Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси истиқболдаги имкониятлар кўламини кенгайтиради

Ҳамкорликнинг ҳуқуқий асоси истиқболдаги имкониятлар кўламини кенгайтиради

Бугун, 15 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Туркия Қўлёзма асарлар Бош бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид англашув меморандуми имзоланди.

Истанбулда жойлашган Бошқарма ёзма ва босма асарларни тўплаш, сақлаш, уларни илмий ҳамда маданий соҳаларга татбиқ этиш билан шуғулланадиган давлат муассасаси бўлиб, қўлёзмаларга ихтисослашган кутубхона сифатида фаолият юритади. Анқара, Истанбул ва Конья шаҳарларида минтақавий бўлинмаларига эга мазкур муассасада кутубхона ишидан ташқари қўлёзмаларни тиклаш ва реставрация қилиш амалиёти ҳам олиб борилади.

Ўзаро ҳамкорлик таклифи Марказ раҳбарининг 2021 йил ноябрь ойида Бошқарма ҳузуридаги Сулаймония кутубхонасига қилган ташрифи (ташрифи сўзи кўк ҳаволага “ДУНЁДАГИ ЭНГ ЙИРИК ҚЎЛЁЗМА КУТУБХОНАЛАРИДАН БИРИГА ТАШРИФ”, 5 ноябрь, 21 йил) чоғида билдирилган бўлиб, эришилган келишувлар натижасида Марказ ходимлари 2022 йилдан буён Бошқармада қўлёзма ва тошбосмаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш бўйича ташкил этилаётган малака ошириш ўқув курсларида муваффақиятли қатнашиб келмоқда.

Онлайн тарзда ўтказилган маросимда томонлар имзоланган меморандум қўшма лойиҳаларнинг амалий самарасини оширишга, ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтаришга ҳамда истиқболдаги имкониятлар кўламини янада кенгайтиришга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Ҳужжат қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, конференция, семинар, симпозиумлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарсларини ташкил этиш, ходимларнинг ўзаро тажриба алмашувини йўлга қўйиш, қўлёзмаларни рақамлаштириш, каталоглаштириш ҳамда ноширлик соҳаси ва бошқа кўплаб йўналишларда изчил ҳамкорликни назарда тутади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

“Маърифат карвони” — маънавиятнинг нурли йўлида

“Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот лойиҳаси доирасида 5 декабрь куни Қашқадарё, Навоий, Андижон ва …