Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / МУЛОҚОТЛАРНИ КЎПАЙТИРИШ ВА ЯНГИ САМАРАЛИ ЛОЙИҲАЛАР ИШЛАБ ЧИҚИШ ЗАРУР

МУЛОҚОТЛАРНИ КЎПАЙТИРИШ ВА ЯНГИ САМАРАЛИ ЛОЙИҲАЛАР ИШЛАБ ЧИҚИШ ЗАРУР

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва АҚШ Тинчлик институти ҳамкорлигида “Марказий Осиёда миллатлараро диний бағрикенглик тамойилларини ёйишда АҚШ Тинчлик институтининг тажрибаси” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, АҚШ ва юртимиздаги олий таълим ва илмий муассасалар тадқиқотчилари, олимлар иштирок этди.

Семинарда АҚШ Тинчлик институтининг Афғонистон ва Марказий Осиё бўйича лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Бармак Пажвакнинг мавзу юзасидан маърузаси тингланди.

Маърузачи С5+1 дастури доирасида олиб борилаётган ишлар, Ироқ ва Сурияда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун Тинчлик институти томонидан кўрсатилган амалий ёрдамларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, бу борада Ўзбекистоннинг фуқароларни мамлакатга қайтариш бўйича амалга оширган амалий ҳаракатларини ижобий тилга олиб, мазкур ишларни институтнинг Ўзбекистон билан бирга амалга ошираётган муваффақиятли дастурларидан бири сифатида эътироф этди.

Бармак Пажвак сўнгги йилларда интернет тармоғи орқали тарқалиб бораётган радикализм ғоялари ва унга қарши олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.

Жумладан, мазкур йўналишда алоҳида дастур асосида маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиш юзасидан семинарлар ташкил қилингани, бунда, тарқатилаётган радикал ғояларга қарши туриш бўйича ижро органлари ва диний соҳа вакиллари ҳамкорлигида экстремизм ва терроризмга қарши курашиш усуллари ҳақида тушунчалар берилгани ҳақида маълумот берди. Бу ўринда олим иккала соҳа вакиллари ўртасида мавзулар юзасидан мулоқотларни кўпайтириш ҳамда бу борада самарали янги лойиҳалар ишлаб чиқиш заруратини алоҳида таъкидлади.

Семинарда Марказнинг ислом дини ва унга оид билимларни тарғиб қилишда Тинчлик институти билан ҳамкорликда ўтказилаётган тренинглар нафақат маҳаллий даражада, балки халқаро даражада ҳам ўзининг ижобий самарасини бериши таъкидланди.

Маърузачи мавзу юзасидан саволларга тегишли жавобларни берди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …