Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТАҚДИРЛАНГАНЛАРГА МУКОФОТЛАР ТОПШИРИЛДИ

ТАҚДИРЛАНГАНЛАРГА МУКОФОТЛАР ТОПШИРИЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилоятида диний соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимизга “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари, Марказ жамоаси ва Ҳадис илми мактаби талабалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Баҳодир Қодиров халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқиб, миллий қадриятларимиз тикланаётгани, айниқса, сўнгги йилларда барча соҳалар қатори эътиқод эркинлигини таъминлаш ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Айниқса, 2023 йил самарали ғоят бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 сентябрдаги “Диний бағрикенглик” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори юртимиздаги диний-маърифий соҳа вакиллари самарали меҳнатининг эътирофидир, – деди Б.Қодиров.

Қарорга кўра, ушбу кўкрак нишони билан эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва маънавий муҳит барқарорлигини сақлашдаги ибратли ишлари учун етук уламолар, атоқли арбоблар, диний соҳа раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий олимлар тақдирланиши белгиланган. Вилоятнинг 5 вакили ана шундай эътирофга муносиб топилди. Қувонарлиси шундаки, улар орасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи Тоҳир Эвадуллаев ҳам бор.

Тақдирланганларга мукофот вилоят ҳокими ўринбосари томонидан тантанали тарзда топширилди.

Нишон совриндорлари мамлакатимизда диний-маърифий соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қилинаётган меҳнатнинг бундай юксак эътирофи алоҳида масъулият юклаб, фаолликни янада оширишга ундашини, янги илмий ютуқларга илҳомлантиришини қайд этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …