Home / МАҚОЛАЛАР / ТУРКИСТОНДА ҚОЗИ(СУДЬЯ)ЛАР ТАЙИНЛАНИШИ, ТEРГОВ ҚИЛИШ ВА ҲУКМ ЧИҚАРИШ ТАРИХИ

ТУРКИСТОНДА ҚОЗИ(СУДЬЯ)ЛАР ТАЙИНЛАНИШИ, ТEРГОВ ҚИЛИШ ВА ҲУКМ ЧИҚАРИШ ТАРИХИ

Бу давр тадқиқотлари Туркистон ўлкасини нафақат ҳудудий жиҳатдан босиб олиниши, шу билан бир қаторга ўлка аҳолиси онги ва шуурига, маҳаллий бошқаруви, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, диний, маданий ҳаётга қилган таъсири ўрганилган. Бундан ташқари, Туркистон ўлкаси қозихоналарида тузилган васиқалар, ҳукмлар, хатлар, тилхатлар, иқрор хати, иноятнома, далолатнома (акт), даъволар, қозилик ишлари реэстр дафтарлари каби ҳужжатлар асосий манба ҳисобланади.

Ўрта Осиёни мустамлакага айлантиришда вақтинчалик низомларнинг мавжудлиги ва ягона норматив ҳужжатнинг йўқлиги маъмурий бошқарувда бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқарган. Ушбу ҳолатни бартараф этиш чоралари метрополия [1] томонидан турли ўрганишлар, хусусан, тафтишлар орқали амалга оширилади. 1882 йил ўлкада тафтиш ишларини олиб борган Ф.К.Гирс ўз ҳисоботида: «Ҳарбий-халқ бошқаруви, ўз даврини яшаб бўлган ва ўлканинг ҳозирги эҳтиёжларига жавоб бера олмаётганлиги туфайли, маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда умумий асосдаги бошқарувни жорий қилиш лозим», дейди [3:67].

Гуноҳ ва айб ишларни тафтиш ҳамда тергов қилиш учун Россия мировой судьяларига ноиблар ва терговчилар тайинланади. Мировой судьялар ноиблари бўлган уездларда тафтиш ва тергов ишларини мазкур судьяларнинг ўзлари ўтказган.

Ҳар бир уездда ва Тошкент шаҳрида бир нафар мировой судья тайинланган. Ҳар бир вилоятда вилоят суд маҳкамаси бўлган [2:1]. Туркистон ўлкасидаги мусулмон фуқаролар  «Қонун»[1]да  ёзилган гуноҳ ишларни содир қилган вақтларида Россия қонунига мувофиқ сўроқ қилиниб ҳукм қилинган:
✔ биринчи, насроний(христиан) динига мухолифатчилик қилса;
✔ иккинчи, Россия империяси ишларига қаршилик қилса;
✔ учинчи, ҳукумат тартибига қаршилик қилса;
✔ тўртинчи, подшоҳлик хизматида бўлган, халқ сайлаган амалда туриб шу ишларида хиёнат қилса;
✔ бешинчи, подшоҳлик йиғимлар, солиқлар хусусида қаршилик қилса;
✔ олтинчи, подшоҳлик мулки, хазинаси хусусида хиёнат қилса;
✔ еттинчи, фуқаро ва ҳайвонларда юқумли касалликлар пайдо бўлган вақтда ҳукумат раҳбарларининг эпидемияга қарши курашиш учун чиқарган низом ва тартибини бузса;
✔ саккизинчи, авом халқнинг тинчлик тартибига қаршилик қилса, ғаразли мақсадда қонунга хилоф иш тутса, ўғриларга ёрдам берса, бировнинг устидан ёлғон чақимчилик қилса, чор Россияси манфаатлари билан боғлиқ бўлган ишлар тўғрисида ёлғон гувоҳлик берса, қочган одамни яширса ё тартибни бузса,
✔ тўққизинчи, бирор одам ёлғондан бировнинг насаби, номи билан ўзини кўрсатса;
✔ ўнинчи,  бировни қасддан ўлдирса, тан жароҳати етказса, калтакланган ва ярадор бўлган сабабидан вафот этса, бирор хотин ва қизга тажовуз қилса, қонунга қарши ҳолда ушлаб турса ёки қамаб қўйса;
✔ ўн биринчи, бировнинг ер ва мулкини зўрлик қилиб тасарруф (олиб қўйиш маъносида) қилса, амал қилиш учун қўйилган нишонларни чикора[2] деб зиён етказса ёки ишдан чиқарса, бировнинг мулкини қасддан ўзлаштириб олса, қароқчилик, талон қилиб, подшоҳлик мулкини ўғирласа жиноий жавобгарликка ­тортилган.

Юқорида баён қилинган, ўлкани бошқариш тўғрисидаги Низомнинг 141-моддасида кўрсатиб ўтилмаган жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган ишларни Туркистон ўлкасидаги мусулмон халқи Россия империяси ҳудудида содир этса, бу ишларни қозилар ва бийлар сўрамай мустамлака ҳукумати қонунларига мувоқиф тергов ва ҳукм қилади [2:1].

Туркистон вилоятининг мусулмон халқидан бошқа ўтроқ ва кўчманчи  халқлар орасида бўлган даъво ва жанжалларни ва Россия ҳукумат амалдорлари қилинган даъволарини рус маъмурияти қонунларига мувофиқ сўроқ қилиш учун мировой судьяларга ва вилоят суд маҳкамаларига берилади. Қозилар, бийлар, терговчилар, мировой судлар ва уларнинг ноиблари ўртасида бирор даъвони очиш, тергов қилиш кимга тааллуқли эканлиги хусусида қарама-қаршилик бўлса, бу зиддиятни вилоят суд маҳкамаси ҳал қилади.

Оғзаки берилган ҳар хил жазо хусусида ва етти кун муддатдан кўп бўлмаган ҳибсга олиш масаласида моддий ёки маънавий берилган зарар учун эллик сўмдан ошмаган жарима белгилаш мировой судьяларнинг ҳукми билан амалга оширилган [4:2]. Аммо ушбу низомни тўлдирадиган 157-моддасида кўрсатиб ўтилган воқеалар, жазолаш тартиби хусусида чиқарилган судьяларнинг ҳукми устидан қайта кўриб чиқиш мақсадида арз қилиш мумкин. Мировой судьяларнинг  якунланмаган ҳукмлари устидан моддий ёки маънавий етказилган зарар прокурор, қозилар чиқарган ҳукмлардан рози бўлмаганлиги хусусида аппеляция тартибида вилоят судига ариза бериш имконияти бўлган. Мировой судларнинг чиқарган ҳукмларига тааллуқли ишлар масаласида мурожаатлар, ариза ва турли хат — қоғозлар почта орқали юборилган. Мазкур арзнома хатлар почтага муҳлати тугамасдан аввал топширилган бўлса, керакли муассасага етиб келганда муддати тугаган бўлса ҳам муҳлати тугамаган ҳисобланади [2:3].

Вилоят суд маҳкамаси кўриб чиқиладиган ишлар вақтини тайинлаб, моддий ва маънавий зарар келтирилганлиги ҳақидаги хатларга жавоб қайтаради. Моддий ва маънавий зарар ёки қонун бўйича ҳибсга олиш учун асос бўладиган гуноҳ иш ва айб қилган шахс судга келмаса, тергов тўхтатилмайди. Прокурор моддий ва маънавий зарар бўлган воқеа ёки содир қилган шахс жиноят жойи, гувоҳларни сўроқ қилишни тўхтатади. Сўроқ ишларида керак бўлган гувоҳларни вилоят суд маҳкамаси гувоҳга яқин уезд маҳкамасига чақиртириш ҳуқуқига эга.

Вилоят мировой судьялари ўзларига вилоят маҳкамаси ва мировой судья томонидан берилган ваколатдан чиқиб қабул қилган якуний хулоса ҳукмлари устидан қайта кўриб чиқиш мақсадида арз қилиш мумкин бўлган. Аризачи мурожаатини мировой судья устидан сенат деган маҳкамага беради. Мазкур ҳукмлар устидан аппелация қарорига биноан мазкур даъвони қайта кўриб чиқиш учун мировой судьяга ва вилоят суд маҳкамасига қайта кўриб чиқиш ҳақидаги қарорни кўрсатган ҳолда қайтадан терговга рухсат берилади.

Даъвонинг «ҳақиқийлиги» келтирилган далилларга боғлиқ бўлиб, суднинг қарори учун рефлектор[3] [5] гувоҳномасининг тасдиқланган нусхаларини тақдим этиш шарти бўлган. Гаров пули эвазига ҳибсдан озод қилиш амалиёти ҳам бўлган. Аммо кўп ҳолатларда фуқаролар томонидан гаров паттаси топширилгач, ҳибсдаги шахсга эркинлик берилмаган. Шикоят аризалари берилсада, бу муаммога жавоб олинмаган [4:192-193].

Вилоят, шаҳар, туман суди ва мансабдор шахсларнинг ҳукмлари устидан шикоят қилиш пайтида,   1889 йил 12 июлдаги қонунга биноан, фуқаролик ва жиноий тартибда кўриб чиқилган. Бу жараёнда ариза бериш, эълон қилиш, шикоят қилиш ва бошқа ҳужжатлар топширилган. Дастлабки судга даъво қилиш, тақдим этилган даъволарга жавоб бериш, учинчи шахсларнинг жавобгарлигини аниқлаш, хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги низоларни белгилаш ва шу каби низоларга кўра рад этиш, жиноий жавобгарликка тортиш, ҳисобот бериш, оғзаки ва ёзма тушунтириш бериш, тинглаш талаблари қўйилган.

Хусусий, апеллация ва кассация шикоятлари ва шарҳларини олиб келиш, қонуний кучга кирган қарорларни бекор қилиш тўғрисида илтимоснома бериш, фотосуратлар, турли хил сертификатлар, нусхалар, мукофотлар, ҳақиқий ҳужжатлар ва ижро варақаларини олиш, улар учун энг кўп усулларни кўрсатиб, инвентаризация қилиш, рўйхатга олиш ва қарздорларнинг мол-мулкини сотиш, мол-мулк пулига оид низоларни тўхтатиш, уларнинг аризаларини топшириш ва имзолаш бўйича мурожаат қилишлари мумкин бўлган [4:92].

Туркистон вилояти маҳаллий аҳолисидан бошқа халқларнинг ўзаро ораларида ёки шу вилоят халқи одамлари  билан ёки сорт[4] ва кўчманчи ўлка халқлари ўртасидаги даъво ишларининг:
✔ Вексель, васиқа ёки шартнома бўйича ҳамда мулк ва манқулот[5] (ижара)  хусусида бўлган икки минг сўмдан ортиқ бўлмаган даъволарни;
✔ икки минг сўмдан ортиқ бўлмаган талофат(зарар) ва заём хусусидаги даъволарни;
✔ талаб қилинган вақтда миқдори мутлақо маълум бўлмаган мудофаа ишлари хусусидаги даъволарни;
✔  ҳақорат даъволарини;
✔ эгалик ҳуқуқидан маҳрум бўлган империя мулкига бир ой ўтмай қайтадан эгалик қилиш истагини билдирган шахслар даъволарини;
✔ ўзгалар мол-мулкининг бирор қисмига бир йил ўтмасдан шериклик хусусида қилинган даъволари;
✔ ўтроқ ёки кўчманчи аҳоли ўртаси Россия ҳукумат амалдорлари чиқарган хатлар аризага мувофиқ қилинган даъволарни мировой судьялар сўроқ қилган [2:4]. 

XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистонда бўлиб ўтган тарихий воқеалар хусусан, ўлкада Россия империяси томонидан мустамлакачилик тузумининг ўрнатилиши давлат бошқарувида муҳим ўзгаришларга сабаб бўлган ва улар босиб олган ҳудудлар низом асосида бошқарилган. Жумладан, минг йиллар давомида шаклланган суд-ҳуқуқи тизими ислоҳ қилиниб, янгича тартиблар жорий қилинган. 1886 йилдан бошлаб ўтроқ ҳамда кўчманчи аҳоли учун қўлланадиган шаръий ва урф-одатга асосланган «бий» судлари «халқ судьялари» деб аталган. Дастлаб уезд судлари, кейинчалик уларнинг ўрнига «участка мировой судлари» таъсис этилган.

Хуллас, Туркистон ўлкасида маҳаллий бошқарув тизимининг тараққиёт йўли, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, тарихий мероси, уларнинг ғоявий йўналишлари, қозилик маҳкамалари нотариал лабораториясини чуқур ўрганиш ўзбек давлатчилик тарихи, хусусан, XIX аср охири – XX аср бошлари ўзбек халқининг ҳуқуқий бошқарувда миллий руҳ акс этиш манзарасини теран тасаввур этиш имконини беради.

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Персидско – русский словар. 1983 – С. 570.
  2. Қонун. – Тошкент: ФАШИ. – Қўлёзма № 730. – В. 1.
  3. Тухтаметов Ф.Т. Правовое положение Туркестана в Российской империи (вторая половина ХИХ века). Монография. Уфа, БашГУ, 1999. – С.67.
  4. ЎзМА. И-518-фонд, 2-рўйхат, 2-йиғма жилд, 295 варақ.
  5. https://uz.wikipedia.org/wiki/Reflektor
[1] Ўлкани бошқариш тўғрисидаги Низомнинг «Қозилар, судьялар ва бийлар фаолиятини тартибга солиш бўйича» бир қатор қонунлар қабул қилинган. Муаллиф илмий ишида бу масалада тўлақонли маълумот келтирилган.
[2] Чикора — ҳеч кераги, зарурияти ёʼқ маʼносини англатади.
[3] Рефлектор (лот. реfl эcто — букаман, қайтараман). Мазкур гувоҳнома қонунбузарлик содир этган фуқарога тартиб-қоидаларга амал қилиш мажбурияти тўғрисида огоҳлантириш олгани ҳамда унга тўлиқ амал қилиш масъулияти юкланганлиги бўйича берилган.
[4] Сартларни ўрганишда Қозон диний академияси битирувчиси, кейинчалик таниқли рус шарқшуноси, этнограф ва тарихчиси Николай Петрович Остроумов (1846-1930) катта роль ўйнаган. Абу Муслим. Сартлар кимлар? Ўрта Осиёнинг йўқолиб кетган халқи тарихи.  https://www.islamonline.uz/site/item?id=4276
[5] Манқулот – «манқал» атамаси араб тилидан кириб келган «манқулот» атамасидан олинган бўлиб, «кўчма», «ҳаракатчан» деган маъноларни англатади. Персидко—русский словар. 1983 – С. 570.
ҚАХРАМОН КАРИМОВ,
Қўқон давлат педагогика институти доценти, PhD

Check Also

ҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ҲАДИС ИЛМИДА ТУТГАН ЎРНИ ВА БУ СОҲАГА ОИД АСАРЛАРИ ТАҲЛИЛИ

Ўрта асрларда илм-фан ва ислом маданияти ривожида Мовароуннаҳр ва Хуросондан етишиб чиққан уламолар илмий мероси …