Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ГЛОБАЛЛАШУВ ШАРОИТИДА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ЎРНИ

ГЛОБАЛЛАШУВ ШАРОИТИДА ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИНИНГ ЎРНИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Малайзия Бош вазири ҳузуридаги Динлараро тотувлик қўмитаси аъзоси, Малайзия исломни англаш институти (IKIM) раиси, профессор Муҳаммад Нур Манути раҳбарлигидаги илмий делегация ташриф буюрди.

Меҳмонлар Марказ музейи ва кутубхонаси фаолияти, жамоа эришган илмий муваффақиятлар билан яқиндан танишди. Делегация аъзолари ходимларнинг юқори илмий салоҳияти, нашр этилаётган адабиётларнинг юксак маърифий қийматини алоҳида эътироф этди.

Ташриф доирасида Марказ, Институт ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакиллиги ҳамкорлигида “Ислом цивилизация ташаббусларининг тикланиши” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Дастлаб Марказ директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдов ўтган давр мобайнида илмий муассасалар томонидан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар, ўтказилган тадбирлар хусусида маълумот берди.

Муҳаммад Нур Манути самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ва ёрқин самарасини алоҳида эътироф этди. Нотиқ, шунингдек, тадбир мавзусининг аҳамиятли жиҳатларига эътибор қаратиб, бугунги глобаллашув шароитида ислом цивилизациясининг таркиб топишига муносиб ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик алломалар маънавий меросини ўрганиш янада долзарблашаётганига урғу берди.

Давра суҳбатида Марказий Осиё уламоларининг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси ва глобаллашув шароитида ислом цивилизациясининг ташаббуслари йўналишларида туркум маърузалар тингланди. Иштирокчилар Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожланишида бу улуғ заминдан етишиб чиққан муҳаддис олимларнинг ўрни, Алоуддин Усмандийнинг мотуридийлик калом мактаби ривожига қўшган ҳиссаси билан бирга, Малайзия Федерал конституциясида исломнинг мавқеи, исломда илмнинг юксак мақоми, экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш бўйича Малайзия тажрибасини кенг муҳокама қилди.

Диннинг асл моҳиятини тўлиқ англаш, динлараро толерантликни янада кучайтириш, исломнинг инсонпарварлик ва тинчлик каби қадриятларини кенг тарғиб қилишда Мовароуннаҳрда яшаб ижод этган мутафаккирлар илмий меросига таяниб иш кўриш, шунингдек, миллатлараро тотувликни таъминлаш иши умумбашарий миқёс касб этиши лозимлиги қатнашчилар томонидан якдил тарзда қайд қилинди.

Қизғин мунозаралар давомида диний бағрикенглик тамойилларини ҳаётга кенгроқ татбиқ этиш, алломалар асарларидаги эзгу ғоялар тарғиботини жадаллаштириш, эътиқод ва виждон эркинлигини таъминлаш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Ташриф якунида Муҳаммад Нур Манути Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тавсиялар амалиётда қўлланади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг …