Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ЯНГИ НАШРЛАРИНИНГ ТАҚДИМОТИ

МАРКАЗ ЯНГИ НАШРЛАРИНИНГ ТАҚДИМОТИ

Тошкент шаҳрида 1 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.

Тадбир халқимиз, айниқса, ёшлар орасида Имом Бухорий ва бошқа аллома аждодларимиз илмий меросини кенг тарғиб этиш, ҳамюртларимизни моддий ва маънавий қадриятларни мустаҳкамловчи маърифатдан баҳраманд қилиш мақсадида ташкил этилди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўлинмаси масъул ходими Жасур Нажмиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Жалолиддин Ҳамроқулов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Уйғун Ғофуров, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари ҳамда Марказ илмий ходимларидан иборат жами 30 киши иштирок этди.

Умумий ҳисобда Марказ томонидан 2023 йил давомида нашрга тайёрланган Имом Бухорийнинг “Ат-Тарихус сағир”, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Хотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий”, Абу Азабанинг “Ар-Равзатул баҳийя фийма байнал ашоъира вал мотуридийя”, Имом Доримийнинг “Сунани Доримий”, Алоуддин Косонийнинг “Косоний ақидаси”, Саййид Абдулможид Ғаврийнинг “Ҳадис илми истилоҳлари энциклопедияси” асарлари, шунингдек, “Ислом динида тинчлик” ва “Ғулувнинг хатарлари” номли рисолалар тақдим этилди.

Тақдимотнинг очилишида сўзга чиққанлар Имом Бухорий ва бошқа аллома аждодларимиз меросини ўрганишнинг аҳамияти, тақдим этилаётган китобларнинг илмий қиймати, мутафаккирлар асарларини тадқиқ этиш борасидаги ишларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар, шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталди.

 

Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари мажмуаси Бош котиби, доктор Муҳаммад Назир Айяд ҳамда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) Бош директори, профессор Маҳмуд Эрол Қилич видеотабрик йўллади. Тақдим этилаётган янги нашрларга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятининг ёрқин натижаси сифатида юксак баҳо бериб, Марказ ва барча ҳамкор муассасаларни, бутун ўзбек халқини ушбу муҳим воқеа билан муборакбод этди. Ходимлар олиб бораётган тадқиқотлар, таржималар аллома аждодларимиз меросини тиклашга, замондошларимизни улар қолдирган бой маънавий хазинадан кўпроқ, тўлиқроқ баҳраманд этиш ва пировардида ислом имларини янада тараққий топтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Маросимда сўз олганлар буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси бугунги кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиз заминидан етишиб чиққан алломаларнинг ислом илмлари ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этди.

  

Дарҳақиқат, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашрга тайёрланган янги китоб ва рисолалар исломнинг асл қадрият ва тамойилларини ҳамда инсонпарварлик ғояларини тараннум этишда, замонлар оша юксак қадр-қимматини йўқотмай келаётган асарларнинг туб моҳиятини очиб беришда муҳим дастуруламалдир. Она тилимизда чоп этилган мазкур асарлар мутафаккирларимиз илмий қарашлари маъносини янада яхшироқ англашга, улар таълимотини янада теран идрок этишга асос бўлиб хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …