Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тарғибот тадбирлари – Хивада

Тарғибот тадбирлари – Хивада

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари 6 март куни тарғибот тадбирини Хива туманида ўтказди.

Унда туман ҳокими ўринбосарлари, ижтимоий соҳа вакиллари, давлат ташкилотларининг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Учрашувда Мовароуннаҳр, хусусан, кўҳна Хоразм заминидан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон фани ва маданияти равнақига қўшган беназир ҳиссаси, улар асарларининг миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтиришдаги беқиёс аҳамияти ҳақида сўз борди.

Туман ҳокимининг ўринбосари Анвар Худоёров ўз буюк аждодларини эъзозлаган, уларнинг илмий мероси, бунёдкорлик ғояларини маънавий тараққиёт асоси деб билган халқ ҳеч қачон кам бўлмаслиги, бунинг учун ҳар бир касб ва мансаб эгаси ахлоқ ва тарбия масаласига вазифасидан келиб чиқиб, масъулият билан ёндашиши лозимлигини таъкидлади.

Тарғибот гуруҳи аъзолари “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маъруза қилди.

Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …