Home / ЯНГИЛИКЛАР / НУҚТАСИЗ ЁЗИЛГАН ҚЎЛЁЗМАЛАР ёхуд шонли ўтмишимиз паспорти ҳисобланмиш қадимий манбалар ҳақида

НУҚТАСИЗ ЁЗИЛГАН ҚЎЛЁЗМАЛАР ёхуд шонли ўтмишимиз паспорти ҳисобланмиш қадимий манбалар ҳақида

Ҳар бир халқ ўз маданиятига эга. Уларнинг тафаккури, дунёқараши, билими ёзишмалар орқали бизгача етиб келган. Қадимий ёзма манбалар буюк тарихимизнинг кўзгусидир.

Булар орқали улуғ аждодларимиз томонидан яратилган муҳташам адабиёт, санъат, маданият, илм-маърифат обидаси ҳақида кўп маълумотларга эга бўламиз.

Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ этиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада катта воқеа бўлди. Ушбу қарор асосида Вазирлар Маҳкамасининг “Қадимий ёзма манбалар давлат реестри тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳам 2022 йил 6 сентябрь куни эълон қилинди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг устувор вазифаларидан бири қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш ҳисобланади. Давлат реестри музейлар, кутубхоналар ва архив фондлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларда сақланаётган қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тизимлаштириш ва назорат қилишга йўналтирилган. Бу қадимий ёзма манбалар 1950 йилга қадар яратилган асарларни қамраб олади, яъни улар таркибига ёзма ёдгорликлар, қўлёзмалар ва тошбосмалар киради.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги музей, кутубхона, архив фондлар ва бошқа ташкилотларда 100 мингдан зиёд қадимий ёзма манбалар сақланади. Улар ичида қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва тошбосмалар бор. Шу жумладан, 40 мингдан кўпроқ манбаларни қўлёзмалар ташкил этади.

Марказий Осиё жаҳон тамаддунининг бешикларидан биридир. Шу боис, диёримизда ўтган асрлар давомида илмнинг турли соҳаларига оид асарлар ёзилган. Қуръон, ҳадис, фиқҳ илмларини ўрганиш баробарида тил, адабиёт, тасаввуф, фалсафа, мантиқ, тарих, математика, тиббиёт, санъат, геометрия, астрономия каби фанлар ҳақида буюк даҳоларимиз томонидан яратилган илмий асарлар жаҳон тамаддунига алоҳида улуш қўшиб келмоқда. Шунинг учун ўрта асрлар ҳақида гап кетганда, бизнинг авлодимиз ғурур билан аждодлар номини эслайди. Аммо уларнинг номлари билан ғурурланиш камлик қилади, балки муносиб авлод бўлиш учун улар яратган муҳташам илмий асарларни ўқиб, уқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш керак бўлади. Масалан, Ибн Синонинг 450 дан ортиқ асари бор. Аммо ушбу олимнинг бизгача етиб келган жами асарларини ўқиб чиққан кишиларни бармоқ билан ҳам санаш қийин. Бунинг сабаби шундаки, олимнинг асарлари турли фан соҳасига тегишли ва уларни ўқиб тушуниш учун чуқур билимга эга бўлиш керак.

Халқимиз ўтмишидан хабардор бўлиш, аждодларимиз тафаккури меросидан баҳра олиш учун қадимий ёзма манбалар кўприк вазифасини ўтайди.

Улар бизни ўтган асрлар билан боғлайди. Ўша даврдан етиб келган ҳар бир манбанинг қадр-қиммати бугунги кунда ошиб бормоқда. Чунки инсон тафаккури маҳсули ҳеч қачон эскирмайди, аксинча, вақт ўтиши билан янгича жилоланади.

Қадимий ёзма манбаларни Давлат реестрига киритиш нафақат уларни йўқ бўлиб кетишдан сақланишга замин яратади, балки илмий изланувчилар учун дастлабки маълумотлар базаси сифатида ҳам хизмат қилади. Акс ҳолда, кўп асарлар қаерда сақланаётгани ҳақида маълумотга эга бўлолмаймиз.

Айни пайтда Ислом цивилизацияси маркази томонидан Давлат реестрининг 8 жилди нашрдан чиқди. Ҳар бир жилд мингта манбани қамраб олган.

Яъни 8 минг қўлёзма ҳақида асосий маълумотлар базаси шакллантирилди. Бу жилдларга киритилган барча манбалар қўлёзмалардан иборат бўлиб, асосан, араб, форс ва эски ўзбек тилларида ёзилган. Кўп манбалар настаълиқ хатида кўчирилган, бунинг баробарида насх, сулс, шикаста каби хатларда ёзилган манбалар ҳам мавжуд. Ушбу манбалар, асосан, Қуръон, ҳадис, тажвид, фиқҳ, тарих, тасаввуф, география, адабиёт, грамматика, луғат, мантиқ, фалсафа, адабиётшунослик каби йўналишларга тегишли.

Манбалар турли даврларда котиблар томонидан кўчирилган. Лекин кузатишлар қўлимиздаги манбаларнинг аксар қисми айнан XIX асрда кўчирилганини кўрсатади. Бу эса, бир томондан, ўша даврда аждодларимизнинг илмий меросини кўчириб чиқиш учун бошқа даврларга нисбатан қизи қиш ортганини билдирса, иккинчи тарафдан, бизнинг давримизга яқин бўлгани боис, нисбатан кўпроқ манбалар етиб келганини исботлайди.

Бугунги кунда қўлёзмаларни асраб-авайлашга янги усуллар татбиқ қилинаётган бўлса-да, айрим жойлардаги манбаларнинг моддий-техник базасида камчиликлар кузатилади. Ўйлаймизки, Давлат реестрига киритиш баробарида ўша манбаларни реставрация қилиш ишлари ҳам йўлга қўйилиши бундай камчиликларни босқичма-босқич бартараф этишга замин ҳозирлайди. Бу борада Ислом цивилизацияси марказида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Манбалар ичида нуқтасиз ёзилган қўлёзмалар бармоқ билан санарли бўлса ҳам, ўша даврнинг ўзига хос ёзиш услубидан далолат беради. Биз бундай манбалар орқали ўрта аср олимларининг заковати даражаси ҳамда котибларнинг хат кўчириш маҳоратидан хабардор бўлишимиз мумкин. Бу усулда кўчирилган манбаларнинг айримлари мантиқ илмига тегишли. Асл аждоди бизнинг диёримиздан чиққан Мирзо Абдулқодир Бедилнинг девони Марказий Осиёда севиб ўқиларди. Бедилнинг ижоди ҳиндий услубида ёзилгани учун уни тушуниш қийин кечади. Бундан ташқари, Бедил девонлари, асосан, шикаста хатида кўчирилган эди. Шикаста хатини ҳамма ҳам ўқий олмасди.

Буларга қўшимча тарзда Бедил девонлари шикаста хатида нуқтасиз ёзилганига гувоҳ бўламиз. Бундай матнларни ўқийдиган киши хат ўқишда ва матнларни тушунишда ўта уста бўлиши керак эди, акс ҳолда, бу каби манбаларни ўқиб тушуниш осон кечмасди. Шундай мураккаб ишларни уддалашда аруз вазнини билиш ҳам ёрдам беради. Ўқилиши қийин бўлган айрим сўзларни вазн орқали маъносини тушуниб ўқишга имкон пайдо бўларди.

Ҳаммага маълумки, ўтган асрларда бизнинг диёримизда навоийхонлик, бедилхонлик кечалари бўлиб турарди. Бундай адабий кечаларда машҳур шоирларнинг шеърлари ўқиларди, байтлари таҳлил қилинарди ва ҳар бир байтда камида иккита — зоҳирий ва ботиний маънолар юклатилгани аниқланарди. Манбалар ичида Алишер Навоий, Бедил девонлари каби асарларга кўп дуч келинишини айнан шулар билан изоҳлашимиз мумкин.

Чунки илмий мўътабар манбалар қаторида номи юқорида зикр этилган шоирларнинг девонлари бошқа асарларга нисбатан кўпроқ кузатилади.

Давлат реестрига киритиш жараёнида ҳар бир манба ҳақида, асосан, қуйидаги маълумотлар киритилади: асар номи, муаллифи, хаттот, тили, мавзуси, нашр этилган ёки кўчирилган йили, ҳолати, ўлчамлари, инвентарь рақами, шакли, сақланиш жойи, манбага оид қўшимча маълумотлар. Булардан ташқари, муқованинг ҳолати ва ранги, қоғоз, хат тури ҳақида маълумотлар киритилади.

Айрим манбалар икки ёки уч тилда ёзилган. Масалан, битта қўлёзма да Алишер Навоийнинг “Арбаин”и баробарида Абдураҳмон Жомийнинг “Чиҳил ҳадис”и ва ҳадисларнинг асл варианти қоришма тарзда келтирилганини кўришимиз мумкин. Шунинг учун битта қўлёзма манбанинг тили ҳақида маълумот берганда учта тилни ҳам кўрсатиш лозим бўлади.

Манбаларни Давлат реестрига киритиш пайтида кўпроқ қуйидаги муаммоларга дуч келинади: асар номи йўқ ёки хато берилган, муаллифи ёзилмаган, кўчирилган йили ёзилмаган ёки иккита сана мавжуд, унвон ёки колофон қисми йўқ, пойгирлар қўйилмагани боис, титилиб кетган варақларни тартибга келтириш қийин кечади, мажмуа шаклидаги манбаларнинг фақат битта асарига маълумот берилган, бошқаларига бирор ишора ҳам йўқ.

Шунингдек, айрим манбаларнинг кўчирилган жойи ва йили унвон ёки колофон қисмида эмас, балки асарнинг ўртароғида берилади. Бунинг учун асарни бошидан охиригача кўриб чиқишга тўғри келади. Яна бир ҳолат, “Гулшани роз” номи билан асосий маълумоти тақдим этилган манба, аслида, бошқа асар экани маълум бўлди. Ҳолбуки, манбанинг биринчи бетида араб ёзувида “Гулшани роз” деб ёзилган эди. Маълумот сифатида айтиш лозимки, минг байтли ушбу асар Соҳибқирон Амир Темур севиб мутолаа қилган китоблардан ҳисобланади. Асарда тасаввуфий масалалар савол-жавоб тарзида ёзилгани учун қўлма-қўл юрар экан, қўлёзмалар ичидан кўп нусхалари чиқишига ҳам шу асос бўлса керак.

Диққатни ўзига тортадиган яна бир масала бор. Айрим асарларга шарҳ ёзилган, яна бошқа олимлар томонидан ўша шарҳга ҳошиялар битилган.

Аммо манбада асосий асар муаллифига ишора қилинган, холос.

Бу эса ҳар бир асарни синчиклаб кўриб чиқиб, ишонч ҳосил қилгандан кейин Давлат реестрига киритиш кераклигини талаб қилади. Шулар ҳисобидан баъзи ҳолатларда кўп вақт кетиб қолади.

Баёз (антология)ларда кўп шоирлар номи берилган, айримларида йўқ. Давлат реестрига киритилаётган баёз манбаларнинг ўзига хос усули шундан иборатки, уларда зуллисонайн шоирлар ижоди берилган ёки икки тилда ёзилган шеърлар саралаб олинган.

Ҳар бир манба ортида муаллиф хизматидан ташқари, котиблар меҳнати туради. Ёзма манбалар айнан шундай кишилар меҳнати эвазига бизгача етиб келган. Аммо ҳар бир ишда маълум даражада камчилик бўлиши табиий ҳол. Айрим асарларни кўчириш асносида камчиликларга йўл қўйилган ҳолатлар ҳам кузатилади. Бунинг баробарида, камчилиги бор нусхаларга тузатишлар киритган кишиларнинг иши таҳсинга лойиқ.

Мажмуа (тўплам) асарларининг айримлари турли мавзуларда ёзилган рисолалардан иборат. Уларнинг бир қисми 10-20 тадан кўп асарни ўз ичига қамраб олган. Аммо уларнинг таркибидаги рисолалар номи, муаллифи, кўчирилган йилини аниқлаш осон кечмайди. Чунки айрим тўпламлардаги матнлар бўялиб кетган, бетлари йиртилган ёки моғор босган бўлади. Унинг ичидаги ҳар бир рисола турли хат ёки турли қоғозда кўчирилгани ҳам кўзга ташланади. Мажмуалар таркибидаги асарлар айрим пайтда эътибордан четда қолиб кетмоқда. Ҳолбуки, улар таркибида ноёб рисолалар жамланади.

Ҳар бир қўлёзма асар тамаддунимиз тамал тошидек хизмат қилиб келмоқда.

Бошқача қилиб айтганда, қадимий ёзма манбалар бизнинг шонли тарихимиз паспорти ҳисобланади. Шунинг учун уларни асраб-авайлаш, йўқолишдан сақлаш нафақат соҳа мутахассислари, балки бутун жамоатчиликнинг муҳим ишига айланиши лозим.

Хусрав ҲАМИДОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2024 йил 26 январь, №19(1080)

Check Also

ОКСФОРДДАГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ОИД ХАЗИНАЛАР

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британияда бўлиб ўтаётган ҳақ …