Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

“Буюк саркарда, адолат ва улуғворлик тимсоли”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди.

Илмий ходимлар иштирок этган тадбирни Марказ раҳбари Шовосил Зиёдов очиб, Темурнинг улуғвор сиймоси, у барпо этган салтанат қудратининг давлатчилигимиз тарихида тутган ўрни ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги муҳим аҳамиятини қайд этди.

Марказ илмий ходими Баёзхон Маҳмудов саркарда сийрати ва Темурийлар даврининг ўзига хос жиҳатларига тўхталди. Адолат курашчиси, илм-фан, маданият ва таълим пешвоси, бобокалонимиз Амир Темур сиёсат майдонига 24 ёшда кириб келган. У мамлакатда парокандалик, маҳаллий-сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олган, Чингизхон авлодлари Мовароуннаҳрга тез-тез босқин уюштириб турган пайтда жамиятда озодлик ва тараққиётга бўлган интилишлар эпкини бўлиб, ғайратли йўлбошчи сифатида тарих саҳнасига чиқди. Мовароуннаҳрдаги Иккинчи Ренессанс ҳам темурийлар даври билан боғлиқ бўлиб, Темурнинг тахтга келиши билан бошланган.

Тадбирда Соҳибқироннинг жасорати, ватанпарварлиги, халқпарварлиги, ҳам инсон, ҳам давлат бошлиғи, ҳам донишманд сифатидаги хислатлари ҳар қандай шахс ва раҳбар учун намуна, беназир мактаб экани таъкидланди. Амир Темурнинг ибратли ҳаёти ва улуғвор ишлари маънавиятни ривожлантириш, халқ қалбида миллий ғурур туйғусини янада кучайтириш, ўзликни англаш, миллатимиз нималарга қодирлигини дунёга намойиш этишда доим ёрқин маёқ бўлиши эътироф этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …