Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ”

“ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ”

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганига 32 йил тўлиши ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсоли” шиори остида “Ватан ҳимояси – муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Марказ директорининг ўринбосари Отабек Муҳаммадиев Ватанни муҳофаза қилишнинг маънавий жиҳатларига тўхталиб, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги глобаллашув шароитида унинг қуролли ҳимоядан аҳамияти кам эмаслигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, юртимиздаги байрамлар орасида 14 январда нишонланадиган Ватан ҳимоячилари кунининг ижтимоий ҳаётимизда алоҳида ўрни бор. Бахтли, фаровон ва осуда турмушимиз учун Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини, халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаётган ҳарбийларимизнинг муносиб хизматларини ҳар қанча қадрласак, эътироф этсак, арзийди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Ватан ҳимоясининг диний-маърифий асосларини келтириб, инсон онги ва қалби учун ғоявий кураш ва вайронкор фитналар авж олган бугунги кунда мафкуравий таҳдидларга қарши муносиб жавоб қайтаришга қаратилган фаолият билан машғул жамоани “Маънавият ва маърифат қўриқчилари” сифатида эътироф этди. Мазкур эътироф илмий ходимларни янада самарали меҳнат қилиб, ўзини такомиллаштириб, юксак натижаларга эришиши учун куч-ғайрат бағишлаши таъкидланди.

Иштирокчилар томонидан Ватан қадри, унинг ҳимоясида туриш шарафи бир неча ҳаётий мисоллар асосида улуғланиб, тарих ва бой маданиятимиз, буюк аждодларимиз қолдирган бебаҳо мерос асосида Она Ватанимизга содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга ёшларни тарбиялаш зарурати қайд этилди.

Тадбир жўшқин кайфият ва байрамона руҳда ўтди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …