«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури асосида юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган ички туризм ярмаркаси Самарқандда ҳам ташкил этилди. Ушбу ярмарка 30 март куни Регистон ансамблида бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 январдаги «Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил қилинган кўргазма очилишида юртимизнинг кейинги йилларда тобора юксалаётган сайёҳлик салоҳияти, хусусан зиёрат ва ички туризмини янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.
Мирзо Улуғбек мадрасаси ҳовлисида ўтказилган ярмаркада Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ҳам кўргазмали бурчаги ташкил этилиб, унда Марказ томонидан нашр этилган китоб ва рисолалар, араб каллиграфияси, ислом хаттотлик санъати намуналари ҳамда вилоятнинг зиёрат туризми салоҳиятига оид фотосуратлар намойиш қилинди.
Иштирокчилар ўтказилган тадбир ҳудуднинг зиёрат ва ички туризми имкониятларини ёритишда амалий жиҳатдан муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Ярмарка хорижлик ва маҳаллий сайёҳларда катта таассурот қолдирди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот маркази