Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Ўн бешинчи дарс. Мурувватлик, хушхулқлик ва олижаноблик.

Эй ўғлим! Муруввати кам, ҳиммати ва қадри паст, оиласи ва қариндошлари орасида ҳурматсиз, таҳқирланса бўйин эгадиган, камситилса ўзини ҳимоя қилиш ўрнига қўрқоқлик қиладиган кишида яхшилик йўқ. Бундай инсонлар диний илмлар толиби номи билан шарафланишга муносиб эмас ва шариат илмларини ололмайдилар.

Эй ўғлим! Мурувватингни сақла. Бундан бошқасида ўзингни уринтирма. Ақли пастларга аралашишдан ва разил кимсалар билан муносабатда бўлишдан эҳтиёт бўл. Пасткашлардан ўзингни йироқ тут. Қорнинг ва нафси ҳавойинг қули бўлма.

Эй ўғлим! Мол-дунёси оз бўлиш одамларнинг айби ҳисобланмайди. Инсоннинг мурувватсизлиги унинг нуқсонидир, бойлигининг камлиги эмас. Зеро, киши яхши ишлари туфайли мақталади, молининг кўплиги билан эмас.

Мурувватнинг яна бир кўриниши ризқингдан қаноатланиб, хорланиб сўрашдан сақланишингдир. Қаддингни тик тутиб юришга кифоя қиладиган насибанг сенга етарли. Ўтиб кетадиган лаззатларни деб бировнинг миннатини кўтарма.

Мурувватнинг яна бир кўриниши муҳтож дўстларингга ҳурмат ва меҳр назари билан боқишингдир.

Мурувватнинг яна бир кўриниши бирорта дўстингга моддий тарафлама ёрдам бергудек бўлсанг, бу эҳсонингни уни хўрлаш ва таҳқирлашга дастак қилма.

Эй ўғлим! Ўч олишга қодир бўла туриб сенга зулм қилганни кечиришинг, ёмонлик қилганга яхшилик кўрсатишинг жасурликдир. Ўзингни зарарингга бўлса ҳам ҳақни гапиришинг, фойдангни деб дўстингга зарар етказмаслигинг жасурликдир. Гарчи ўта муҳтож ва фақир бўлсанг-да, ҳурматингни сақламоғинг мардликдир.

Эй ўғлим! Ким ўзини яхши кўрмаса, мол-давлат ва бошқа нарсадан ҳам манфаат топа олмайди. Инсон ўзи азиз бўлиши, мол-давлат билан азизликка эришишидан афзал. Инсоннинг азизлиги инсонлар кўз ўнгида, гарчи фақир бўлса ҳам чиройли кўриниб юришидир. Инсоннинг олийжаноблиги, унинг учун қанчалик юқори мартабада турса ҳам бировга дардини ошкора қилмаслиги. Олийжанобликнинг яна бир кўриниши, ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларига мардонавор сабр қилмоғинг, ҳожатингни Хожангдан ўзгага арз қилмаслигинг.

Эй ўғлим! Олийжаноб, мурувватли, хушмуомала бўлиш ўзингга ҳам бирорта дўстингга ҳам ва бошқа ватандошларингга ҳам адолатсизлик, зулм ва таҳқирлашни истамаслигингдир. Киндик қонинг тўкилган, ҳавосидан нафас олган ватанингга нисбатан ҳам ёмонликни истама. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўмин учун бир-бирини ушлаб турадиган девордек”[1], дедилар.  Жамият аъзолари гўё бир тана экан, улардан бирига нисбатан содир қилинган инсофсизлик ва зулм жамиятнинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиши муқаррар. Шу боис динимизда мурувватли бўлиш инсоний алоқаларни муҳофаза қилишнинг асосий воситаси қилиб белгиланган. Агар олийжаноблик, инсоф ва адолатни, ҳалоллик ва хушмуомалани ўзимизга мезон қилсак, дунёю охират яхшиликларига эга бўламиз, шунда жамият аъзолари янада жипслашади, ватан гуллаб яшнайди. Аллоҳ таоло барчамизни олийжаноблик, хушмуомалалик ва мурувватлилик сифатлари билан безасин.

[1] Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …