Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ХОРАЗМДАГИ ТАДБИРЛАР ЯКУНЛАНДИ

ХОРАЗМДАГИ ТАДБИРЛАР ЯКУНЛАНДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Урганч шаҳрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Фахриддин Розий ўрта махсус ислом билим юртида “Имом Бухорий мероси – ёт ғояларга қарши” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Марказ ходимлари талабалар билан экстремизм ва терроризмнинг ҳозир энг хавфли ва оқибатларини башорат қилиб бўлмайдиган ҳодисалар эканидан келиб чиқиб, уларнинг олдини олиш учун ватанпарварлик, анъанавий қадриятлар ва бағрикенглик ғояларини кенгроқ тарғиб қилишнинг долзарб аҳамияти юзасидан мулоқот қилди.

Тадбирда барчани огоҳ этиш, соф ислом динини асраб, уни ғаразли хуружлардан ҳимоя қилиш ва униб-ўсиб келаётган ёш авлодга ҳақиқий ақидани ўргатиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Тарғиботчилар Марказда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, эришилаётган натижалар ва қўлга киритилаётган ютуқлар, нашр қилинаётган адабиётлар хусусида ҳам атрофлича маълумот бериб ўтди.

Шу билан Марказ илмий ходимларининг Хоразм вилоятидаги тарғибот миссияси ниҳоясига етди. Ҳафта давомида вилоятнинг ўнга яқин шаҳар-туманидаги 30 дан ортиқ маҳалла аҳли билан, шунингдек, 6 олий таълим даргоҳи ва ўрта-махсус ислом билим юртида талаба-ёшлар иштирокида ташкил этилган қирққа яқин тадбирда маҳаллий аҳоли вакилларидан 2500 дан зиёди қамраб олинди.

Чунончи, тарғиботчилар маҳаллалардаги учрашувлар доирасида айрим хонадонларга ҳам кириб, турли қатлам вакиллари билан мулоқот қилди.

 

Асосий эътибор маҳалла аҳли ва ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган тадбирларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг эҳтиёжлари, талаб ва истаклари, таклиф ва ташаббуслари ҳам ўрганилди.

Марказнинг юртимиз бўйлаб тарғибот тадбирлари давом этади.

Имом Бухорий халқаро илмийтадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тавсиялар амалиётда қўлланади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг …