Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ олимлари – илмий сафарда

Марказ олимлари – илмий сафарда

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бўлим бошлиғи Шукурилло Умаров Жазоирдаги Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази раҳбари Др.Аҳмад Сағир таклифига биноан Жазоир Халқ Демократик Республикасида илмий сафарда бўлиб турибди.

Марказ илмий ходимлари Жазоир маданият, фан ва таълим вазирлиги ҳамда Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази ҳамкорлигида Жазоирнинг Лагуат шаҳрида Шайх Саййидий Аҳмад ибн Ҳурма таваллудининг юз йиллиги муносабати билан Сўфийлик таълимоти маданияти фестивали доирасида «Тасаввуф наволари: инқилоб оҳанги ва куйлари» мавзусида ўтказилаётган ўнинчи семинарда мамлакатимиз вакиллари сифатида қатнашмоқда.

Анжуманда 20 га яқин давлатдан 300 дан зиёд профессор ва тадқиқотчилар, соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.

«Шайх Саййидий Аҳмад ибн Ҳурма ва унинг Қодирия тариқати илми ривожига қўшган ҳиссаси», «Тасаввуф куйлари санъати ва унинг қадимий тамаддуни» ҳамда «Жазоирда тасаввуф тарихи» деб номланган шуъбаларни ўзида жам қилган семинарда Марказ директори Ш.Зиёдов «Ўзбекистон ва Жазоир ўртасидаги илмий алоқалар ривожи» мавзусида маъруза қилди.

Семинар ҳафта охиригача давом этади.

Сафар давомида Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази раҳбарияти ва Жазоирдаги турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш юзасидан музокаралар олиб бориш ҳам назарда тутилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …