Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказлар раҳбарлари – Учтепа туманида

Марказлар раҳбарлари – Учтепа туманида

6 март куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбар ходимлари пойтахтнинг Учтепа туманида маънавий-маърифий тадбир ўтказди.

Унда Учтепа ва Юнусобод туманлари ҳокимларининг ўринбосарлари ва ижтимоий соҳа ходимлари, давлат ташкилотларининг туманлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маъруза қилиб, Мовароуннаҳрда туғилиб ўсган азиз-авлиёлар, олиму мутафаккирларнинг хотира ва меросини тиклаш, хоки абадий қўним топган жойларни ободонлаштириш, улар номи билан аталувчи зиё масканларини ташкил этиш борасида қилинаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берди.

Иштирокчилар буюк алломаларимиз асарларидаги маърифатпарварлик ва инсонпарварлик ғояларини кенг жамоатчиликка етказиш, давлат хизматчилари ва раҳбар ходимларнинг маънавий-ахлоқий салоҳиятини янада ошириш, улуғ аждодларимиз маънавий меросининг аҳамиятини илмий асослаш ва шу орқали ёшларни жаҳолатга қарши маърифат руҳида тарбиялашда ушбу анжуман муҳим ўрин тутганини таъкидлади.

Тадбирда “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …