Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Энг мўътабар мазҳаб

Энг мўътабар мазҳаб

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 4 июнь куни Туркиянинг “Diyanet” жамғармаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (ИСАМ) билан ҳамкорликда ташкил қилинган Ҳанафий мазҳаби бўйича IV йиллик халқаро конференция бошланди. Унда Туркия, АҚШ, Австрия, Германия ва мамлакатимизнинг етакчи исломшунос олимлари иштирок этмоқда.

Мовароуннаҳр ва Ироқда ҳанафий мазҳабининг шаклланиши ҳамда фиқҳий манбалар ва матнларга оид тадқиқотларни қиёсий ўрганиш, “Ал-Адабул қозий” ва “Ад-Даъво” китобларида қозилик қоидаларининг ёритилишини таҳлил қилиш, Марказий Осиёдаги фақиҳлари (ҳуқуқшунослари)нинг мазҳаб ривожига қўшган ҳиссасини, шунингдек, Мамлуклар (Миср) ва Усмонийлар (Туркия) давлатлари ижтимоий ҳаётида ҳанафийликнинг ўрни ва аҳамиятини очиб бериш мақсадида ўтказилаётган конференция онлайн ва офлайн тарзда жами олти шўъбада ташкил этилган.

Анжуманнинг асосан хорижлик мутахассислар маърузаларига бағишланган биринчи кунида ислом ҳуқуқига тарихшунослик, танқидий тадқиқотлар ва меъёрий амалиёт нуқтаи назаридан ёндашувлар муҳокама этилди. Бу борада фиқҳий назариянинг илоҳиётдан холи ҳолда шаклланиши, ҳанафий ҳуқуқ таълимотида Ироқ ва Марказий Осиё анъаналари, Абу Зайд Дабусий ва унинг ҳанафий жиноят ҳуқуқи ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, “Тафсири Насафий”да қироат масалалари кўриб чиқилди.

Иштирокчилар, шунингдек, қасам, ваъда элементларининг Ҳанафий фиқҳида тутган ўрни ҳамда турли минтақалардаги ҳанафий нуқтаи назар ва қарашларни имоматнинг қонуниятлари бўйича хариталаш юзасидан фикр-мулоҳазалар юритди.

Конференция уч кун давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«МАРКАЗ – ИЛМИЙ МАНБАЛАР ХАЗИНАСИ»

Мариан КАЦ – Нью-Йорк университети профессори – Тадқиқотларимнинг асосий йўналиши ислом ҳуқуқи ва унинг эски …