Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ

ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ

“Илм – саодат калити, илмсизлик – жаҳолатдир”, дейди донолар. Дарҳақиқат, илм инсонни камолотга, саодатга етаклайди. Динларнинг устуни бўлган исломда  ҳам бу нарса ўз аксини топган.Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк бор:

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ

“Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан![1] оятини нозил қилди. Бунинг орқасидан ҳар бир мўмин-мусулмонга илм ўрганиш вазифасини юклади. Бу илм шуки, у шариат аҳкомлари, ҳалол-ҳаром ва одоб-ахлоқ, табобат, саноат, зироат, тижорат, фалакиёт каби барча диний ва дунёвий илмларни қамраб олади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини илмга ушбу тарзда рағбатлантирган: “Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида эса сўзлайверинг, танглик йўқ. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин” ( Имом Бухорий ривояти).

Демак, Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва шу каби шариат илмларини ўргатиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларидир. Бани Исроилдан келган ривоятларни ибрат ва насиҳат учун одамларга гапириб беришда монелик йўқ. Фақат бу ривоятлар Қуръони карим таълимотига мос келсин. Тўқима ривоятларни гапириб, гуноҳкор бўлишдан сақланиш керак. Илм омонат бўлса, ёлғон тўқиш хиёнатдир. Шунинг учун илм ёлғон аралашмаган, ишончли бўлиши шарт. Шунда одамлар орасида ёлғон юрмайди ва ақллар адашмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Демак, жаннатга киришнинг бир йўли одамларга фойдаси тегадиган илмни эгаллашдир. Чунки илмли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади. Қоронғиликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож бўлади. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Зеро, илм ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан ва тўғрини бузуқдан ажратиб беради.

Ким бир инсонни яхшиликка ва ҳақиқатга йўллаб қўйса ёки  илм ўргатса, у қилган ишнинг савоби устозига (ўргатувчига) ҳам камайтирилмасдан берилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир кишини ҳидоятга чорласа, ундаги солиҳ амалларнинг савоби камайтирилмасдан унга ҳам берилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Илмнинг фойдаси тўхтаб қолмайди. Ҳатто инсон вафот этгандан кейин ҳам  савоби бориб туради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки одам боласи ўлса, амали тўхтайди. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Ихлосманд олим ҳаёти давомида Аллоҳ таолога итоат қилиш либосини кийиб олади. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким илм талабида йўлга чиқса, токи қайтиб кeлгунича Аллоҳ йўлидадир, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Зеро, олим динни тирилтириш, ҳимоя қилиш ва умматнинг келажаги учун жон-жаҳди билан тиришади. Ким илм талабида сафар қилиб вафот этса, шаҳидлар қаторида бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривояти).

Илм ибодатларнинг афзалидир. Уламолар қадрланган замон ва маконда доимо яхшиликлар бўлади. Чунки улар пайғамбарларнинг меросхўри, илм-маърифатни халққа етказиш вазифасини зиммасига олган инсонлардир. Улар илм орқасидан мол-дунё, шуҳрат ва мартабани қасд қилмайди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азиз қилган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмнинг қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида унга қанотларини ёзади. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаган. Улар илмни мерос қолдирган, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди” (Имом Абу Довуд ривояти).

Олимнинг вазифаси ўз илмини кейинги авлодга қолдиришдир. Ким илмни беркитса,  одамларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида азоб билан азобланади.   

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир илмдан сўралса-ю, у ўшани яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа ҳадисда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб ўрганиладиган илмни мол-дунёга етишиш мақсадида ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди” (Имом Абу Довуд ривояти).

Олимлари бўлмаган жамият ҳалокатга юз тутади. Чунки бу жамиятда одамлар билмаган нарсасини жоҳиллардан сўрайди. Улар нотўғри фатво бериб, адаштиради. Демак, холис ниятли олимларнинг борлиги одамларнинг адашмаслиги гаровидир.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан суғуриб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашади ва адаштиради”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Жаҳолат бу – зулм ва хавф-хатар. Ундан қутулишнинг ягона йўли  илм олишдир. Инсонга дунёда ҳам, охиратда ҳам илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўпроқ зарар берувчи нарса ҳам йўқ. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Инсон илм орқали дунё ва охиратини обод қилади.

[1] Алақ сураси, 1-оят.
Отабек БАҲРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …