифат ва диний бағрикенглик резолюцияси” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқи. // https://uza.uz/uz/posts/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017
  9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги 495-сон “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Қарори. // https://lex.uz/ru/docs/5084643
  10. Ш.М.Мирзиёев. Янги Ўзбекистон стратегияси. – Тошкент: “Ўзбекистон”, 2021 йил. – 464 б.
ҲУСНИДДИН АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги
Малака ошириш маркази директори,
сиёсий фанлар доктори, профессор

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …