Home / МАҚОЛАЛАР / Юртимизда ислом динининг ўрни ва унга берилаётган эътибор

Юртимизда ислом динининг ўрни ва унга берилаётган эътибор

Азалдан бизнинг буюк аждодларимиз ислом дунёсининг тамаддуни тараққиётига исломий маданият ноёб меросга мислсиз ҳиссаларини қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Хоразимий, Имом Мотуридий ва бошқалар ислом дини кенг тарғиб этишда буюк ишларни амалга оширишган. Бугунги кунда ушбу алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва татбиқ этиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Шуни таъкидлаш жоизки, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида динимиз равнақи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк азиз-авлиёлар, алломалар хотирасига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари, илмий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев уларнинг қошида ислом динининг алоҳида йўналишлари бўйича илм олишга, мутахассис бўлишга тайёрлаб борадиган илмий мактаблар ташкил этишни таклиф қилди.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда мусулмонлар учун 2000 дан ортиқ масжид 2,244 та диний ташкилотлар ва 10 та ўқув юртлари расман фаолият кўрсатиб келмоқда. Дарҳақиқат, мамлакатимизда муқаддас динимизни, уламолари-мизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, пойтахтимизда барпо қилинаётган Ислом цивилизацияси марказида академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур марказни буюк мутафаккир ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш кўзда тутилган. Мамлакатимизда мавжуд масжидларни реконструкция қилиш, илмий-бадиий китобларни асраш уларни янги нашрларда чоп этиш аҳамиятга моликдир.

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш йўлида ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, янги мадрасаларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан: Тошкентда “Имом Термизий”, “Сузук ота” масжидлари бунёд этилди. Қорақалпоғистон Республикасида “Имом Эшон Муҳаммад”, Хоразмда “Охун бобо”, Сурхондарёда “Имом Термизий зиёратгоҳи”, Қашқадарёдаги “Абу Муъин Насафий мажмуаси”, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси”, Термиз шаҳрида “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази”, Самарқандда “Ҳадис” илми мактаби ташкил этилди. Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий марказида ақида илмий мактаби кабилар ташкил топгани юртимиз равнақига улкан ҳисса қўшишини таъкидлаб ўтди ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади. Президентимиз Тошкент шаҳрида ўтказилган ижтимоий барқарорликни таъминлаш муқаддас динимизнинг софлигини сақлаш давр талаби мақсадидаги анжуманда диний соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида: “Биз динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”[1] деган сўзларидан келиб чиқиб, диний соҳа вакиллари олдида турган вазифалар аҳоли, айниқса. ёшлар орасида динимизнинг асл моҳиятини кенг тарғиб этиш, экстремизм ва терроризмга қарши муросасиз курашиш, юртимизга четдан турли ёт ғоялар кириб келишини олдини олиш, борасидаги ишлар кўлами ва сифатини ошириш, аҳамиятга моликдир. Барчага маълумки, мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилиши, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларини бекаму кўст адо этиши учун барча шароитлар яратилган.

ШОДИЕВА Моҳира
Имом Бухорий ҳалқаро илмий тадқиқот маркази
қўлёзмалар билан ишлаш бўлими кичик илмий ходими
[1] https://sputniknews-uz.com/society/20170616/5629552.html
https://kun.uz/04728204
https://sputniknews-uz.com/society/20170616/5629552.html

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …