Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Сурхондарёдаги тадбир Деновда ўтди

Сурхондарёдаги тадбир Деновда ўтди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи Сурхондарёда Денов, Сариосё ва Узун туманлари вакиллари билан маърифий учрашув ўтказди.

Туманлар раҳбарлари ва ижтимоий соҳа вакиллари, давлат ташкилотларининг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, умумтаълим мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Тадбирда аллома аждодларимиз қолдирган бой илмий мероснинг маънавий ва маърифий аҳамияти кенг ёритилди. Биргина воҳанинг улуғ мутафаккири Имом Термизий “Сунани Термизий” асарида 4 мингдан ортиқ ҳадис жамлаган. Асарда одоб-ахлоққа оид нодир билимлар мужассам. Бу эса маърифий соҳада ҳали кўп ўрганиш, татбиқ ва тарғиб этиш масъулиятини беради.

Тарғиботчилар “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маърузалар қилди.

Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Юракни мадҳ этган садо!

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан Марказда “Юракни мадҳ этган садо!” шиори …