Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Соҳа ривожи – давлат даражасидаги эътибор маҳсули

Соҳа ривожи – давлат даражасидаги эътибор маҳсули

30 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Самарқанд Давлат университети ва Австрия Фанлар академияси ҳузуридаги Эроншунослик институти ҳамкорлигида “Мўғуллар ва темурийлар даврига оид Ўрта Осиё қўлёзмалари (XIII-XV асрлар)” мавзусида ўтказилаётган халқаро конференция давом этди.

Анжуманда мамлакатимиз олимлари, Австрия, шунингдек, АҚШ, Россия, Франция, Германия, Туркия, Эрон ва Тожикистондан келган  мутахассислар, қўлёзмалар соҳасининг етук тадқиқотчилари долзарб мавзуларда жами саккизта шўъбада иш олиб борди.

Тадбирда минтақамизда кўчирилган қўлёзмаларнинг айрим қадимий нусхалари, алломаларнинг ўзаро ёзишмалари, манбалар сақланаётган кутубхона ва коллекциялар, соҳага оид янги топилмалар борасида мутафаккирларнинг алоҳида олинган асарлари юзасидан қизғин баҳс-мунозаралар юритилди. Иштирокчилар XIV-XV асрларда Марказий Осиё фиқҳий қўлёзмаларида матн композициясининг алоҳида жиҳатлари, темурийлар даври қўлёзмаларида моддият, тасвирий маданият ва қоғоз безаклари уйғунлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Минтақа қўлёзмаларидаги наср, шеърият ва образлар эса муҳокама учун алоҳида мавзу бўлди. Айниқса, “Жомеъут таворих” асарининг илк қўлёзмалари, “Шоҳнома”нинг ишчи нусхалари, шунингдек, Саъдий Шерозий қаламига мансуб “Куллиёт” асари илк нусхаларидан бирининг кодикологик ва матн хусусиятлари, Алишер Навоий девонларининг шоир ижодий лабораториясини ўрганиш манбаси бўлган умрбоқий қўлёзмалари, Фирдавсийнинг “Юсуф ва Зулайҳо” асаридаги форс қўлёзмалари анъанаси барчанинг эътиборини тортди.

Конференцияда, шунингдек, минтақамизда Ўрта асрларда қўлёзма қоғози ишлаб чиқаришнинг нисбатан тараққий топган саноати муайян манбалар мисолида эътироф этилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда қўлёзмаларни ўрганиш соҳасида олиб борилаётган хайрли ишлар ҳам хорижлик мутахассислар назаридан четда қолмади. Юртимиз фондларидаги манбаларнинг сақланиши ва ўрганилиши улар томонидан якдиллик билан ижобий баҳоланди.

Анжуман якунида икки кун давом этган тадбир сарҳисоб қилиниб, Марказий Осиё ҳудудида юзага келган қўлёзма манбаларни ҳар жиҳатдан ўрганиш орқали илмий янгиликлар яратиш истиқболлари, бу соҳага мамлакатимиз ҳукумати томонидан қаратилаётган эътибор алоҳида тилга олинди, муҳокама қилинган мавзулар юзасидан илмий хулосалар шакллантирилиб, соҳага оид долзарб саволларга жавоблар берилди.

Конференция иштирокчиларига ташкилотчиларнинг тегишли сертификатлари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«МАРКАЗ – ИЛМИЙ МАНБАЛАР ХАЗИНАСИ»

Мариан КАЦ – Нью-Йорк университети профессори – Тадқиқотларимнинг асосий йўналиши ислом ҳуқуқи ва унинг эски …