Home / МАҚОЛАЛАР / АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

АБУ ҲУРАЙРА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУГА ҚИЛИНГАН ТУҲМАТЛАРНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШДА ТАРИХИЙ МАНБАЛАР АСОСИДА ЗАМОНАВИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ҚИЁСИЙ ТАҲЛИЛИ

Маҳмуд Абу Раййа (1889-1970)

“Маҳмуд Абу Раййа 1889 йили 15 декабрда Мисрнинг Дақҳалия муҳофазасида туғилган. Умрининг кўпроқ қисмини Мисрнинг Мансура шаҳрида ўтказган. 1957 йилда Жизага кўчиб борган ва умрининг охиригача ўша ерда яшаган. Ковлий суннатлар ва баъзи муҳаддислар бўйича қилган тадқиқотлари билан машҳур бўлган. Суннатун Набавий ва хоссатан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятларни ёлғон-тўқима дейишга журъат қилган ва бу борада алоҳида китоб ёзган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу борасида бундай дейди:  “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бор-йўғи бир йилу тўққиз ой яшаган, лекин кўп ҳадис ривоят қилган. У кўплаб исроилиёт хабарларни Каъбул Аҳбор яҳудийдан қилганда нисбатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган. Ваҳолангки, Каъбул Аҳбор Умар розияллоҳу анҳу даврида Исломга кирган”.

“Азвоу алас суннатил Муҳаммадия” (Муҳаммадий суннатига кўра зиёлар) китоби машҳур асаридир. Абу Раййа мазкур китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига таъна-маломат етказишга ҳаракат қилган. Саҳобаларнинг устидан кулиб, уларнинг шаънини ерга урган. Жумладан, Набий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ҳадисларида тўқималар мавжудлиги ва ровийларидаги “Исроилиёт”дан ривоят қилувчиларининг кўп эканини, бундан ташқари, ҳадисларнинг айтилган тарихи борасида ёлғон саналадиган маълумотлар борлигини ўзининг “Қиссатул ҳадис ал-Муҳаммадий” (Муҳаммадий ҳадис қиссаси) китобида иддао қилган.

Унинг бу каби иддаоларига кўплаб забардаст олимлар раддия билдириб китоблар ёзган. 

Абу Раййа 1970 йил 11 декабрь куни 81 ёшида Жизада вафот этди.

Муҳаммад Абу Шаҳба  (1914-1983)

Муҳаммад Абу Шаҳба 1914 йил 15 сентябрда Мисрда туғилган. Отаси  уни тўрт ёшида Қуръон ўқиш ва ёзишни ўрганиши учун мактабга беради. Тўққиз ёшида Қуръони каримнинг ярмини, ўн икки ёшида тўлиқ ёд олади. 1925 йилда Дасуқдаги диний мактабда, 1930 йилда Тантодаги ўрта мактабда таълим олади. 1935 йилда Усул ад дин факультетига ўқишга кириб, 1935 йилда талабаларнинг энг саралари ҳисобида олий дипломни қўлга киритади. Сўнг тафсир ва ҳадис илмлари борасида магистрлик ўқишини давом эттиради. 1944-1946 йилларда докторлик ишини ҳимоя қилади.

Муҳаммад Абу Шаҳба ҳаёти давомида шуҳратга ва мансабга интилмаган, ишини жимгина қиладиган холис олимлардан эди. Шунинг учун ҳам уни фақатгина толиби илмлар таниган, замондошлари унга “улуғлар отаси”, яъни энг улуғ инсон, дея ном берган. Муҳаммад Абу Шаҳба муфассир, ўз даврида ҳадис бўйича тенги кам бўлган олим, ҳаётини суннати Набавий хизматига бағишлаган инсондир. У Азҳари шариф, Саъудия, Бағдод ва Судан университетларида дарс берган. Унинг 22 та асари бор.

Муҳаммад Абу Шаҳба бутун умрини илмга, Исломга бағишлади. 1983 йилнинг 15 июлида 69 ёшида Мисрнинг Мадинати Наср шаҳрида вафот этди.

Исломда саҳобаларнинг ўрни. Абу Раййа ўз китобида буюк саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳолига ҳам тўхталиб, таъна тошларининг барчасини, битта ҳам қолдирмай, саҳобага отиб чиққан. Жумҳур аҳли илмлар қабул қилган “Саҳобаларнинг барчаси адолатлидир” деган қоидани оёқ ости қилиб, бошқа саҳобаларни ҳам ёмонлаган. Улар айтмаган гапларни айтди, деб туҳмат қилган. Шу мулоҳазалардан келиб чиқиб, ҳақ қарор топиши учун бошқа раддиялар қатори саҳобалар розияллоҳу анҳум мавзусига ҳам тўхталиб ўтишни лозим топдик.

       Уламолар, ҳадис имомлари наздида саҳоба – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мўмин ҳолатида йўлиққан ва иймонда вафот этган инсондир. Шу таърифга кўра, муртад бўлиб, муртад ҳолида вафот этса, саҳобалиги кетади. Аммо тавба қилиб, исломга қайтса, саҳиҳроқ қавлга кўра, унга яна саҳобалик нисбати берилади. Зоҳиридан мусулмон кўриниб, ичида куфр эътиқодда бўлган мунофиқлар ҳам саҳоба саналишмайди.          Жумҳур уламолар саҳоба бўлиш учун узоқ вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиш, бирга Аллоҳ йўлида жиҳодларга чиқиш, инфоқлар қилиш керак, деган шартни қўйишмаган. Баъзи олимларгина шарт қилиб: “Ҳеч бўлмаганда бир-иккита ғазот қилган бўлсин”, деганлар.

Кўпчилик уламолар юқоридаги шартларни қўйишмаса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаган, ҳадислар эшитган, бирга ғазот қилган, у зотга ёрдам бериш учун жонию молини фидо қилган саҳобалар бошқа саҳобалардан афзалроқ ва буюкроқ эканини очиқ айтишган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар “Шарҳу Нухбатил фикар” китобида айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни лозим тутган, у зот билан бир сафда жанг қилган, у зотнинг байроқлари остида жон берган саҳобалар у зотни лозим тутмаган, ғазотга чиқмаган, озгина бирга бўлган, саноқли марта суҳбатлашган, узоқдан қараган ёки ёшлигида кўрган саҳобалардан устун турадилар. Лекин умумий олганда барчалари саҳобий саналишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис эшитмаган саҳоба агар у зотдан ҳадис ривоят қилса, ушбу ҳадис мурсал саналади, аммо саҳобалик шарафига эришганлари боис саҳобалар сафида зикр қилинаверишади”.

Аллоҳ таоло шу маънога эътиборимизни қаратиб, марҳамат қилади:

 

لَا يَسْتَوِي مِنْكُمْ مَنْ أَنْفَقَ مِنْ قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَ ۚ أُولَٰئِكَ أَعْظَمُ دَرَجَةً مِنَ الَّذِينَ أَنْفَقُوا مِنْ بَعْدُ وَقَاتَلُوا ۚ وَكُلًّا وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَىٰ ۚ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

Сизлардан ҳеч ким фатҳдан илгари нафақа қилганларга ва урушга қатнашганларга баробар бўла олмас. Уларнинг даражалари фатҳдан сўнг нафақа қилгани ва урушда қатнашганлардан кўра буюкдир. Аллоҳ барчаларига яхшиликни ваъда қилган. Ва Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардордир.[1]

Саҳобаларнинг барчаси адолатли саналади. Жумҳур муҳаддислар, фақиҳлар ва усул уламолари наздида барча саҳобалар адолатлидир. Бунинг маъноси шуки, улар иймонлари кучли, тақво ва мурувватлари юқори, ахлоқлари гўзал, кераксиз ишлардан узоқ зотлар бўлишгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қасддан ёлғон тўқишмайди. Аммо бу улар гуноҳлардан, адашиш ва қоқилишлардан маъсум бўлишган дегани эмас, албатта. Бу гапни биронта олим айтмаган. Жумладан, уларнинг адолатли эканида ҳам ҳеч ким ихтилоф қилмаган. Бир тоифа бидъатчилар хилоф қилган, холос.

Саҳобалар адолатли эканининг далили Аллоҳ таоло уларни пок, умматнинг энг яхшилари, адолатли ва тақводорлари эканини айтганидир. Аллоҳ таоло айтади:

وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَاكُمْ أُمَّةً وَسَطًا لِتَكُونُوا شُهَدَاءَ عَلَى النَّاسِ وَيَكُونَ الرَّسُولُ عَلَيْكُمْ شَهِيدًا

“Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун сизларни ўрта миллат қилдик”.[2]

Оятдаги “Васат” дегани энг яхши, адолатли, ўрта деганидир. Зеро, ҳар нарсанинг ўртаси энг яхши ва адолатли нуқтаси бўлади. Бошқа оятда айтади:

كُنْتُمْ خَيْرَأُمَّةٍأُخْرِجَتْلِلنَّاسِتَأْمُرُونَبِالْمَعْرُوفِوَتَنْهَوْنَعَنِالْمُنْكَرِوَتُؤْمِنُونَبِاللَّهِۗ

“Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз.”[3]. Шубҳасиз, юқорида икки оят аввало саҳобаларни ўз ичига олади.

Саҳобаларни мақтайдиган, уларнинг фазли ва устунлигини эълон қиладиган, содиқ иймонлари ва ихлосларини ҳамда юксак ахлоқларини изҳор қиладиган оятлар жуда бисёр. Еру осмонларда бирон нарсадан бехабар бўлмайдиган Зот – Аллоҳ таолонинг мақташидан-да буюкроқ мақтов борми? Ким ҳам Аллоҳдан кўра ростгўй бўларди?!          

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам саҳобаларнинг адолатли эканини таъкидлаб ўтганлар. У зотларнинг фазл ва фазилатлари кўп бўлгани учун ҳақларига риоя қилишга, ҳурмат кўрсатишга, уларга озор бермасликка ва номларини поймол қилмасликка буюрганлар.

 عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « لاَ تَسُبُّوا أَصْحَابِى فَوَالَّذِى نَفْسِى بِيَدِهِ لَوْ أَنَّ أَحَدَكُمْ أَنْفَقَ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا مَا أَدْرَكَ مُدَّ أَحَدِهِمْ وَلاَ نَصِيفَهُ ». قَالَ هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ. وَمَعْنَى قَوْلِهِ « نَصِيفَهُ » يَعْنِى نِصْفَ الْمُدِّ.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Саҳобаларимни сўкманг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, биронтангиз Уҳуд тоғичалик тилло садақа қилсангиз ҳам уларнинг бир муд, ҳатто ярим муд ҳам сақада қилганларига ета олмайсиз”, дедилар.[4]

Имом Термизий “Жомеъ”сида, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”ида Абдуллоҳ ибн Муғаффалдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

Саҳобаларим борасида Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳдан қўрқинг. Мендан сўнг уларни нишон қилиб олманглар. Ким уларни яхши кўрса, мени яхши кўргани учун уларни яхши кўрибди. Ким уларни ёмон кўрса, мени ёмон кўргани учун уларни ёмон кўрибди. Ким уларга озор берса, менга ҳам озор берган бўлади. Ким менга озор берса, Аллоҳгаозорберган бўлади. Ким Аллоҳгаозорберса, уни (азоби ила) ушлашлиги яқиндир”.

Бу маънодаги ҳадис ва асарлар кўп бўлиб, саҳобаларнинг фазли борасида биз шу билан кифояланамиз. Саҳобалар тарихи ва сийратларини ўқиган, уларнинг илми, амали, тақвоси, покдамон хулқлари, нафсу ҳаво ва ҳаром шаҳватлардан узоқда бўлганларини билган одам буни теран англаб етади. Катта саҳобалар, айниқса, рошид халифалар ҳар бир саҳобанинг, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир марта кўрган саҳобанинг ҳам  фазлини назардан четда қолдиришмаган.

Ривоят қилинишича, Умар Форуқ розияллоҳу анҳунинг олдига ансорларни мазах қилган бир бадавий одамни олиб келишибди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба бўлиш орқали эришган фазли бўлмаганида ўзим билардим уни нима қилишни. Аммо саҳобалиги бор экан”, дейдилар.[5]

Уламоларимиз мазкур барча фазилатларни англаб етишган эди. Ҳофиз Аҳмад Байҳақий ривоят қиладики, тақвоси, ақли, илми ва заковатини барча эътироф этган Имом Шофеъий “Рисола” китобида саҳобаларни зикр қилиб, улар лойиқ бўлган мақтовлар билан мақтаган. Жумладан, шундай деган: Саҳобалар илмда, ижтиҳодда, тавқо ва ақлда ҳамда ҳукм истинбот қилинадиган ишларда биздан устундирлар. Уларнинг фикрлари биз учун ўз фикрларимиздан ҳам яхшироқ ва авлороқдир”.[6]

Имом Абу Зуръа Розий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта саҳобаларига тил узатаётган бирон кимсани кўрсанг, билки у одам зиндиқ[7] бўлади. Сабаби, Пайғамбар ҳам, Қуръон ҳам, ундаги оятлар ҳам ҳақ. Буларни эса бизга фақатгина саҳобалар етказиб беришган. Анави зиндиқлар эса Қуръон ва ҳадисларни йўқ қилиш учун шоҳидларимиз бўлган саҳобаларга таъна етказишмоқда. Уларнинг ўзлари таънага лойиқ кимсалардир. Улар зиндиқ инсонлардир”.[8]

Улуғ саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳучалик ноҳақ танқидий ўқлар отилган бирор бир саҳоба бўлмаса керак. Бу айбловларнинг илдизи узоқ тарихга бориб тақалади. Аллома ибн Қутайба ўзининг “Ихтилофли ҳадисларнинг ечими” номли асарида Наззом ва унга эргашган аҳли бидъатлар томонидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга бўҳтонлар қилинганини айтган. Ислом динида етук уламолардан бўлган кишилар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни обрў-мартабаларини туширадиган бирор нарсада айблаганларини учратилмаган. Аммо баъзи бир мусташриқлар, юқоридаги туҳматчиларни гапларига алданишди. Кейин бизга ўзларини ҳали пишиб етилмаган фикрлари-ю, ноҳақ айбловларини рўбарў қилишди.

Шу ўринда мусташриқлардан таъсирланган суннат инкорчиларининг бу ҳийлалари ортидан ғаразли мақсадларни кўзлашганидан огоҳлантириб қўйишни маъқул топдим. Улар баъзан саҳобаларга, баъзан эса ҳадисларга таъна қилиш билан ислом шариатининг иккинчи ўзаги бўлмиш суннат борасида мусулмонлар орасида шубҳа қўзғатмоқчи бўлишади. Бордию мусулмонлар у борасида шак-шубҳага бориб қолишса, Қуръонни тушунишлари ва ундаги маъноларни тўлиқ англаб етишлари қийин бўлиб қолади. Чунки суннат Қуръон оятларини шарҳлаб, маъноларини баён қилиб берадиган манбадир. Агар Қуръон мусулмонларга бегона китобдек бўлиб қолса, унда ислом ва мусулмон уммати ҳалокатга юз тутади.

Улар бугунги мусулмонларнинг баъзи китобларига ўз таъсирини ўтказмай қолишмади. Мусташриқларнинг бу ботил даъволарига улар ўз асарларида эргашиб, ҳужжати бўлмаган гапларни қайта-қайта келтиришди. Бу ҳам етмаганидек, уларнинг гапларига баъзи бир қўшимчалар ҳам киритишди. Мана буларнинг ҳаммаси илмий изланиш ва мунозара шиори остида ўзларининг “заҳар”ларини сочишди. Тадқиқотлардан шу нарса маълум бўлдики, улар ўйлаган бу ишлари соф илм ва ҳақиқий баҳс-мунозарадан йироқдир.

“Азво алас-Сунна” китобининг муаллифи Абу Раййа келиб, ана улар айтган гапларини такрорлади. Нафақат такрорлаш, балки  оловга ёғ сепди. У ўз китобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шиори остида мавзу бошлаб, уни ҳар қандай бўҳтон гаплар билан тўлдириб ташлади. Қолаверса, бу иши билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобаларга ҳужумга ўтиб, уларни ёлғончилик ва ҳадис тўқишликда айблади. Ибн Қутайба ўз китобларида Наззом ва унга эргашганлар нақл қилган гапларни пойма-пой, битта қолдирмасдан кўчириб олган.[9]

Муаллиф Абу Раййа ўзининг мақсадига етишиш йўлида нақлларнинг баъзи қисмларини кесиб олди. Бу худди Нисо сурасининг 43-оятидаги “Намозга яқин келманглар…” жумласини олиб, “… маст бўлган ҳолингизда” жумласини тарк қилишга ўхшайди. Улар баъзи бир саҳиҳ ривоятларни ўзларига тўғри келмагани учун тарк қилиб, бошқа ўзларига мувофиқ бўлган заиф ривоятларни далил қилишади.

Бу, яъни Абу Раййа қилган ишни кўрсатиб бериш борасидаги иқтибос инсоф доирасида амалга оширилганини исботи учун у келтирган воқеаларни айрим қисмлари кесиб ташланганликларига қуйидаги мисолларни келтирамиз: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ёлғончиликда айблаганида келтирган далили қуйидагича: “Зубайр у (Абу Ҳурайра)нинг ҳадисларини эшитганида: “рост, ёлғон”, – деди.[10]

Бу ҳадисни матнидан Зубайр розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни ёлғон ҳадис тўқишда айблаганидек кўринади. Аслида эса бу матн тўлалигича келтирилса, ҳақиқат аён бўлади. “Ал-бидая ван-ниҳая” китобининг муаллифи бундай келтиради: “Урва ибн Зубайрдан ривоят қилинади. У киши: “Отам менга: “Мана бу Яманлик киши (яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу)ни менинг олдимга олиб келгин, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадис ривоят қилаётган экан”, дедилар. Мен олиб келдим. Абу Ҳурайра ҳадис айта бошлади. Зубайр: “рост, ёлғон”, –  дер эди. Мен: “Отажон, “рост, ёлғон” деган сўзларингизнинг маъноси нима?” деб сўрадим.  Шунда отам: “Бу ҳадисларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганига шубҳам йўқ, лекин айримлари ичида ўз ўрнига қўйган, айримларини эса йўқ”.[11]

Юқорида матн тўлиқлигича келтирилганида Абу Раййа келтирган маълумотнинг акси келиб чиқади. Янада тушунарли қилиб айтсак, ҳадисдаги баъзи сўзларнинг айримлари ўз ўрнига қўйилгани ва айримлари эса ўз ўрнига қўйилмаганини тушуниш мумкин.

Шунга ўхшаш мисоллардан яна бири, ривоят қилинган ҳадислардан ўзига далил бўладиган жойини олиб, қолганини тарк қилган ўринки, буни Абу Раййа китобининг 192-саҳифасида келтирган: “Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни Баҳрайнга волий қилиб қўйди. Сўнгра у (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу)нинг омонатга путур етказадиган баъзи бир нарсалар қилгани қулоғига чалиниб, у кишини ишдан олди ва ўрнига бошқа кишини волий этиб тайинлади. Ана шунда у кишига қаттиқ гапириб, ҳақоратлади”.[12]

Ҳақиқат юзага чиқиши учун муаллиф келтирган қиссани асл манбасига йўллаб қўйиш ва шу сабабли ҳақиқатни юзага чиқариш мақсадга мувофиқдир. Зеро, нарсалардаги ҳақиқатни билиш учун у муқояса қилинади ва ҳақиқатига етиб борилади. Саҳобаларнинг тарихи борасида энг ишончли манбалардан бири “Ал Исоба” китобида келган қиссани эътиборингизга ҳавола қиламиз: “Абдурраззоқ бизга Маъмардан, у киши Айюбдан, у киши эса ибн Сириндан ривоят қилиб айтадиларки: Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни Баҳрайнга волий этиб тайинладилар. У киши ўн минг олиб келдилар. Шунда Умар: “Бу пулларни қўлга киритибсан, хўш, қаердан олдинг буларни?”, дедилар. У киши деди: “Отлар туғиб кўпайди, кетма-кет ҳадялар келди, яна ўзимга тегишли қулларнинг солиғини тўпладим”.  Шунда Умар унга қарадилар ва қандай айтган бўлсалар худди шу ҳолатда топдилар. Сўнг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни чақириб, яна волийлик қилишларини таклиф қилганларида, у киши бош тортди. Шунда Умар: “Ахир сендан кўра яхшироқ бўлган киши (яъни Юсуф алайҳис салом) мансабга ўтиришни талаб қилганку?!», деганларида, Абу Ҳурайра: “У киши Юсуф ибн Набийюллоҳ ибн Набийюллоҳ эди, мен эса Абу Ҳурайра ибн Умаймаман.  Мен уч нарсадан қўрқаман: “Илмсиз гапириб қўйишдан, нотўғри ҳукм чиқариб қўйишдан ва белимга урилиб, обрўйим поймол қилиниб, бор-будимни йўқотишдан”, –  дедилар.

Ҳофиз Ибн Касир “Бидоя”да ҳудди шу қиссани зикр қилиб, ортидан: Умар биринчи бор волийлиги вақтида ўн икки минг зиммасига юклаган. Шу сабабли иккинчи марта волийликдан бош тортгани ҳақидаги бошқа бир ҳикояни келтирганлар.[13]

Абдурраззоқдан қилинган бу ривоятида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга нисбатан бўҳтон эмас, балки мақтов бор. Шунингдек, кишиларни таржимаи ҳоли бўйича чуқур илм эгаларидан бўлган икки буюк имом (Имом Бухорий ва имом Муслим) ҳам ўзларининг китобларида Абу Ҳурайрадан ҳадис ривоят қилишга иттифоқ қилишган. Ибн Касир бошқа ривоят келтиришига қараганда, у киши туҳмат ривоятга рози бўлмаган. Қолаверса, Абдурраззоқ буюк имомлардан. Унинг ривояти Ибн Касир берган маълумотлардан кўра эътиборли саналади.

Бундан ташқари, Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳақларида худди муаллиф айтганидек гумонда бўлганида, унга иккинчи маротаба волийликни таклиф қилар эдими?! Форуқнинг сифати ва волийларга нисбатан у кишининг қаттиққўл эканликлари ҳаммага маълум эмасми? Бу билан бизга Абдурраззоқнинг ривояти ишониш лозим бўлган ривоятлардан экани равшан бўлади.

Китобининг 163-бетида келтирган қуйидаги ривояти ҳам шулар жумласидандир: “Умар розияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Эй Абу Ҳурайра, кўп ривоят қилиб юбордингку! Расулуллоҳга ёлғон гапираётган бўлишинг ҳеч гап эмас!” деди ва агар Расулуллоҳдан ҳадис айтишни қўймаса, ўз юртига сургун қилиб юборишини айтди: “Ё Расулуллоҳдан ҳадис айтишни қўясан, ё сени Давс ерига жўнатиб юбораман!”[14]

Бунга жавобан Муҳаммад Абу Шаҳба шундай дейди: “Ишончли китобларнинг бирортасида Умар уни ёлғонда айблагани ҳақида топа олмадим. Фақат муаллиф буни бадиий китоблар ёки шунга ўхшаш нарсалардан топган бўлиши мумкин ёки хаёлий тасаввурлари маҳсулидан олгандир. Ундан ташқари, Умарнинг Абу Ҳурайрани Давс ерига сургун қиламан деган таҳдидидан уни ёлғончиликда айблаётганининг ҳиди ҳам келмайди! Балки бу эҳтиёткорлик ва қаттиққўлликдан бошқа нарса эмас. Зеро, кўп ҳадис ривоят қилган одамдан хато ва камчиликлар кутилиши табиийдир. Ҳазрати Форуқ ҳадис ривоят қилишда қаттиқ эҳтиёткор экани эса барчага маълум.[15]

[1] Ҳадид сураси, 10-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ўзбекча маънолари таржимаси. Туркия диёнат ишлари бошқармаси. Истанбул. 2017. Б-338.
[2] Бақара сураси, 143-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ўзбекча маънолари таржимаси. Туркия диёнат ишлари бошқармаси. Истанбул. 2017. Б-15.
[3] Оли Имрон сураси, 110-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ўзбекча маънолари таржимаси. Туркия диёнат ишлари бошқармаси. Истанбул. 2017. –  Б.38.
[4] Имом Термизий. Сунан Термизий. 4234 рақамли ҳасан саҳиҳ ҳадис.
[5] Имом Бағавий “Ҳадис Али ибн Жаъд” китобида зикр қилган.
[6] Муҳаммад Абу Шаҳба. Дифоъ анис сунна. Дорул Қудус ал Арабий. Қоҳира.2019 йил. – Б.202.
[7] Зиндиқ — адашган, пасткаш, зоҳирида имонли кўринган, аслида кофир кимса маъносида.
[8] Муҳаммад Абу Шаҳба. Дифоъ анис сунна. Дорул Қудус ал Арабий. Қоҳира.2019 йил. – Б.202.
[9] Наззомия фирқаси мусулмон мўътазила фирқаси саналади. Унинг асосчиси Иброҳим ибн Саййор ибн Ҳоний Наззом ал Басрий. Мелодий 777 йили Басрада туғилган. Фалсафачилардан таъсирланган. Абу Ҳузайл Аллоф қўлида мўътазила таълимотини олган. Мўътазиланинг энг катта олимларидан бўлган. Кейинроқ ундан ажраб ўзи алоҳида мустақил Наззомия мазҳабига асос солган.  36 та китоб ёзган. Шогирди Жоҳиз уни сифатлаб туриб, “Ҳар минг йилда бир келадиган шахс”, “замонасида тенгсиз” эканини айтган. Аҳмад Амин: “Мўътазилалар ундан кейин унга қарам, боқиманда бўлишган”, дея таърифлаган. У 836 йили Бағдодда вафот этган.
[10] Муҳаммад Абу Шаҳба. Дифоъ анис сунна. Дорул Қудус ал Арабий. Қоҳира.2019 йил. – Б.205
[11] Юқоридаги манба. – Б.206. Абу Ҳайсама “Тарих” китобида. Ибн Асокир “Тарих Димашқ” китобида келтирган.
[12] Муҳаммад Абу Шаҳба. Дифоъ анис сунна. Дорул Қудус ал Арабий. Қоҳира.2019 йил. – Б.206.
[13] Муҳаммад Абу Шаҳба. Дифоъ анис сунна. Дорул Қудус ал Арабий. Қоҳира.2019 йил. – Б.207.
[14] Абу Зуръа Димашқий “Тарих”да келтирган.
[15] Муҳаммад Абу Шаҳба. Дифоъ анис сунна. Дорул Қудус ал Арабий. Қоҳира.2019 йил. Б.208.
ОЛИМХОН ЮСУПОВ,
Ҳадис илми мактаби ректори

Check Also

СИЗГА МАЛОЛ КЕЛМАГУНЧА АЛЛОҲГА МАЛОЛ КЕЛМАЙДИ

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ …