Home / МАҚОЛАЛАР / САМАРҚАНДГА ҲАДИС ИЛМИНИНГ КИРИБ КЕЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ

САМАРҚАНДГА ҲАДИС ИЛМИНИНГ КИРИБ КЕЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ

Ҳадис илми пайдо бўлган даврдан бошлаб муҳаддислар илм талабида ўзга юртларга сафар қила бошлаган. Бу жараён Самарқандга ҳадис илми кириб келиши ва ривожланиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилган. Тарихчилар бу минтақага биринчилар қаторида кириб келган саҳоба ва тобеинларни минтақадаги илк муҳаддислар қаторида тилга олган.

Абу Усмон Саид ибн Усмон ибн Аффон Мовароуннаҳрга биринчилардан бўлиб келган. Самарқандни фатҳ этишда Хуросондан Абу Жаъфар Қусам ибн Аббос келиб, унга ҳамроҳ бўлган. Манбаларда улар бу ҳудудга ҳадисларни олиб келган кишилар сифатида келтирилган.

Абу Жаъфар Қусам ибн Аббос Самарқандда вафот этган ва шу ерда дафн этилган. Унинг қабри ёнига кейинчалик халқ орасида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган кишилар дафн этилган. Жумладан, Самарқандда яшаган Тоҳир ибн Юнус Фоний, Қодирхон даврида хатиблик қилган Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Яҳё Жикилий, Умар ибн Муҳаммад Хаббоз каби муҳаддислар қабрлари Қусам ибн Аббос мақбараси атрофидан жой олган. Шу жойда Қусам ибн Аббос мадрасасига асос солинган ва у кейинчалик ҳадис илми бўйича муҳим марказлардан бирига айланган.

Дарҳақиқат, Самарқандга ҳадис илмининг кириб келиши шаҳарда муқим яшай бошлаган араб-мусулмон жамоаси билан бевосита боғлиқ. Абу Ҳафс Насафий ўзининг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” асарида Самарқандга келган ва муҳаддислик фаолиятини олиб борган кишилар ҳақида хабар берган. Бундан келиб чиқадики, ҳадис илмининг минтақага кириб келишида ташқи алоқаларнинг ўрни катта бўлган. Бу ердаги муҳаддисларнинг кўпчилиги ҳадис илмида самарали илмий фаолият олиб борган. Натижада, Самарқанддан буюк муҳаддислар етишиб чиққан.

Самарқандда мавжуд бўлган ҳадис мактабларига илм талабида турли ўлкалардан олим ва талабалар келган. Бу ердаги ҳадис илми ривожи тарихига назар солинса, ушбу жараён анча олдин бошланганини кўришимиз мумкин. Манбаларда ҳадис илмининг илк намояндалари сифатида Абу Муқотил Самарқандий, унинг шогирди Абу Бакр Аҳмад ибн Наср Атакий ва унинг икки ўғли – Салим ибн Ҳафс ва Умар ибн Ҳафс алоҳида тилга олинган. Абу Муқотил Самарқандийнинг невара куёви Солим ибн Ғолиб ҳам Самарқанддаги ҳадис илмига ўз ҳиссасини қўшган муҳаддислардан бўлган.

Абу Муқотил Самарқандий илм талабида жуда кўп сафар қилган, устоз, дўст ва шогирдлар орттирган. Абу Муқотил Самарқандийнинг икки фарзанди ва невара куёви олимдан ҳадис ривоят қилгани унинг муҳаддислар бобокалони бўлганини кўрсатади.

Манбаларда Абу Муқотил Самарқандийнинг ўндан ортиқ устозлари ва йигирмага яқин мовароуннаҳрлик шогирдлари ҳақида маълумот берилган. Устозлари орасида Басра ва Балх мактабларини кўрган, кейинчалик Самарқандга келган, Имом Бухорий томонидан “сиқа” (ишончли муҳаддис) деб эътироф этилган Абу Саҳл Касир ибн Зиёд ҳам бор эди.

Имом Доримий номи билан машҳур Ҳофиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдусамад Доримий Самарқандий юртимиздан чиққан илк йирик муҳаддислардан биридир. Аллома тўққиз саҳиҳ ҳадис тўплами сирасига кирадиган “Муснад” асарини таълиф этган. Уламолар бу тўпламни “Сунани Доримий” деб номлаган.

Имом Доримий 181/797 йили Самарқанд шаҳрида дунёга келган. Ёшлигидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, мовароуннаҳрлик муҳаддислардан ҳадис ўрганган. У илм талабида ислом оламининг барча йирик илмий марказларини айланиб чиққан. Жумладан, Бағдод, Шом, Ҳижоз ва Мисрдаги уламолардан ҳадис тинглаган.

Имом Доримий фақат Самарқандда эмас, балки бутун ислом оламида ҳадис илми ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида катта шуҳрат қозонган. Муҳаддис ўзидан кейин Муслим ибн Ҳажжож ва Абу Исо Термизий каби ҳадис илмида пешқадам бўлган шогирдларни қолдирган.

Ўша даврда уламо ва муҳаддислар Имом Доримийдан ҳадис тинглаш учун Самарқандга келган. Чунки бу даврда Самарқандда ҳадис илми ривожланган ва кўплаб муҳаддислар илмий фаолият олиб борган.  

Самарқандда ҳадис илми ривожлангани ва кўплаб муҳаддисларнинг бу ерда жам бўлгани ҳақидаги фикримизни қуйидаги маълумот ҳам тасдиқлайди.

Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий бундай дейди: “Мен Сулайм ибн Мужоҳиддан эшитдим. У: “Мен Абул Азҳардан эшитганман”, деди. Абул Азҳар: “Самарқандда тўрт юзта муҳаддис етти кун тўпланиб, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни адаштиришга ҳаракат қилди. Шом санадини Ироқ санадига, Ироқ санадини Шом санадига, Яман санадини Ҳарамайн (Макка ва Мадина) санадига ва Ҳарамайн (Макка ва Мадина) санадини Яман санадига алмаштирдилар. Улар Имом Бухорийни санадда ҳам, матнда ҳам бирор хато билан тўхтата олмади”, деган эди”. Имом Бухорий Самарқандга келган вақтда бу шаҳарда алломани имтиҳон қилиб, унга тенглаша оладиган ёки бунга ҳаракат қилган тўрт юз муҳаддис истиқомат қилган. Шунинг ўзи ҳам бу жойда ҳадис илми ривожланганига мисол бўлади.

Қутайба ибн Саъд: “Агар Термизга борсангиз, Аҳмад ибн Ҳасандан, Кешга борсангиз, Абд ибн Ҳумайд Кешийдан, Самарқандга борсангиз, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмондан ва Шошга борсангиз, Абдуллоҳ ибн Абу Аробадан ҳадис эшитинг, яъни улар айтган ҳадисларни маҳкам тутинг”, деган.

Ушбу маълумот ҳам Самарқанднинг ўша даврдаги илм-маърифат марказига айланганига ёрқин далилдир. Бу шаҳарда фаолият юритган ҳадис мактабларидан кўплаб машҳур муҳаддислар етишиб чиққан. Демак, Самарқанд ўша даврда илм-маърифат маркази бўлган.

“Китобул ансоб” асарида Самарқанддаги ҳадис мактаблари ҳақида: “IX-X асрда Самарқанд вилоятларидан бири Иштихон шаҳрида Аҳмад ибн Ҳишом Навқадакий ва Довуд ибн Амр Рустуғфарий ҳадис мактаблари ўз фаолиятини олиб борган”, деб келтирилган. 

Юқоридаги маълумотларга қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:

  • Ўрта асрларда Самарқандда ўзига хос ҳадис мактабига асос солиниб, ҳадислар матни, санади ва ровийлари тарихи чуқур ўрганилган. Шу сабаб, бу шаҳарда ҳадис илми кенг ривожланган. Натижада кўплаб муҳаддис, муфассир, фақиҳ ва мутафаккирлар етишиб чиқиб, дунё илм-фани равнақига катта ҳисса қўшган.

– Имом Бухорий Самарқандга келганида, шаҳардаги тўрт юз муҳаддис етти кун давомида уни имтиҳон қилган. Демак, ўша даврда бу шаҳарда буюк муҳаддис билан тенглашиш салоҳиятига эга бўлган ёки шунга ҳаракат қилган тўрт юз муҳаддис истиқомат қилган. Бундай муҳаддисларнинг етишиб чиқиши Самарқандда ҳадис илми гуллаб-яшнаганини билдиради.

– Имом Доримий Самарқандда ҳадис илми ривожига катта ҳисса қўшган ва ҳадисларни уларнинг орасига ёлғон маълумот кириб қолишидан ҳимоя қилган.
– Ўша даврда Самарқанд дунёнинг илм-фан ривожланган шаҳарларидан бири бўлган. Бу шаҳардан кўплаб забардаст уламо ва муҳаддислар етишиб чиққан.
– Имом Доримийнинг “Сунани Доримий” асари тўққиз саҳиҳ ҳадис тўплами сирасига кирган. 
– Имом Доримий Самарқандда яшаб, илмий фаолият олиб боргани учун у ерга дунёнинг турли ўлкаларидан уламо ва муҳаддислар ҳадис ўрганиш учун келган.
Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ИНСОНЛАРНИ ИЛМГА ЧОРЛАЙДИ

“Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: “Бандалар орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”[1]. “Лекин уларга фақат олимларнинг ақли …