Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МАРКАЗ ОЛИМИ НУФУЗЛИ КОНГРЕССДА МАЪРУЗА ҚИЛДИ

МАРКАЗ ОЛИМИ НУФУЗЛИ КОНГРЕССДА МАЪРУЗА ҚИЛДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Меҳрожиддин Амонов Туркия Республикасининг 100 йиллиги муносабати билан турк дунёсининг умумий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилган II Халқаро турк конгрессида “Тасаввуфга оид туркча қўлёзмалар” мавзусидаги онлайн маъруза билан иштирок этди.

Ислом фанлари сессиясида қилинган маърузада тадқиқотчи XV-XIX асрларда Зарафшон воҳасида кенг тарқалган тасаввуф таълимотларига оид нодир ёзма манбалар, жумладан, қўлёзма асарлар, вақф, иршоднома, насабнома каби тарихий ҳужжатлар, меъморий ва эпиграфик ёдгорликлардан олинган маълумотларни таҳлил қилиб, уларнинг тариқатга тегишли жиҳатларига тўхталди. Бу даврдаги тасаввуф таълимотлари тарихига доир ёзма манбалар асосан араб ва форс тилларида битилган бўлса-да, маърузачи туркий тилда ёзилганларини бирма-бир санаб кўрсатди ва аҳамиятли томонларини очиб берди.

Маъруза тасаввуф таълимоти муршидларининг тарихини ўрганиш, ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, аждодларимизнинг юксак маънавий ва маданий қийматга эга анъанавий диний тасаввурлари ва эътиқодий қарашларини илмий таҳлил қилиш имкониятини тақдим этди.

Олим конгресс иштирокчиларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тавсиялар амалиётда қўлланади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг …