Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Мамлакатимиз илмий ҳамжамияти ютуғи

Мамлакатимиз илмий ҳамжамияти ютуғи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази улуғ аллома ва мутафаккирларимиз қаламига мансуб ноёб ёзма манбаларни тадқиқ этиш ва улар моҳиятини дунё жамоатчилиги эътиборига етказиш орқали башариятни илм, эътиқод ва тараққиётга чорлашда жаҳон маърифат масканларининг юраги бўлиб хизмат қилмоқда, десак, муболаға бўлмайди. Шу кунгача элликка яқин турдош марказ ва нуфузли илм даргоҳлари билан меморандумлар имзоланиб, кенг миқёсда ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Хорижий ҳамкорлар билан манбашунослик ва тарихшуносликнинг долзарб мавзуларида илмий конференция ва семинарлар ўтказиб келинмоқда. Бу ўз навбатида Марказ фаолияти ва олимларининг илмий салоҳияти нафақат Ўзбекистонда, балки чет эллардаги илмий доиралар вакиллари томонидан эътироф этилаётганини кўрсатади.

Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов Озарбайжон Фанлар академияси Фузулий номидаги Қўлёзмалар институти тадқиқотчиси Рена Мамедованинг тарихшунослик, манбашунослик ва тадқиқот усуллари ихтисослиги бўйича тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун “Нодир Шоҳ Афшарнинг ҳарбий-сиёсий фаолияти ва ислоҳотлари (форс манбалари асосида)” мавзусида ёзган диссертация ишига расмий оппонент сифатида таклиф этилгани ҳам фикримиз далилидир.

Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Диссертация кенгашининг 13 июнь куни ўтказилган мажлисида Марказ олими соҳанинг тажрибали мутахассиси сифатида озарбайжонлик тадқиқотчига мазкур диссертация юзасидан  зарур тавсияларини берди.

Ш.Зиёдовнинг нуфузли хорижий Илмий кенгаш томонидан расмий оппонент сифатида танланишини нафақат Марказ жамоасининг, балки юртимиз олимларининг умумий ютуғи сифатида баҳолаш мумкин.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Ҳамкорликка эҳтиёж катта

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Италиянинг «CORIES» исломий диний жамияти вице-президенти, Милан шаҳридаги Ал-Воҳид масжиди имоми …