Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ИРИМ ҚИЛИШ ВА ШУМЛАНИШ ЙЎҚ (1-қисм)

ИСЛОМДА ИРИМ ҚИЛИШ ВА ШУМЛАНИШ ЙЎҚ (1-қисм)

Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар орқали бизга ислом дини ақидалари, шариат ҳукмларини бекаму кўст ўргатиб кетдилар. Саҳобалардан тортиб то бизнинг асримизгача ўтган уламолар умматга нафақат шариат аҳкомларини тушунтириш, балки мусулмонлар кириб қолган бидъат ва хурофотларга қарши жиддий курашиб келган. Лекин шунга қарамай, мусулмон халқи ўртасида динга заррача алоқаси бўлмаган баъзи бир урф-одатлар, асоссиз ақидалар ҳануз ҳукм суриб келаётганлиги ачинарли ҳолдир. Ана шундай хурофотлардан бири ирим қилиш, шумланишдир. Аллоҳ ва Расули бундай ишлардан, бундай эътиқоддан қайтаради. Чунки ирим-сиримлар ва ҳар хил нарсалардан шумланиш инсониятнинг ақл мезонига тўғри келмайдиган, унинг имонига зарар келтирадиган, ҳақ йўлдан ботилга бошқарадиган амаллардан биридир.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида бундай марҳамат қилганлар:

عن النبي صلى الله عليه و سلم : » ثَلاَثٌ لَمْ تَسْلَمْ مِنْهَا هذِهِ الْأُمَّةُ أَلْحَسَدُ وَ الظَّنُّ وَ الطِّيَرَةُ أَلاَ أُنَبِّئُكُمْ بِالْمَخْرَجِ مِنْهَا إِذَا ظَنَنْتَ فَلاَ تُحَقِّقْ وَ إِذَا حَسَدْتَ فَلاَ تَبْغِ وَ إِذَا تَطَيَّرْتَ فَامْضِ » رواه ابو يعلى

Яъни: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайдилар. Бу – ҳасад, бадгумонлик ва иримдир. Бундай нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз, зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни ҳақиқат ҳисоб қилиб, унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳ таолога таваккал қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этиб кетаверинг”.

Пайғамбаримиз бу уч нарсанинг уммат ичида мавжуд бўлишини алоҳида таъкидлаш билан унга чорламадилар, аксинча бундай иллатлардан огоҳ бўлишга, унинг ботқоғига ботиб қолмасликка чақирдилар. Шу билан бирга, бу каби ҳолатларда қандай йўл тутмоқ кераклигини ҳам кўрсатиб бердилар.

Ислом дини келишидан олдин, жоҳилият даврида одамлар хаёлига келган нарса билан шумланаверишган. Ҳатто пайғамбарлар билан ҳам шумланган қавмлар бўлган. Аллоҳ таоло бунга Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн қавмини мисол қилиб келтиради:

﴿فَإِذَا جَآءَتْهُمُ ٱلْحَسَنَةُ قَالُواْ لَنَا هَـٰذِهِۦ ۖ وَإِن تُصِبْهُمْ سَيِّئَةٌ يَطَّيَّرُواْ بِمُوسَىٰ وَمَن مَّعَهُۥٓ ۗ أَلَآ إِنَّمَا طَـٰآئِرُهُمْ عِندَ ٱللَّهِ وَلَـٰكِنَّ أَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ ﴾

Улар ўзларига яхшилик етганда: Бунга биз ҳақдормиз, дедилар. Агар уларга ёмонлик етса, Мусо ва у билан бирга бўлганлардан шумландилар. Огоҳ бўлсинларким, уларнинг шумликлари Аллоҳнинг ҳузуридан бошқа жойда эмас. Лекин кўплари билмайдилар”.[1]

Яъни, уларга бирор неъматлар етса, бизлар шунга лойиқмиз, дейдилар. Агар бирор тижорат ва зироат ишларида бирор зарар етса, тавҳиддан йироқликлари, дин-диёнатда жоҳилликлари сабаб Мусо алайҳиссалом ва унга эргашганлар билан шумланишди. Ҳолбуки, уларнинг шумланишига сабаб бўлган нарса – ризқининг кўп ё кам бўлиши ўлчови фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Улар диндан юз ўгирганлари сабаб буни билмайдилар.

Дарҳақиқат, ирим ва шумланишнинг тури кўп бўлиб, унга “олдидан мушук ўтгани учун йўлдан қайтиш” ёки “фалончи келиннинг қадами оғир келди”, “чоршанба ва жума куни касал кўргани борманг”, “шанба куни кир ювманг”, “чоршанба куни тирноқ олманг”, “жанозадан кейин тўйга борманг”, “марҳумни эшикдан олиб чиқманг” кабиларни мисол қилиш мумкин. Шунингдек, ирим қилаётган нарсасидан сақланиш учун турли-туман туморлар осиб олишлар ҳам ислом дини ақидасига ёт бўлган ишлардандир. Бу каби иримларга ўралашиб қолиш инсонни ҳақ диндан узоқлаштириб, турли хурофотларга кўмиб ташлайди.

Бундай фосид эътиқодга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муносабатларини билдириб:

عن أنس: عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: «لا عدوى ولا طيرة ويعجبني الفأل الصالح الكلمة الحسنة».  

 “Касалнинг юқиши йўқ, шумланиш ҳам йўқ, солиҳ фаъл[2] ва гўзал сўз мени ажаблантиради,” дедилар.”[3]

Шунингдек, айрим ҳайвон қушлардан ва баъзи рақам ва ойлардан ирим қилиш, асоссиз равишда ёмон гумонда  бўлиш ҳам ботил ақида эканлигини уқтириб:

قال عمير بن سعد: سمعت النبي صلى الله عليه وسلم يقول: لا عدوى ولا طيرة ولا هامة

“Касаллик юқиши йўқ, қуш учириб, фол очиш ҳам ва “ҳомма” – руҳнинг ҳайвон ёки қуш танасига ёки бошқа бир инсон танасига кўчиши[4] ҳам йўқ,” дедилар.[5]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : » لاَ عَدْوى وَلاَ طِيَرَةَ وَلاَ هَامَةَ وَلاَ بُومَ وَلاَ صَفَرَ» متفق عليه

Яъни: (Ислом динида) бир касаллик бир кишидан иккинчи бир кишига юқиш сабабли ўтмайди[6], қуш учириб, фол очиш йўқ[7], вафот этган одамнинг руҳи бошқа одам ёки ҳайвон жасадига ўтмайди, бойқуш (бойўғли) ва сафар ойидан шумланиш йўқ”, деб марҳамат қилганлар.

Ислом дини ақидасига кўра бир касалликни бир кишидан иккинчи бир кишига юқиш сабабли ўтиши қатъий қилинмайди, яъни ҳамма касалликлар ҳам юқавермайди ва ҳаммага ҳам юқавермайди, фақат Аллоҳ хоҳлаганга дард етади.

Бир ишни бошлашдан олдин ёки сафарга чиқишдан олдин қуш учириб, фол очилмайди. Шунингдек, “вафот этган одамнинг руҳи турли жониворлар жисмига кўчиши ва хонадонига келиб чирқиллаб туришлиги” ҳам муқаддас динимиз таълимотига зиддир[8]. Бойўғлининг сайрашидан ёки бир жойни макон тутишидан ҳеч кимга зарар йўқ. Баъзилар ўйлаганидек, бойўғли сайраганда ёки ин қурганда, дарахтлар қуриб, уйлар вайронага айланмайди. Аксинча, бойўғли қуриган дарахтлар ва вайроналарни қидириб, топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади.

[1] Аъроф сураси, 131-оят.
[2] Фаъл (тафаъул ҳам дейилади)  – яхшиликка таъвил қилиш, ҳар нарсадан ёмон хаёлга бормаслик, яхши гапни гапириб инсоннинг кўнглини кўтариб қўйиш. Масалан: беморнинг кўнглини кўтариб қўйиш.
[3] Имом Бухорий. “Ал-Адаб ал-муфрад”. Фаъл боби, 913-ҳадис.
[4]  Баъзи манбаларда “ҳомма” сўзи (1) бойқуш (бойўғли), (2) қабр қурти, (3) заҳарли ҳашарот, (4) чаққанда инсонни ўлдирадиган ҳар қандай заҳарли зараркунанда, деб келтирилган. Яъни, мазкур ҳашарот ва ҳайвонлардан шумланиш мумкин эмас. Аммо эҳтиёт юзасидан бу каби нарсалардан ўзини сақлаш мумкин.
[5] Сулаймон ибн Аҳмад ат-Табароний. “Ал-Муъжаму ал-кабийр”. “Мактабатул улум”. Мосул – 1983. 12-жуз. – Б 46.
[6] Бошқа ҳадисларда “моховдан шердан қочгандек қочгин”, “вабо тарқалган жойга кирманглар”, деб баъзи касалликлардан эҳтиёт бўлишга чақирилган.
[7] Қушга қараб фол очишга боғлиқ, бизда кўп тарқалган иримлардан бири, олақарға – ҳакка қушнинг эшик олдига келиб сайраши меҳмон келиш аломати, деб эътиқод қилинишидир.
[8] Баъзилар айтганидек, арвоҳ капалак, арвоҳ илон сўзлари исломий эътиқодимизга мутлақо ёт сўзлардир.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ИНСОНЛАРНИ ИЛМГА ЧОРЛАЙДИ

“Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: “Бандалар орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”[1]. “Лекин уларга фақат олимларнинг ақли …