Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ИЖТИМОИЙ ФАНЛАР ТАРАҚҚИЁТИДА ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИНГ ЎРНИ БЎЛАК

ИЖТИМОИЙ ФАНЛАР ТАРАҚҚИЁТИДА ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИНГ ЎРНИ БЎЛАК

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ёш олимлар кенгаши ҳамкорлигида мамлакатимиз бўйлаб мазкур академиянинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган Ёш олимларнинг инновацион инсайтлари ҳафталиги доирасида “Замонавий фан ва технологиялар тараққиётининг ижтимоий фанлар ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди. Унда юртимиз ҳамда Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжондан ёш олимлар иштирок этди.

Онлайн ва офлайн тарзда ўтказилган анжуманда тарих ва тилшуносликда катта маълумотлар билан ишлашда рақамлаштиришнинг афзалликлари, қадимги Шарқ қўлёзмаларини ўрганишда ва рақамли музейлар ишини ташкил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш, зиёрат туризми тараққиётида VR-технологияларни (Virtual Realitу) кенг қўллаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Конференция қатнашчилари кейинги пайтларда кенг оммалашаётган ва технологик ривожланишнинг асоси деб қаралаётган сунъий интеллектнинг имкониятлари, ютуқ ва камчиликларини санаб ўтиб, фалсафий нуқтаи назардан унинг илм-фан ривожида замонавий парадигманинг ажралмас қисми сифатидаги муҳим ўрнини эътироф этди.

Иштирокчилар ижтимоий тармоқларда кўп маданиятли бағрикенглик муносабатларини ривожлантириш масаласига ҳам тўхталди. Электрон саҳифаларда эзгулик ва раҳмдиллик анъаналарини кенг тарғиб қилиш, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат туйғуларига йўғрилган постлар оммалашувини таъминлаш, фидойилик ва садоқат, ҳалоллик ва покликка ундовчи, мустақил фикрлаш ва соғлом турмуш тарзига ўргатувчи контентни кўпайтириш ижтимоий зарурат экани алоҳида қайд этилди.

Конференция конструктив муҳитда, ишчан ва амалий руҳда ўтди.

Иштирокчилар Марказ музейи ва кутубхона фаолияти билан танишди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тавсиялар амалиётда қўлланади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг …