Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИНЧЛИКПАРВАРЛИК ҒОЯСИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИНЧЛИКПАРВАРЛИК ҒОЯСИ

Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг шоҳ асарида ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига оид ҳадислар мавжуд. Жамият равнақи ва осойишталигининг энг олд омилларидан бири тинчлик, тотувлик, бағрикенглик ҳисобланишини ҳеч ким инкор этмаса керак.

Бу хусусда “Саҳиҳул Бухорий”дан қандай сабоқ олиш мумкин? Саволга қуйидаги ривоят билан жавоб берамиз.

Аҳнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Абу Бакра айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Икки мусулмон бир-бирига қилич ўқталса, қотил (ўлдирган) ҳам, мақтул (ўлдирилган) ҳам жаҳаннамдадир”, деганларини эшитганман. Шунда: “Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу-ку қотил, мақтулнинг айби нима?” дедим. “Чунки у ҳам шеригини ўлдирмоқчи бўлган эди”, дедилар”[1].

Биз бу ўринда ҳадиснинг шаръий, фиқҳий ё ақидавий жиҳатларига тўхталмаймиз. Чунки, илм аҳлига маълум бўлган шарҳлар бисёр. Фақат бугунги кун нуқтаи назаридан айрим хулосаларни баён этамиз.

Икки киши бир-бирига душманлик қиладиган бўлса, оқибати оташ экан. Яъни, иккисининг ҳам эришадиган натижаси яхши эмас.

Хўш, нима учун шундай?

Қотил – ўз номи билан қотил. Ислом бир кишини ўлдирган инсоннинг айбини бутун башариятни ўлдирганникига тенглаштиради. Шунинг учун унинг гуноҳи учун дунёвий судда ҳам, шариатда ҳам жазо муқаррар.

Лекин мақтул ҳам пок-покиза эмас экан. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳам шеригини ўлдирмоқчи бўлган эди”, деяптилар. Яъни, у мағлуб бўлиб, қазо топмаганида, албатта, рақибининг жонини олган бўлар эди.

Ҳаммамиз аффект ҳолатини биламиз. Жаҳл келганда, ақл қочади. Ғазаб отини минган одам қаршисидаги кишига имкон қадар кўпроқ озор беришга интилади. Лекин, гарчи, қўли баланд келмагани учун мақтул бўлса ҳам, кўнглидаги нияти йўқолмайди.

Ҳадислар инсонларни ҳар қандай ёмонликдан қайтаради. Ушбу ҳадисда эса, қабиҳ ишларнинг энг катталаридан бўлган қатл ва уруш қораланмоқда. Инсон – у хоҳ художўй бўлсин, хоҳ худосиз бўлсин – бировга озор етказишнинг оқибати ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаслигини шу ривоятдан билиб олади.

Ушбу ҳадисни келтиришдан мақсад шуки, мўмин-мусулмон киши ҳадисга доим амал қилади, лекин худосизлар ундан тўғри хулоса чиқармайди. Келтирилган ҳадис ёлғиз Тангри таолодан бошқа (Коинот, ҳамма нарсани қамраб олган Буюк илм, ёки яна бошқа нимадир)га ишонганларни ё умуман ҳеч кимга ишонмайдиган даҳрийларни бу гуноҳдан қайтаради.

Биз шу маънодаги ҳадисларни айтиш орқали одамларни бир-бирини ўлдириш эмас, балки бир-бирига озгина бўлса ҳам озор етказишдан қайтарган бўламиз. Жамият шу билан осойиш топади, ижтимоий ҳаёт шу билан барқарор ва осуда бўлади.

Тинчликпарварликнинг асосий ғояси шундан иборат эмасми!

[1] Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий, 1-жуз. – Тошкент: Hilol-nashr, 2013. Б. – 145.
Анвар БАБАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот илмий ходими

Check Also

ҲАЗРАТ ЗАНГИ ОТА СИЙРАТИНИ НАМОЙИШ ЭТУВЧИ ВА ТАРИХИЙ ХОТИРАНИ УЙҒОТУВЧИ АСАР

Қўлимиздаги ушбу китобнинг биринчи нашридан фарқи унга алоҳида эътибор билан ёндашилганидадир. Тўғри, бундай эътибор китобнинг …