Home / МАҚОЛАЛАР / “ЛУБОБУЛ ҲАДИС” НИНГ МАРКАЗ ФОНДИДАГИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

“ЛУБОБУЛ ҲАДИС” НИНГ МАРКАЗ ФОНДИДАГИ ҚЎЛЁЗМА НУСХАЛАРИ

Тарихдан маълумки, XIV-XVI асрларда ислом оламида илм-фан ва маданият юксак даражада ривожланган. Шу боис бу асрлар ислом маданиятининг олтин даври – Иккинчи ренессанси деб эътироф этилган. Айнан ўша пайтлар давлат юритишдаги сиёсат тубдан ўзгариши билан бирга, илм-фаннинг турли соҳаларида юксак чўққилар забт этилган. Айниқса, тилшунослик, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тарих, адабиёт, шеърият, хаттотлик, меъморлик каби соҳаларга қизиқиш кучайган. Натижада Шамсиддин Заҳабий, Муҳаммад Жазарий, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Шарафуддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари юзлаб серқирра истеъдод соҳиблари етишиб чиққан.

Алломаларнинг бу шонли рўйхатида машҳур муҳаддис ва мўътабар инсон Ҳофиз Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий алоҳида ўрин тутади. Халқ орасида Жалолиддин Суютий номи билан машҳур бўлган. 849/1445 йили Қоҳирада таваллуд топган ва 911/1505 йили шу ерда вафот этган.

Аллома ҳадис, тафсир, тилшунослик, тарих, адабиёт, фиқҳ каби кўплаб соҳаларга оид асарлар тасниф қилган. Ўз юртида бир неча нуфузли лавозимларда фаолият кўрсатган. 40 ёшга етганида ҳамма мансаблардан воз кечиб, қолган умрини ижодга бағишлаган. Манбаларда 600 га яқин китоб ва рисола ёзганлиги қайд этилган[1]. Мисрлик машҳур профессор Аҳмад Шарқовий “Жалол Суютий кутубхонаси” китобида алломанинг асарлари сони 725 га етганини қайд этган[2]. Улар орасида “Лубобул ҳадис” (Сара ҳадислар) асари алоҳида ажралиб туради. У 40 бобдан ташкил топган бўлиб, ҳар бирида 10 тадан жами 400 та одоб-ахлоққа оид ҳадисни ўз ичига олган[3]. Ундаги ҳадислар маъно жиҳатидан бир-бирини тўлдириб келади. Мазкур асар бир неча тилларга таржима қилинган, жумладан, 2018 йили Олимхон Юсупов томонидан ўзбек тилига ўгирилди. У имом-хатиблар, маънавият-маърифат тарғиботчилари ва умуман кенг жамоатчиликка мўлжалланган.

Асарнинг 4 қўлёзма нусхаси Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қўлёзмалар фондида инв. №217/III, №283/I, №428/III ва №495/VII рақамлар билан сақланмоқда.

Қуйида уларнинг кодикологик таҳлилини келтирамиз.

  • 283/I рақамда сақланаётган қўлёзма 824/1421 йили настаълиқ хатида Муҳаммадамин ибн Шайх Абулҳасан ибн Шайх Абу Язид томонидан кўчирилган[4]. Ҳажми 21 варақ. 40 бобдан иборат. Ҳар саҳифа 15 сатрдан. Асар 1б-варақдан басмала билан бошланиб, қуйидагича давом этган:

الحمد لله رب العالمين و الصلاة على رسوله محمد وعلى آله اجمعين و بعد فان اضعف عباد الله … و ضعت اربعين بابا فى كل باب عشرة احادث و سميته كتاب اللباب و الله الموقف على الاتمامه….

Маъноси: Аллоҳ таолога ҳаду сано ва Пайғамбар алайҳиссаломга саловат ва салом … 40 боб тузиб, ҳар бирига 10 тадан ҳадис киритдим. Китобни “Лубоб” деб номладим. Уни Аллоҳнинг инояти билан ниҳоясига етказдим[5].

Матн қора сиёҳда, шарқ қоғозига кўчирилган. Ўлчами – 13´10 см. Айрим варақларда шарҳли ҳошиялар бор. Баъзи варақлари намдан зарарланган. 1-, 7а-, 21а-варақларда муҳрлар мавжуд бўлиб, бўялиб кетгани учун ўқиб бўлмади.

Асар 21а-варақда Анас розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси қудсий билан тугаган:

… قال الله تعالى اذا وجهت الى عبد من مصيبة فى بدنه او ماله او ولده فاصتقبل ذلك بصبر جميل استحيت منه يوم القيامة ان انصب له ميزانا و انشرله ديوانا و الله اعلم بالصواب[6] .

Маъноси: Аллоҳ таоло: “Қачон бандаларимдан бирининг баданига ёки фарзандига ёки мол-мулкига мусибат берсам ва у бандам ўша мусибатни чиройли сабр билан қабул қилса, қиёмат кунида унинг учун тарози қўймоқдан ёки унинг (амаллар) китобини эълон қилишдан ҳаё қиламан”, деди”[7].

21а-варақдаги колофонда кўчирилган йили, ойи ва куни қайд этилган.

قد وقع الفراغ عن كتبه هذا الكتاب بعون ملك الوهاب على يد عبد الضعيف المحلف الراجى رحمه ربه اللطيف محمد امين بن شيخ ابو الحسن بن شيخ ابو يزيد … يوم الجمعة وقت للاسراف فى … شهر مرجب سنة اربع و عشرين و ثمانمأته

Курросалари 8 варақдан иборат бўлиб, ўлчами – 17´12,5 см.ни ташкил этади. Пойгири бор. Муқоваси ва таякиси малларанг чармдан, лола ва турунж босма нақшли.

  • №428/III рақамли қўлёзма 994/1586 йили насх хатида шарқ қоғозига кўчирилган[8]. Ҳажми 16 варақ. 40 та бобни ўз ичига олган. Саҳифалари 17 сатрдан. 171б-варақдан басмала билан бошланиб, қуйидаги муқаддима билан давом этган:

الحمد لله رب العالمين و الصلاة على رسوله محمد وعلى آله اجمعين و بعد فان اضعف عباد الله … و ضعت اربعين بابا فى كل باب عشرة احادث و سميته كتاب اللباب و الله الموقف على الاتمام هذا الكتاب …[9].

Маъноси: Аллоҳ таолога ҳамду сано ва Пайғамбар алайҳиссаломга саловат ва салом … 40 боб тузиб, ҳар бирига 10 тадан ҳадис киритдим. Китобни “Лубоб” деб номладим. Уни Аллоҳнинг инояти билан ниҳоясига етказдим[10].

Асар матни қора, боб ва ҳадисларнинг тартиб рақамлари қизил сиёҳда ёзилган. Ўлчами – 19´11 см. Асар ҳошия, матн остида изоҳ ва шарҳлар билан бойитилган бўлиб, ноёб нусха ҳисобланади.

Китоб 186а-варақда қуйидаги ҳадиси қудсий билан тугаган:

… قال الله تعالى اذا وجهت الى عبد من مصيبة فى بدنه او ماله او ولده فاصتقبل ذلك بصبر جميل استحيت منه يوم القيامة ان انصب له ميزانا و انشرله ديوانا و الله اعلم بالصواب[11] .

Маъноси: Аллоҳ таоло: “Қачон бандаларимдан бирининг баданига ёки фарзандига ёки мол-мулкига мусибат берсам ва у бандам ўша мусибатни чиройли сабр билан қабул қилса, қиёмат кунида унинг учун тарози қўймоқдан ёки унинг (амаллар) китобини эълон қилишдан ҳаё қиламан”, деди[12].

Асар колофони 186а-варақда бўлиб, унда асарнинг кўчирилган йили ва куни қуйидагича қайд этилган:

 تمت الكتاب شد بتوفيق الهى لا ينام اين كتابت شد روز جهارشنبه تمام سنة ٩٩٤[13].

  • №217/III рақам билан сақланаётган қўлёзманинг ҳажми 10 варақ. 31б– варақда басмала билан бошланиб, 33 та бобни ўз ичига олган. Унда “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Бисмиллоҳ” калималари ва намоз, имон, таҳорат каби амалларнинг фазилатлари, шунингдек, ислом динида ҳаром қилинган зино ва хамр ичиш каби гуноҳларнинг зарарлари ҳақидаги ҳадислар бобларга ажратилган ҳолда келтирилган. Нусха настаълиқ хатида кўчирилган. Ҳар бир саҳифаси 21 сатрдан. Матни қора сиёҳда, боб ва фасл номлари эса қизил сиёҳда шарқ қоғозига кўчирилган. Ўлчами – 18´8,5 см. Ҳошиясида шарҳли ҳошиялар бор. Баъзи варақлари намликдан зарарланган. Курросалари 8 варақдан иборат бўлиб, ўлчами – 25,5´15 см. Пойгири бор. Муқоваси малларанг, лола ва турунж босма нақшли бўлиб, таякиси чармдан. Асарнинг сўнгги қисми 40а-варақда.

№495/VII рақамли қўлёзманинг ҳажми 27 варақ. 175б-варақда басмала билан бошланган. 40 бобдан иборат. Унда уламоларнинг илми, Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш, мисвок ишлатиш, жума ва жамоат намозларининг фазилатлари ҳақидаги ҳадислар бобларга ажратилган ҳолда келтирилган.

Нусха настаълиқ хатида кўчирилган. Саҳифалари 13 сатрдан. Матн қора, боб ва ҳадисларнинг рақамлари қизил сиёҳда шарқ қоғозига кўчирилган. Ўлчами – 21´10 см. Ҳошиясида шарҳ ва тўлдирмалар бор. Курросалари 8 варақдан иборат бўлиб, ўлчами – 26,5´15 см.ни ташкил этади. Муқоваси яшил, лола ва турунж босма нақшли бўлиб, таякиси чармдан. Асар 201а-варақда тугайди.

Мазкур нусхалар турли даврларда, ҳар хил хаттотлар томонидан кўчирилгани боис хати, муқоваси ва ҳажми жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.

Хулоса қилиб айтганда, Жалолиддин Суютийнинг одоб-ахлоқ ва тарбиявий масалалар бўйича муҳим манба ҳисобланган “Лубобул ҳадис” асари ёшларни имон, эътиқодли, одоб-ахлоқли, тарбияли қилиб ватанпарварлик руҳида вояга етказишда улкан аҳамият касб этади. Мазкур нусхалар эса асарни таҳқиқ, тадқиқ ва таҳлил этишда тадқиқотчилар учун бой хазина бўлиб қолаверади.

[1] Қаранг: Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. Таржимон ва шарҳлар муаллифи: Олимхон Юсупов. Ғафур Ғулом. –Т:. 2019. –Б. 10.
[2] https://islom.uz
[3] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. Таржимон ва шарҳлар муаллифи: Олимхон Юсупов. Ғафур Ғулом. –Т:. 2019. –Б. 5.
[4] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №283/I. 21а-варақ.
[5] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №283/I. 1б-варақ.
[6] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №283/I. 21а-варақ.
[7] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. Таржимон ва шарҳлар муаллифи: Олимхон Юсупов. Ғафур Ғулом. –Т:. 2019. –Б. 224.
[8] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №428/III. 186а-варақ.
[9] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №428/ III. 171б-варақ.
[10] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №428/ III. 171б-варақ.
[11] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №428/ III. 186а-варақ.
[12] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. Таржимон ва шарҳлар муаллифи: Олимхон Юсупов. Ғафур Ғулом. –Т:. 2019. –Б. 224.
[13] Жалолиддин Суютий. Лубобул ҳадис. ИБХИТМ манбалар хазинаси. №428/ III. 186а-варақ.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Ихтиёр ҚУШШАҚОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …