Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қозоғистонда янги китоб ва маълумотлар тақдим этилди

Қозоғистонда янги китоб ва маълумотлар тақдим этилди

Жорий йилнинг 29 март куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университети томонидан Хожа Аҳмад Яссавий таваллудининг 930 йиллиги муносабати билан «Хожа Аҳмад Яссавий – аср мутафаккири» номли халқаро илмий-амалий конференция бошланди.

Яссавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, унинг ҳикмат ва тамойилларини таълим тизимга жорий этиш, маҳаллий ва хориж олимларининг бу борадаги тадқиқотларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган анжуманда 10 га яқин давлатдан келган 50 га яқин олим маърузаси тингланди.

Анжуман ишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Мехрожиддин Амонов ҳам иштирок этиб, «Зарафшон воҳаси сўфийлик тарихи бўйича «Иршоднома» таҳлили» мавзусида маъруза қилди.

Маърузачи Яссавия тариқатининг Зарафшон воҳасида фаолият олиб борган шайхлари ҳаёти, ижоди ва тарихига оид янги маълумотлар билан ўртоқлашди.

Олим, шунингдек, Марказ томонидан нашр этилган «Ат-Тариху-с-сағир», «Сунани Доримий», «Ҳадис истилоҳлари энциклопедияси», «Иқоний», «Марказий Осиёда нақшбандия-мужаддидия тариқати (XVIII-XIXасрлар)» китобларини тақдимот қилди.

Марказнинг тақдимот қилинган нашрлари Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университети кутубхона фонди учун университет ректори Жанар Темирбековага топширилди.

Конференция эртага ишини давом эттиради.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …